Муҳаддислар: Имом Ибн Ҳиббон Бустий (3)

0

Илм ёйишга қўшган ҳиссаси ва шогирдлари:

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ узоқ йилги илмий изланишларидан сўнг эл орасида ҳадис, фиқҳ ва усулул фиқҳ фанларини пухта ўзлаштирган олим сифатида танилди. Ундан илм олиш мақсадида ер куррасининг турли ўлкаларидан унинг ҳузурига талабалар кела бошлайди. Ҳоким роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Ҳиббон ёзган китобларни унинг ўзидан таълим олиш учун ҳузурига узоқ ерлардан талабалар келишар эди”.

Ибн Ҳиббон борган ерида инсонларга илм тарқатишга ҳаракат қилар эди. Абу Саъд Идрисий айтади: “У Самарқандга боргач, одамлар орасида илмни ёйиб, уларни диннинг кўп аҳкомларидан бохабар қилди”. Ҳоким айтади: “Ибн Ҳиббон бизнинг шаҳримизга (яъни Найсобурга) ҳижрий 337 йили қайтиб келиб, шу ерга ўрнашди. Сўнг дарс учун махсус бино қурдирди ва ёзган бир қанча китобларидан дарс берди”.

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ илм ёйишга ва таълим беришга ўта ҳарис бўлиши билан бир қаторда, жуда фаҳм-фаросатли ва доно зот эди. Шогирдлари орасида илм олишга чиндан ҳам рағбатли бўлганларини тезда ажратиб олар ва уларга жиддий эътибор қаратар эди. Ҳоким роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ Найсобур (Нишопур)га ҳижрий 334 йили келди. Биз унинг ҳузурига жума куни, жума намозидан кейин бордик ва ундан бизга ҳадис ривоят қилишини сўрадик. У дастлаб ҳозир бўлган одамларга қараб чиқди, сўнг менга деди: “Ҳозир мен ҳадислардан ривоят қиламан. Сен уларни қолганларга етказиб тур”. Мен: “Хўп бўлади”, дея ундан эшитган ҳадисларимни қолган талабаларга етказиб турдим”.

Иқтидорли ва келажакда буюк шахс бўлишини умид қилган шогирдларига алоҳида эътибор қаратгани туфайли унинг қўлидан ислом оламида донғи чиққан машҳур олимлар етишиб чиқди. Қуйида улардан айримларини зикр қиламиз.

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳамдавайҳ Найсобурий. Одамлар орасида Ҳоким Найсобурий номи билан машҳур бўлган буюк муҳаддис олим, ҳижрий 405 йилда вафот этган. Фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлаб китоб ёзишда устози Ибн Ҳиббоннинг йўлидан бориб, “Мустадрак” китобини ёзган. Ҳокимнинг бундан бошқа талай бебаҳо китоблари ҳам бор.

  2. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Ёқуб ибн Мандаҳ Асбаҳоний. Олимлар орасида Ибн Мандаҳ номи билан машҳур бўлган буюк муҳаддис имом, “Маърифатус саҳоба”, “Тавҳид”, “Куно” ва бошқа бир қанча китоблар муаллифи, ҳижрий 395 йилда вафот этган.

  3. Абул Ҳасан Али ибн Умар ибн Аҳмад ибн Маҳдий Дорақутний. Ҳадис илмида замонасининг тенгсиз олими бўлган буюк имом. “Сунан”, “Илал” ва бошқа бебаҳо китоблар муаллифи. Ҳижрий 385 йилда вафот этган.

  4. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ ибн Холид ибн Аҳмад Зуҳлий Ҳаравий, ҳижрий 401 йилда вафот этган.

  5. Абу Умар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Сулаймон Нувқотий талай китоблар муаллифи, ҳижрий 382 йилда вафот этган.

  6. Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳорун Завзаний. Ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ” китобини нақл қилган ровийларнинг бири.

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ ўзидан кейин тарих саҳифаларига муҳрланиб қоладиган катта савобли иш қолдирди. У бор илмини кенг ёйиши, ёзган китобларидан минглаб шогирдларга дарс бериши билан бирга, ислом тарихида биринчилардан бўлиб – энг биринчиси десак ҳам тўғри бўлса керак – бор умрини ва мол-дунёсини сарфлаб жамлаган бебаҳо хусусий кутубхонасини талабалар фойдаланиши учун оммавий кутубхонага айлантирди. Ёқут Ҳамавий роҳимаҳуллоҳ нақл қилишича, Масъуд Сижзий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ибн Ҳиббон ўз китобларини маълум бир уйда (ҳовлида) жамлаб, уларни кўпчилик фойдаланиши учун вақф қилади”. Сўнг ўзининг шахсий ҳовлисини шогирдлари учун мадрасага ва четдан ҳадис, фиқҳ ва бошқа шаръий илмларни ўрганиш учун келган талабалар учун ётоқхонага айлантиришларини васият қилди.

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ талабалар учун кутубхона, мадраса ва ётоқхоналарни вақф қилиш билан чекланиб қолмади. Балки талабалар чалғимай, хотиржам илм олишлари учун уларнинг еб-ичиш ғамини ҳам ўйлаб қўйди. Талабаларга кундалик озиқ-овқатларини бериб турадиган вақф ҳам ташкиллаштирди.

Муаррих уламолар ҳадис илмини таълим берадиган мадрасага биринчи бўлиб ҳижрий 500 йилларда яшаб ўтган одил султон Нуриддин Зинкий асос солган деб айтишади. Аммо Ибн Ҳиббоннинг таржимаи ҳолига назар солган инсонга маълум бўладики, ҳадис, фиқҳ ва бошқа фанлардан таълим берадиган мадрасага биринчи бўлиб Нуриддин Зинкийдан икки аср олдин яшаб ўтган Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ асос солган экан.

Ибн Ҳиббон китоблар йўқолиб кетишидан хавотирланиб, уларни кутубхонадан ташқарига олиб чиқиб кетмасликни шарт қилади ва кутубхонага бир масъул шахсни тайинлайди. Негаки, китобларни маълум муддатга кутубхонадан олиб кетиш уларнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлади. Шу тариқа Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ кутубхонасини ҳимоя қилиш тадбирини қилади. Бироқ минг афсуслар бўлсинким, тарих мобайнида юз берган турли мудҳиш воқеалар бу кутубхонани ҳам четламай ўтмади. Ибн Ҳиббоннинг ўлимидан тахминан юз йил ўтмай унинг кутубхонасига талофат етади. Бу ҳақда Масъуд Сижзий Хатиб Бағдодийга куйиниб шундай дейди: “Ибн Ҳиббон кутубхонасининг барбод бўлишига сабаб замонлар ўтиб, бу шаҳарни душманлардан ҳимоя қилишга кучи етмайдиган султонларнинг тахтга келиши ва бузғунчи ярамас кимсаларнинг  ўша диёрларга ҳукмдор бўлишидир. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллааҳ”.

Изоҳ қолдиринг