Чақалоққа оид ҳукмлар (5): Фарзанд кўрган одамга хушхабар етказиш ва уни табриклаш мустаҳаб экани

0

Учинчи  боб:

Фарзанд кўрган одамга хурсандчилик хабарини етказиш ва уни табриклаш маҳбуб иш экани ҳақида

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссасида айтади: “(Фаришталардан бўлган) элчиларимиз Иброҳим ҳузурига (у билан аёлига Исҳоқнинг ва унинг ортидан Яъқубнинг) башоратини бериш учун келдилар ва «Салом», дедилар. Иброҳим ҳам (уларнинг саломига жавобан): «Салом», деди. Сўнг тезгина бориб, (улар ейишлари учун чўғда пиширилган) семиз бузоқ келтирди.

(Иброҳим) уларнинг қўллари таомга узалмаётганини (ва ундан емаётганларини) кўргач, ҳадиксираб, кўнглида уларга нисбатан қўрқув туйди. (Малоикалар Иброҳимдаги қўрқувни кўришгач: ) ”Қўрқма, биз (Раббингнинг малоикаларимиз,) Лут қавмига уларни ҳалок қилиш учун юборилдик”, дедилар.

(Иброҳимнинг) аёли (Сора парда ортида туриб, уларнинг сўзларини эшитиб) турган эди. У (эшитган сўзларидан таажжубланиб,) кулди. Шунда Биз (малоикалар воситасида) унга хушхабар бердикки, у (эри Иброҳимдан) Исҳоқ номли (бир ўғил кўради) ва бу ўғил улғайиб, ундан Яъқуб номли (набира дунёга) келади.

(Сора Исҳоқ ҳақидаги башоратдан ажабланиб,) деди: «Вой шўрим, қандай қилиб менда бола бўлсин?! Ўзим кампир бўлсам, эрим кексайиб қолган мўйсафид бўлса, (бизга ўхшаган қарияларда) фарзанд бўлиши жуда қизиқ иш-ку!»

(Фаришта элчиларимиз Сорага) дедилар: “Сен Аллоҳнинг амри (ва ҳукми)дан ажабланасанми?! Эй пайғамбар хонадони аҳли, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин. Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло сифатлари ва иш-феъллари) мақтовли, (уларда) буюклик соҳибидир (Ҳуд сураси, 69-73-оятлар).

Аллоҳ таоло «Соффат» сурасида: «Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик» (101-оят), деди. «Зориёт» сурасида эса: «(Фаришталар) унга билимдон бир ўғилнинг хушхабарини бердилар» (28-оят), дейди. «Ҳижр» сурасида эса: “(Эй Пайғамбар,) сиз уларга Иброҳимнинг (унга фарзанд хабарини ва Лут қавмининг ҳалокати хушхабарини келтирган фаришта) меҳмонлари ҳақида хабар беринг.

Унинг ҳузурига кириб, салом беришгач, у (уларнинг саломига алик олди. Сўнг уларга таом келтирганди, улар емадилар. Шунда Иброҳим): «Биз сизлардан қўрқяпмиз, (кимсизлар?)», деб сўради.

(Малоикалар унга): «Қўрқма, биз сенга (динда) ўта билимдон бир фарзанднинг – Исҳоқнинг – хушхабарини берамиз», дедилар.

(Иброҳим ажабланиб) деди: “Сизлар менга фарзанд хушхабарини келтирдингизми?! Ваҳоланки, менинг (ҳам, аёлимнинг ҳам) ёшимиз бир жойга бориб қолган бўлса?! Жуда қизиқ хушхабар бермоқдасизлар менга!”

Улар дедилар: «Биз сенга (Аллоҳ бизга билдирган) ҳақ нарсанинг башоратини бердик. Сен (фарзандли бўлишдан) ноумид бўлма!».

У деди: «Йўлдан адашган гумроҳ кимсалардан бошқа ким ҳам Раббининг раҳматидан ноумид бўларди?!» (51-56-оятлар).

