Усмон розияллоҳу анҳу: Саҳобаларнинг ихтилофдан қайтарувчи оятларни тушунишлари

0

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Шундай экан, шу йўлга эргашинглар! Бошқа йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб Аллоҳ сизларни мана шу нарсаларга буюрди” (Анъом сураси, 153). Тўғри йўлдан мурод Қуръон, Ислом ҳамда Аллоҳ одамларга ато этган соф хилқатдир. Бошқа йўллар эса ҳавою хоҳишлар, фирқалар, бидъат ва хурофотлардир. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида айтади: “Бошқа йўлларга, яъни бидъатлар, шубҳалар ва залолатларга эргашманглар”[1].

Аллоҳ таоло бу умматни илгариги умматлар содир этган ихтилофлар ва бўлинишлардан қайтарди. Аллоҳ таоло айтади: “Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 105) .

Аллоҳ таоло бу умматни динларини парчалаб, ҳар хил гуруҳларга айланиб кетган мушриклардек бўлишдан қайтарди: “Тавба ва холис амаллар билан Аллоҳга қайтинглар. Буйруқ ва қайтариқларига амал қилиб, Ундан тақво қилинглар. Намозни тўкис адо қилинглар. Аллоҳга ширк келтирувчилардан бўлманглар. Улар (яъни мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдларидаги нарса билан хурсанддир” (Рум сураси, 31-32).

Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари динлари бўлинган, гуруҳ-гуруҳларга ажралиб кетган кимсалардан эмаслигини хабар берган: “Эй Пайғамбар, динларини бўлган ва ҳар хил гуруҳларга айланиб кетган кимсалардан сиз поксиз. Уларнинг ҳукми Аллоҳ таолога ҳаволадир. Сўнг Аллоҳ уларга амалларининг хабарини беради, (тавба қилиб, чиройли амал қилганларига гўзал мукофот ва ёмонлик қилганларига ёмонликларига яраша жазо беради)” (Анъом сураси, 159).

Усмон розияллоҳу анҳу давридаги Қуръонни жамлаш воқеасида саҳобаларнинг ихтилофдан қайтарувчи оятларни нақадар теран ва чуқур тушунганлари кўринади. Шунинг учун ҳам Қуръон қироатида юз бераётган илк ихтилофлардан Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг вужуди ларзага келди, ўша заҳоти Усмон розияллоҳу анҳу ҳузурига ошиқди ва ўзи кўрган, эшитган нарса ҳақида унга хабар берди. Ўз навбатида, Усмон розияллоҳу анҳу ҳам зудлик билан одамларни йиғиб, бу ҳақда кенгаш ўтказди, одамларни ихтилофнинг оқибатидан огоҳлантирди, қисқа вақт ичида муаммони бартараф этди ва очилиб келаётган хилоф эшигини ёпди, ҳаммани бир Мусҳаф атрофида бирлаштирди. Шу билан тарқоқлик ва бўлинишнинг олди олинди, мусулмонларнинг сафлари бирлик ва бирдамликда сақланиб қолди.

Фитна эшиги ёпилиши мусулмонларни қувонтирди. Аммо ихтилофлар чиқишини сабрсизлик билан кутаётган ва бунинг учун қўлларидан келган ҳамма ишни қилаётган мунофиқларга масаланинг бу тарзда ҳал этилиши, табиийки, ёқмади. Хилоф бартараф этилгач, уни қайта қўзғатишга йўл тополмай, жиғибийрон бўлдилар. Уларнинг Усмон розияллоҳу анҳуни ёмон кўришлари янада ортди. Уни қоралашга, бу яхши ишини ёмон қилиб кўрсатишга, одамларни у зотга қарши кўтаришга уриндилар. Қуръоннинг жамланишини асло йўл қўйиб бўлмайдиган ўта ёмон иш эканини айта бошладилар.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум Қуръонни ҳар ким ўзи тўғри деб билганича ўқишига қўйиб қўймадилар.  Балки ҳаммани бир қироат устида жамладилар. Шу билан мусулмонларнинг сафлари бирлашди, ўрталаридаги иттифоқ сақланиб қолди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ сизларда уч нарсага – Унга ибодат қилиб, ширк келтирмаслигингизга, барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутиб, бўлинмаслигингизга ва Аллоҳ сизларга ишбоши қилиб қўйган кишига хайрихоҳ бўлишингизга рози бўлади”[2].

Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутиш Унинг Китоби ва пайғамбарининг суннатларига амал қилиш билан бўлади.  Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам мусулмонларнинг жамоатини ва бирлигини сақлаб қоладиган ишларга кўп тарғиб қилганлар, бунинг зиддига олиб борадиган ҳар қандай ишдан қайтарганлар.

Мана шу тамойилга амал қилинмагани боис мусулмонлар ўртасида бўлинишлар пайдо бўлди, ҳар хил тоифа ва фирқалар келиб чиқди, ҳар бир тоифа фақат ўзи тутган йўлни ҳақ деб биладиган ҳолат юзага келди.

Мусулмонларнинг бирлиги ва бирлашишлари динимиз мақсадларидан ва Аллоҳнинг дини ер юзида ғолиб бўлишининг энг муҳим сабабларидан биридир. Биз бир-биримизни ҳаққа ва сабрга тавсия қилишга буюрилганмиз. Мақсад мусулмонлар ўртасини юзаки эмас, ҳақиқий ислоҳ қилиш бўлса, даъват дарғалари ва исломий ҳаракатлар йўлбошчилари билан мусулмон уламолар ва толиби илмлар ўртасида куч-ҳаракатларни бирлаштириш зарур, чунки ярим ечимларнинг фойдасидан зарари кўп бўлади.

Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Жиҳод икки хилдир. Биринчиси мусулмонларнинг эътиқодлари, ахлоқ ва одоблари тузалиши ва барча диний, дунёвий ҳолатлари ва илмий тарбиялари ислоҳ қилиниши учун қилинадиган жиҳод. Бу турдаги жиҳод пойдевор ва устун бўлиб, иккинчи турдаги жиҳод унинг устига қурилади. Иккинчиси Ислом ва мусулмонларга тажовуз қилган кофир, мунофиқ, мулҳид ва жамики дин душманларига қарши олиб бориладиган жиҳоддир. Бу жиҳод ҳам икки хил бўлади: далил-ҳужжат ва тил билан бўлган жиҳод ва ҳар замонга муносиб қурол-аслаҳа билан бўлган жиҳод”[3]. Мусулмонларнинг бирлашишлари ва бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари зарурлигини кўрсатувчи оят ва ҳадисларни келтирганидан сўнг шайх сўзида шундай давом этади: “Энг катта жиҳод мусулмонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ҳосил қилиш ва уларнинг диний ва дунёвий манфаатлари йўлида бирлашишларини амалга ошириш учун қилинадиган ҳаракатлардир”[4].

Шунинг учун биз мусулмонларнинг қалбларини бир-бирларига муҳаббатли қилиш ва сафларини бирлаштириш учун ҳаракат қилишни энг катта жиҳод  деб билишимиз лозим. Чунки мусулмонларнинг иззат-шарафга эришишлари, давлатлари қурилиши ва Парвардигорларининг шариатини ҳоким қилишлари учун ташланажак бу одим жуда муҳимдир. Хулафои рошидиннинг бу борадаги тушунчалари шундай эди. Бу Усмон розияллоҳу анҳунинг умматни бир мусҳаф устида жамлашида ҳам яққол намоён бўлган эди.

[1]“Тафсири Мужоҳид” (227-бет).
[2] “Муснади Аҳмад” (1/26).
[3] Саъдий, “Вужубут таовуни байнал муслимийн” (5-бет).
[4] Ўша манба.

Изоҳ қолдиринг