Усмонийлар давлати: Султон Мурод Иккинчининг европаликлар билан олиб борган урушлари

0

Можаристон жабҳасига келсак, усмонийлар ҳижрий 842 (мелодий 1438) йили можарларни мағлуб этишга ва улардан етмиш минг аскарни асир олишга муваффақ бўлдилар, ўлканинг баъзи минтақаларини фатҳ қилдилар. Сўнг Сербия пойтахти Белградга қараб юриш бошладилар. Лекин бу юриш муваффақият келтирмади. Европаликлар зудлик билан усмонийларга қарши Рим папаси бошчилигида катта салибчилар иттифоқини ташкил этдилар. Бу иттифоқ усмонийларни Европадан бутунлай сиқиб чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Папанинг бу иттифоқи таркибига Можаристон (Венгрия), Польша, Сербия, Афлоқ (Валахия)[1], Генова, Венедик, Византия империяси, Бургундия герцоглиги кирди, шунингдек, унга олмон ва чех отрядлари ҳам қўшилди. Иттифоқнинг бош қўмондонлиги можар Юҳанно (Янош) Ҳунядийга берилди. Ҳунядий ҳижрий 846 (мелодий 1442) йили салибчиларнинг қуруқликдаги қўшинларини бошлаб, жануб томон ҳаракатланди. Дунай дарёсидан ўтиб, усмонийлар билан уруш бошлади ва икки жангда уларни мағлубиятга учратди. Усмонийлар сулҳ талаб қилишга мажбур бўлдилар ва 848 (мелодий 1444) йил июл ойида Сегединда ўн йил муддатга сулҳ битими тузилди. Бу сулҳ шартларига кўра, усмонийлар Сербиядан воз кечдилар ва Георгий Бранковични унинг ҳукмдори деб тан олдилар. Шунингдек, Султон Мурод можарлар фойдасига Афлоқ ўлкасидан воз кечди. Бундан ташқари, у усмонийлар қўшини бош қўмондони бўлган куёви (қизининг эри) Маҳмуд Чалабийни 60 минг дуқия маблағ эвазига қутқариб олди. Бу сулҳ битими икки тилда – усмоний ва можар тилида битилди. Можаристон қироли Ладислас Инжилга, Султон Мурод эса Қуръонга қўлини қўйиб, ушбу шартнома бандларига тўла амал қилишга қасам ичдилар.

Султон Мурод европалик душманлари билан сулҳ битими тузгач, Онадўлига қайтди. Бу орада ўғли амир Алоуддиннинг тўсатдан вафот этиши унга қаттиқ таъсир қилди, дунёдан кўнгли совиб, тожу тахтдан воз кечди ва салтанатни ўғли Муҳаммадга топширди. Ўшанда Муҳаммад ўн тўрт ёшда эди. Ёши кичик бўлгани учун Султон Мурод унинг ёнига доно ва тажрибали одамларини ёрдамчи қилиб қўйди. Ўзи эса давлатнинг тинч-омонлигига кўнгли хотиржам бўлганидан сўнг қолган умрини узлатда осойишта ўтказиш ва хилватда Аллоҳнинг ибодатига фориғ бўлиш учун Кичик Осиёдаги Маниса шаҳрига жўнаб кетди. Аммо султоннинг хилватдаги ҳаёти узоққа чўзилмади. Чунки кардинал Сезарини ва унинг баъзи ёрдамчилари Султон Мурод усмонийлар тахтини тажрибасиз ва ҳали ғўр ўғли Муҳаммадга топширганидан фойдаланиб, насроний оламини усмонийлар билан тузилган сулҳни бузиш ва уларни Европадан бутунлай қувиб чиқариш чақириғи билан чиқди. Папа Евгений IV га ҳам бу шайтоний фикр маъқул тушди ва насронийлардан сулҳни бузиб, мусулмонларга қарши уруш бошлашни талаб қилди, у мусулмонлар билан тузилган шартнома яроқсиз эканини, чунки у Масиҳнинг ердаги вакили бўлмиш Папанинг изнисиз тузилганини уқтирди. Кардинал Сезарини ўта фаол эди, усмонийларни йиқитиш учун тинмасдан ҳаракат қилар, елиб югурар эди, насроний подшоҳларга бориб, уларни мусулмонлар билан тузилган битимларни бузишга ундар, Инжил билан қасам ичилган аҳдни бузиш мумкинмас деб эътироз билдирганларга, мен Папанинг номидан сизларни аҳдни бузиш жавобгарлигидан халос қиламан, дер, уларнинг аскарлари ва қурол аслаҳаларини табаррук этиб берар, уларни ўзига эргашишга тарғиб қилар, фақат унинг йўли азизлик ва қутулиш йўли эканини, кимнинг кўнгли чопмаётган ва гуноҳдан қўрқаётган бўлса, унинг гуноҳини ўз зиммасига олишини айтар эди[2].

Шундай қилиб, насронийлар аҳдларини бузишди ва мусулмонларга қарши урушга отланишди. Дастлаб улар Қора денгиз соҳилида жойлашган, ҳозирда Болгарияга қарашли Варна шаҳрини қамал қилдилар, бу шаҳар илгарироқ мусулмонлар томонидан фатҳ этилган эди. Аҳдни бузиш Ислом дини душманларининг очиқ белгисидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло мусулмонларни улар билан урушишга буюрган: “Агар улар сизлар билан тузган битимларни бузсалар ва Ислом динига адоват кўрсатсалар, сизлар у куфр етакчиларига қарши урушинглар. То куфрларидан ва Исломга адоватларидан тийилмагунларича уларга на аҳд ва на битим бордир” (Тавба сураси, 12-оят).

Улар на аҳдга, на битимларга риоят қилишади, бу уларнинг доимий табиатларидир. Улар ҳар қандай халққа ҳужум қилишдан тортинишмайди, қай бир инсонда заифликни кўрсалар, бемалол унинг бўғзига пичоқ тортадилар. Аллоҳ таоло уларни нақадар ҳаққоний тасвирлаган: “Улар бирон мўмин хусусида на аҳд ва на бурчни эътиборга оладилар. Улар тажовузкор кимсалардир” (Тавба сураси, 10-оят).

Насронийлар урушга тайёргарлик кўриб, усмонийлар давлати сари йўлга тушгач, Эдирнадаги мусулмонлар салибчиларнинг бостириб келаётганини эшитиб, қўрқувга тушдилар ва давлат одамлари Султон Муродга зудлик билан чопар юбориб, уни салтанатни қўлга олишга ва келаётган хатарни бартараф этиш чорасини кўришга чақирдилар. Шундан сўнг мужоҳид султон узлатгоҳидан чиқиб, салибчилар хатарига қарши усмонийлар қўшини қўмондонлигини ўз қўлига олди. У Генова денгиз флоти билан киши бошига бир динордан тўлаш эвазига усмонийларнинг қирқ минг аскарини салибчилар флотининг кўзи олдида Осиёдан Европа томонга олиб ўтиб қўйишига келишди.

Султон Мурод ўта тез ҳаракат қилди ва Варна шаҳрига салибчилар қўшини билан бир кунда етиб келди. Эртаси куни насроний ва мусулмон қўшини ўртасида шиддатли ва аёвсиз жанг бошланди. Султон Мурод душманлар бузган сулҳ битимини найза учига боғлаб, баланд кўтартириб олган эди, бу билан у еру осмон аҳлини аҳд бузилганига гувоҳ қилишни ва ўз лашкарларининг ҳамиятини қўзғашни мақсад қилган эди. Ҳар икки томон қаттиқ урушди, насронийларнинг диний ҳамиятлари мусулмонларнинг жиҳодий руҳияти билан тўқнашди. Аҳдни бузган қирол Ладислав билан аҳдига вафодор султон Мурод яккама-якка олишувга чиқдилар ва шиддатли тўқнашувда султон Мурод қирол Ладиславни ўлдиришга муваффақ бўлди, унинг кучли найзаси зарбидан қирол отдан ерга қулади. Мусулмон мужоҳидлар дарҳол унинг калласини танидан жудо қилдилар ва уни найзага илиб, юқори кўтариб, баланд овозда такбирлар айтдилар[3]. Мужоҳидлардан бири душманга қараб: “Эй кофирлар, қиролингизнинг бошини кўриб қўйинглар!” деб қичқирди. Бу манзара бутун насроний қўшинига жуда қаттиқ таъсир кўрсатди, сўнг улар орасида кучли саросима ва парокандаликни келтириб чиқарди. Шундан сўнг мусулмонлар уларга шиддат билан ҳужум қилиб, сафларини тирқиратиб ташладилар. Насронийлар бир-бирини туртиб, итариб, ҳеч нарсага қарамасдан қочишга тутиндилар. Султон Мурод душманни таъқиб қилмади ва шу ғалабанинг ўзи билангина кифояланди. Зотан, бу буюк ғалаба эди.

Уруш уч кун давом этди ва усмонийларнинг узил-кесил ғалабаси билан якунланди.  Ҳижрий 852 (мелодий 1448) йил 17 октябр куни Косово майдонларида бўлган бу воқеа Можаристонни камида ўн йилга усмонийларга қарши уруш ҳаракатлари олиб боришга қодир давлатлар қаторидан чиқариб ташлади[4].

Султон Мурод бу урушдан сўнг иккинчи марта тожу тахтни ўғли Муҳаммадга топширди, ўзи эса ғолиб шер инига қайтганидек, яна Манисага, зоҳидлик ҳаётига қайтиб кетди.

[1] Афлоқ (Валахия) – ҳозирда Руминияга қарашли тарихий вилоят.

[2] “Муҳаммад Фотиҳ” (42-44-бетлар).

[3] Абдусалом Абдулазиз, “Муҳаммад Фотиҳ” (22-бет).

[4] “Янги ислом тарихида усмонийлар давлати” (47-бет).

Изоҳ қолдиринг