Тавҳид ақидаси: Ҳайкаллар ва хотира учун ўрнатилган тошларни улуғлашнинг ҳукми

0

 

Тимсол ёки ҳайкал инсон ё ҳайвон ё бошқа бирон жонзот шакли акс эттирилган суратдир. Насб – ёдгорлик тоши эса аслида мушриклар улуғлари ва пешволаридан биронтасини хотирлаш учун жонлиқ сўйиб, устига қонини оқизадиган тошдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жонзотларни тасвирлашдан қайтарганлар. Айниқса, буюк инсонларнинг – олимлар, подшоҳлар, обидлар, лашкарбошилар, пешволарнинг сиймоларини тасвирлаш қаттиқ қайтарилган ишлардандир. Уларнинг суратлари хоҳ тахта, қоғоз, девор ё кийимга туширилсин, хоҳ ҳозирги замонавий усулда фотога олинсин, хоҳ тош ё бошқа нарсани йўниб, ҳайкалларини ясашсин, фарқи йўқ, ҳаммаси қайтарилгандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам девор ва шу каби жойларга суратлар осишдан, тош-тимсоллар ўрнатишдан, шу жумладан, ёдгорлик тошлари қўйишдан қайтарганлар. Чунки бу нарса ширкка олиб борадиган воситадир. Аслида, ер юзида илк ширк сурат чизиш ва ҳайкал тараш ҳамда уларни ўрнатишдан келиб чиққан. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмида солиҳ кишилар бор эди. Улар вафот этишгач, қавмлари кўп маҳзун бўлди. Шунда шайтон уларнинг суратларини ясаб, одатда ўтирадиган жойларига ўрнатишни ва суратларни уларнинг номлари билан аташни кўнгилларига солди. Қавм шундай қилди, бироқ уларга сиғингани йўқ. Бу авлод дунёдан ўтиб, илм унутилгач, келгуси авлодлар ўша тимсолларга сиғина бошладилар[1]. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди, у зот қавмини суратлар сабабли келиб чиққан ширкдан қайтарди, бироқ қавми унинг даъватини қабул қилмади ва бутларга айланиб улгурган ўша суратларга сиғинишдан қайтмади: «Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар», «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ»ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ сураси, 23). Мазкур исмлар хотиралари ўчиб кетмасин деб ўрнатилган ўша суратлар эгаларининг исмлари эди.

Қаранг, хотира тошлари сабабли қандай қилиб Аллоҳга ширк келтириш ва  Унинг расулларига бўйсунмаслик келиб чиқди. Ва бу нарса уларнинг тўфон туфайли ҳалок қилинишларига сабаб бўлди. Бу нарса тимсоллар ясаш ва уларни ўрнатишнинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан дарак беради. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусаввирларни лаънатлаганлар, уларни қиёмат куни энг қаттиқ азобланадиган кишилар бўлишини айтганлар, суратларни ўчириб ташлашга амр қилганлар, сурат бор уйга фаришта кирмаслигининг хабарини берганлар. Бу тақиқларнинг ҳаммаси шу ишнинг ёмонлигидан ва умматнинг ақидасига катта хатари борлигидан қўйилди. Зеро, ер юзидаги биринчи ширк суратлар ўрнатиш туфайли бошланган эди. Сурат ва ҳайкаллар хонадонларга ўрнатиладими, майдон ё боғларгами, барчаси шаръан ҳаромдир. Чунки бу нарса ширкка восита, ақиданинг бузилишига сабаб бўлади. Бугунги кунда кофирлар авайлаб-асрайдиган ақидалари йўқлигидан шу ишни қилаётган бўлсалар, мусулмонлар ўз куч-қувватлари ва бахт-саодатлари манбаи бўлган ақидаларини сақлаб қолиш учун бу ишда кофирларга қўшилмасликлари лозим.

 

[1]Бухорий ривояти.

Изоҳ қолдиринг