Аллоҳ таоло айтади: Эй Закариё, Биз сенга Яҳё исмли фарзанд (ато этганимиз) ҳақида хушхабар берамиз. Ундан илгари ҳеч кимни бу исм билан номламаганмиз (Марям сураси, 7). Яна айтади: У намозгоҳида Аллоҳга дуо-илтижо қилиб турган ҳолида фаришталар унга нидо қилиб: «Аллоҳ сенга (дилингга сурур бахш этажак) хушхабар бермоқдаки, сенга Яҳё исмли бир фарзанд ато этилади…» дедилар(Оли Имрон сураси, 39). Хурсандчилик хабарини етказиш бандани қувонч ва сурурга тўлдиради. Шундай экан, мусулмон киши биродарини хурсанд қилишга шошилиши ва уни хурсанд қиладиган хабарни билдириши маҳбуб амал ҳисобланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларида Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайба унга бу хушхабарни етказиб: «Бу кеча Абдуллоҳнинг ўғил фарзанди туғилди», деганида, бу хабарнинг суюнчисига Абу Лаҳаб Сувайбани озод қилиб юборган эди. Аллоҳ таоло Абу Лаҳабнинг бу қилмишини зое қилмади ва у ўлганидан кейин бош бармоғидаги тешикчадан уни суғорди[1]. Агар хушхабарни биринчи бўлиб етказишга улгурмай қолса, уни табриклаши маҳбуб саналади. Уларнинг иккаласи ўртасидаги фарқ шуки, суюнчилаш уни хурсанд қиладиган хабарни етказиш, табриклаш эса, у билганидан сўнг ўша иш сабабли яхшилик тилаб, ҳаққига дуо қилишдир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Каъб ибн Молик билан икки шеригининг тавбасини қабул қилгани ҳақида оят туширганида бир киши дарҳол унинг олдига бориб, суюнчи олди. Сўнгра Каъб масжидга келгач, одамлар уни табриклашди.

Жоҳилиятда янги турмуш қурганларга: «Бахт ва ўғиллар тилаймиз», деб табриклашар эди[2]. Яъни турмушингиз ҳамжиҳатлик ва ўғил фарзандларга тўла бўлсин, деган маънода. Улар ҳодисадан олдинроқ ёки кейинроқ ҳам табриклашар эди. Киши ўғил фарзанд учун табриклаб, қиз фарзанд учун табрикламаслиги тўғри эмас. Балки, жоҳилият ёмонликларидан халос бўлиш учун иккаласи учун ҳам табриклаши ёки умуман табриклашни тарк қилиши керак. Зеро, уларнинг кўпчилиги ўғил фарзанднинг туғилгани, қиз фарзанднинг эса вафот этгани билан табриклашар эди. Абу Бакр ибн Мунзир «Авсат»да айтади: “Бизга Ҳасан Басрийдан ривоят қилишларича, у яқинда ўғилли бўлган киши билан ўтирганида, олдига бир киши келди ва унга қараб: «Чавандоз қутлуғ бўлсин», деди. Шунда Ҳасан: «Чавандоз эканини қаердан биласан, балки эшак ҳайдовчи бўлар?» деди. Ҳалиги киши: «У ҳолда нима деймиз?» деган эди, Ҳасан айтди: “«Аллоҳ сенга қилинган тортиқни баракотли этсин! Берувчига шукроналар айт. Вояга етсин, яхшилигини кўр», дегин”.

[1]Имом Бухорий «Саҳиҳ»да Умму Ҳабибадан ривоят қилган ҳадисда (5101) у айтади: “…Абу Лаҳаб ўлгач, унинг яқинларидан бири тушида уни ёмон ҳолатда кўрди. Унга: «(Ўлимингдан кейин) нимага йўлиқдинг?» деган эди, у: «Сизлардан кейин заррача роҳат топмадим, фақатгина Сувайбани озод қилганим эвазига – бош бармоғининг пастидаги тешикчага ишора қилиб – мана шу жойдан суғорилдим», деди”. Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳадиснинг шарҳида: «Бунда у суғорилган сувнинг жирканчлигига ишора бор», деган. (Таржимон).

[2]Санади саҳиҳ. Ибн Можа (1905), Насоий (6/128), Доримий (2/59), Аҳмад (3/451) ривояти. Ибн Сунний «Амалул явми ва лайла»да (602) Ҳасан Басрийдан ривоят қилган. Аҳмад (1/201) Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ақилдан ривоят қилади: «Ақил ибн Абу Толиб бир аёлга уйланди. Унга: «Бахт ва ўғиллар тилаймиз», дейишди. Шунда у: “Бундай деманглар, балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Эй Аллоҳ, бу никоҳни баракотли қил ва улар устидан баракотлар ёғдир», деб айтинглар”, деди. Доримий, Аҳмад ва Ибн Суннийнинг ривоятида эса, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни бундай дейишдан қайтарганлар», деган лафз билан келган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг