Маҳрумлар (4)

0

Эй маҳрум! Бахт-саодат ва хотиржамликни бошингдан ёғдирадиган хазина калити бўлган алоқани, яъни Аллоҳ таоло билан ўзингнинг ўртангдаги боғлиқликни узган кун нақадар нотовон бўлдинг. Аллоҳ учун бўйин эгиш, пешонани саждага қўйиш эзилган, парчаланган қалб учун йўл озуқаси, руҳ мадади ва қалб нуридир. Таҳорат, хушуъ ва хузуъ билан ўқилган икки ракат намоз ғам-ташвиш ва таназзулга юз тутишни қайтаришга кафилдир. Аллоҳ каломида келган ушбу хабарлар мўминларнинг бахт-саодатлари сабабларидандир: “Улар Қуръоннинг панд-насиҳатларидан таъсирланиб, йиғлаган ҳолда юзлари билан саждага йиқиладилар. Қуръонни ва унинг ўгитларини тинглаш уларни Аллоҳнинг амрига ва буюк қудратига бўйсунишларини яна ҳам зиёда қилади” (Исро сураси, 109),

Ўзининг куфри билан ҳузурланиб яшаётган бу кофир яхшими ёки Раббига тоат – ибодат қилувчи, тунларини қиёмда, саждада ўтказаётган, охират азобидан қўрқадиган, Раббининг Раҳматидан умидвор бўладиган киши яхшими? Эй Пайғамбар, айтинг,  Раббиларини ва ўз Ҳақ динларини биладиган кишилар билан ҳеч нарсани билмайдиган кимсалар тенг бўладими?” (Зумар сураси, 9).

Ҳаёти дунёдаги энг гўзал ва энг бахтли лаҳзалар, банда ўзининг Хожаси Аллоҳ таолога сажда қилиб, Унга дуо-илтижолар билан, Ундан қўрқиб қиём ва саждаларда йиғлаб турган лаҳзалардир. Ана шу дамда қалб мунаввар, юз нурли бўлади: “Аллоҳга тоат-ибодатларининг аломати уларнинг юзларида сажда ва ибодат асаридан зоҳир бўлиб туради” (Фатҳ сураси, 29).

Аммо маҳрум-чи, қалби зулумотда, юзи қаро, нафси эса тараддудда, булар ҳали мана шу дунёдаги кўргуликлари. Охиратдаги ҳоллари хақида Аллоҳ таоло хабар бериб шундай деган: “Қиёмат куни иш шиддатли тус олади. Қиёматнинг даҳшати жуда оғир бўлади. Ва Аллоҳ таоло халқлар ўртасида ажрим қилиш учун келади. Ва у Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч нарса Унга ўхшамайдиган, ҳеч ўхшаши бўлмаган Ўзининг Улуғ болдирини очади. Улар сажда қилишга чорланадилар. Бунга қодир бўлмайдилар. Кўзлари ерга тикилиб, юқорига кўтара олмайдилар. Аллоҳнинг азобини қаттиқлигидан, жуда қаттиқ хорлик уларни чулғаб олади. Улар дунёдалик пайтларида намоз ўқишга, ибодат қилишга қодир, соғ-саломат бўлган ҳолда намозга ва ибодатга чорланар эдилар. Сажда қилмас эдилар. Кибр билан, манманлик билан” (Қалам сураси, 42-43).

Охиратда сажда қилишдан маҳрум этилганлар мана шу дунёда саждага даъват қилинганларида, эътибор бермаганлар, манманлик қилганлар, балки хатто даъват этганларни масхара қилганлардир. Мана оқибати…

Аллоҳ билан алоқасини узган одамга қаердан ҳам нажот келсин, нимадан ҳам умид қилсин, бундай ҳаёт ҳаётми?! Кўз очиб юмгунча вақт миқдорида ҳам Ундан беҳожат бўла олмайдиган Хожасидан алоқани узса-я, банда бу узилишдаги алам ва озорларни билса эди.

Эй маҳрум! Сен намоз ўқимасанг, ўзинг билан Аллоҳ ўртасини узган бўлсанг, яна қандай қилиб тавфиқ, нажот ва саодатни хоҳлайсан? Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига қулоқ сол: “Барча ишларингизда сабрнинг ҳамма турлари билан, шунингдек намоз билан мададланинглар! Албатта, намоз (ўқиш) ўзларини хокисор тутувчи зотлардан бошқаларга оғирдир” (Бақара сураси, 45).

 Ва яна ушбу сўзига: “Аллоҳга ва пайғамбарига иймон келтирган кишилар дарҳақиқат нажот топдилар. Улар намозларида хушу билан турадилар, қалблари намозга фориғ бўлиб, аъзои баданлари сокин туради” (Мўминун сураси, 1-2).

Меҳроблардаги саждалар, саҳарлардаги истиғфорлар ва муножотлардаги кўз ёшлар мўминлар ўзлаштирган сиймолардир. Чунки мўминнинг жаннати унинг меҳробидадир. Маҳрумларнинг хаёли, дарду фикри эса дунё боғлари, аёллар ва ҳашаматли қасрларда экан, уларга намоз эслатилса, масхара ва хақоратлар қиладилар. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи мана шундайларга қаратилган: “Эй мўминлар, муаззинингиз намозга азон айтса, яҳудий, насроний ва мушриклар масхара қилиб, намозга бўлган чорловингиз устидан кулишади. Бунинг сабаби, улар Раббиларини танимайдиган ва ибодат ҳақиқатини англамайдиган кимсалар эканларидир” (Моида сураси, 58);

Жиноятчи кимсалар дунёда бўлган пайтларида мўминларни масхара қилиб кулар эдилар. Мўминларнинг ёнидан ўтсалар уларнинг устиларидан кулиб, имо-ишоралар қилар эдилар масхара билан. Ўша жиноятчи бўлган кимсалар аҳли оилалари ҳузурига қайтганларида мўминларни масхара қилишгани туфайли роҳатланишар эди, ҳузурланишар эди. Ўша кофирлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалрини кўрган пайтларида ҳолбуки саҳобалар ҳидоятга эргашган эдилар, улар ҳақида: “Мана булар Муҳаммадга эргашиб адашиб юришибди”, деб айтишар эди. У жиноятчи кимсалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари устидан кузатувчи, назоратчи қилиб юборилмаган эдилар. Энди Қиёмат кунида Аллоҳ ва Росулига иймон келтирган ва Аллоҳнинг шариатига амал қилиб ўтган зотлар кофирлар устидан кулгайлар” (Мутаффифун сураси, 34).

Намозга бепарво одам кўп яхшиликлардан маҳрумдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: “Ким намозни сақласа (яъни ўз вақтида адо қилса), у учун нур, ҳужжат ва Қиёмат Куни нажот бўлади. Ким уни сақламаса, унга хужжат ҳам, нур ҳам ва нажот ҳам бўлмайди, балки у Қиёмат Кунида Қорун, Ҳомон, Фиръавн ва Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади” (Имом Аҳмад, Доримий ривояти).

(Давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг