Дард ва даво (15): Бандага етадиган барча яхшилик ва ёмонлик унинг амалига боғлиқ

0

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло китоби Қуръони Каримда дунёю охиратда етадиган яхшилик ва ёмонликлар бандалардан содир бўладиган амалларга боғлиқ эканини баён қилган. Бандаларга яхшилик ё ёмонлик етишини баъзан бирон шартга боғлаган бўлса, баъзан бирон иш натижаси ё сабабига боғлагандир. Мазкур мазмундаги оятлар Қуръоннинг мингдан ортиқ ўрнида зикр қилинган. Қуйида улардан айримларини келтириб ўтамиз.

Гоҳида кавний ва шаръий ҳукмлар ҳукмга муносиб сифатга (яъни амалга) боғланган (яъни сабаб қилинган) бўлади.

Кавний ҳукмга мисол:

Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганларидан кейин уларга: «Бадбахт маймунларга айланингиз», дедик” (Аъроф сураси, 166);

Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик — уларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилиб юбордик” (Зухруф сураси, 55);

Албатта муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайр-садақа қилувчи эркаклар ва хайр-садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси, 35).

(Изоҳ: Оятдаги остига бир чизиқ қўйилган сўзлар кавний ҳукм бўлиб, ундан олдинги сўзлар ушбу ҳукмнинг сифатидир (яъни шу ҳукмнинг ижро этилишига сабаб бўлган амал). Мазкур оятларда Аллоҳ таоло кавний ҳукмни шу ҳукмга муносиб сифатга (амалга) боғлиқ эканини баён қилган).

Шаръий ҳукмга мисол:

Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қилмишларига жазо бўлсин учун, Аллоҳ томонидан азоб бўлсин учун қўлларини кесинглар! Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир” (Моида сураси, 38).

(Изоҳ: Ўғрининг қўлини кесиш шаръий ҳукм бўлиб, ушбу ҳукм ўғрилик сифатига, яъни амалига муносибдир. Негаки, ўғри одатда қўли билан ўғирлик қилади. Унга бериладиган жазо ҳам шунга муносиб бўлади).

Бу кўринишдаги оятлар жуда кўп.

Гоҳида кавний ё шаръий ҳукм, яъни бандага етадиган яхшилик ё ёмонлик, муайян бир амалнинг вужудга келишига шарт қилинган бўлади. Масалан: “Агар тақво қилсангиз, сизларга (ҳақ билан ботилни) ажратувчи фурқонни ато қилур ва гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилур” (Анфол сураси, 29);

Агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этиб, закотни (ҳақдорларга) берсалар, у ҳолда сизларинг диндаги биродарингиздирлар” (Тавба сураси, 11);

Албатта, агар улар (тўғри) йўлда устивор турганларида, албатта, Биз уларни синаш учун мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик)” (Жин сураси, 16).

Гоҳида кавний ё шаръий ҳукм амалга бирон иш-ҳаракатга ундовчи сабабни баён этувчи “лом” ҳарфи ёки “кай” ҳарфи билан боғлаган бўлади. Масалан: “(Эй Муҳаммад, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир” (Сод сураси, 29);

“Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик” (Бақара, 143);

“Аллоҳ қишлоқ-шаҳарларнинг (кофир) аҳолисидан Ўз пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар — токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин учун — Аллоҳники, пайғамбарники ва (у зотнинг) қариндош-уруғлари, етимлар, бечора-мискинлар ва йўловчи-мусофирларникидир” (Ҳашр сураси, 7).

Гоҳида кавний ё шаръий ҳукм (яъни бандага етадиган яхшилик ё ёмонлик) амалга бирон иш-ҳаракатнинг сабабини баён этувчи “бо” ҳарфи билан боғланган бўлади. Масалан: Бу (азоб) ўзларингиз қилган гуноҳларингиз сабаблидир” (Оли Имрон сураси, 182).

Уларга: «қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир», деб нидо қилинур(Аъроф сураси, 43);

Энди ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят-мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, тўғри — ҳақ йўлни кўрсалар уни (ўзлар учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат — нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни англаб етмайдиган қилиб қўюрман). Бунга сабаб улар Бизнинг оятларимизни ёлғон деганлари ва у оятлардан ғофил бўлиб олганларидир” (Аъроф сураси, 146).

Гоҳида кавний ё шаръий ҳукм амалга бирон иш-ҳаракатнинг нима учун бажарилганини баён этувчи “мафъулун ли ажлиҳ” қоидасига кўра боғланган бўлади. Масалан: “(Бир-бирларингиз билан қарз олди-берди қилсангиз) ўзларингиз рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни  — бири унутиб адашса, яна бири унга эслатиши учун — гувоҳ қилинглар!” (Бақара сураси, 282);

Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то қиёмат кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?» деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувоҳлик — аҳд-паймон олишимиз) Қиёмат Кунида: «Бизлар бундан бехабар эдик», демасликларингиз учундир” (Аъроф сураси, 172);

Биздан аввалги икки тоифага китоб нозил бўлган, биз эса уларнинг дарсларини ўрганишдан ғофилмиз», демасларингиз учун ёки: «Агар бизга китоб нозил қилинганида улардан тўғрироқ йўлда бўлур эдик», демасларингиз учун (сизларга бу Қуръонни нозил қилдик)” (Анъом сураси, 156).

Гоҳида кавний ё шаръий ҳукм амалга бирон иш-ҳаракатнинг сабабини баён этувчи “фо” ҳарфи билан боғланган бўлади. Масалан: “Бас, улар (пайғамбарни) ёлғончи қилишиб, у (туя)ни сўйиб юборган эдилар, Парвардигорлари ўзларининг гуноҳлари сабабли устларига қирғин юбориб, уни (қирғинни барчаларига) баробар қилди” (Шамс сураси, 14);

Улар Парвардигорларининг пайғамбарига итоатсизлик қилди­лар. Бас, шу сабабли У зот уларни мислсиз қаттиқ азоб билан азоблади” (Ал-Ҳааққа сураси, 10);

Бас, иккисини (яъни Мусо ва Ҳорунни Фиръавн ва аъёнлари) ёлғончига чиқаришди. Шу сабабли ҳалок қилинувчилардан бўлдилар” (Мўминун сураси, 48).

Гоҳида кавний ё шаръий ҳукм амалга бирон иш-ҳаракат ниманинг эвазига содир бўлганини баён этувчи “ламмаа” қўшимчаси билан боғланади. Масалан: “Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик — уларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилиб юбордик” (Зухруф сураси, 55).

Гоҳида кавний ё шаръий ҳукм (яъни бандага етадиган яхшилик ё ёмонлик) амалга бирон иш-ҳаракатнинг сабабини баён этувчи “Инна” ҳарфи билан боғланган бўлади. Масалан: “Бас Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб (туғмайдиган кампирни бола кўришга қодир қилиб) қўйдик. Дарҳақиқат улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо этар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар” (Анбиё сураси, 90). Уларнинг акси бўлган қавм ҳақида шундай деган: “Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 77).

Гоҳида кавний ё шаръий ҳукм, яъни бандага етадиган яхшилик ё ёмонлик амалга муайян бир амал бажарилмаганда ҳукм ҳам вужудга келмаслигини баён қилувчи “Лавлаа” қўшимчаси билан боғланган бўлади. Масалан: “Энди агар у (Аллоҳга истиғфор айтиб) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганда эди, албатта у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунгача (яъни қиёматгача) қолиб кетган бўлур эди” (Соффат сураси, 143-144).

Гоҳида кавний ё шаръий ҳукм муайян бир амалнинг вужудга келиши муайян бир амалга шарт қилиб қўйилганини билдирувчи “Лав” қўшимчаси билан боғланган бўлади. Масалан, “Агар улар айтилган панд-насиҳатларга амал қилганларида, ўзлари учун яхшироқ ва иймонларини мустаҳкам қилувчироқ иш бўлур эди” (Нисо сураси, 66).

Умуман олганда, Қуръони карим бошидан охиригача бандага етадиган яхшилик ва ёмонлик ҳамда кавний ва шаръий ҳукмлар сабабларга боғлиқ эканини очиқ билдирувчи оятларга тўла. Яъни дунё ва охиратдаги барча ҳукмлар, фойда ва зарарлар сабаб ва амалларга боғлиқ экани Қуръонда очиқ айтиб қўйилгандир.

Ким ушбу масала ҳақида чуқур тафаккур қилиб, уни тушуниб етса, жуда катта фойда олади ва қадарга нодонлик, лаёқатсизлик, бепарволик билан таслим бўлиб қолмайди. Йўқса, таваккули ожизлик, ожизлиги таваккул бўлиб қолаверади.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг