Сийрат: Рисолатдан олдинги ҳаётлари

0

Аллоҳ пайғамбаримизни рисолатдан аввал ҳам жоҳилий ишлардан сақлагани

Аллоҳ таоло бўлажак пайғамбарини жоҳилият даврида ҳукм сурган ширк келтириш, бут-санамларга сиғиниш ва бошқа жоҳилий ишлардан асраган эди. Имом Аҳмад “Муснад”да Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан шундай ривоят қилади: “Менга Хадичанинг қўшниси айтиб берди, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хадичага: “Эй Хадича, Аллоҳга қасамки, мен ҳеч қачон Лотга ҳам, Уззога ҳам сиғинмайман!”[1] деганини эшитган экан”.

Бутларга атаб сўйилган гўштдан емасдилар, бу ишда Зайд ибн Амр ибн Нуфайл билан бир хил эдилар[2].

Аллоҳ таоло у зотни ўсмирлик даврларида ҳам ёш йигитларда бўладиган ўйин-кулги ва беҳуда ишларга мойилликдан асраган эди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Жоҳилият аҳли қиладиган ишларга фақат икки марта майл билдирганман. Иккисида ҳам Аллоҳ мен билан ўша ишлар ўртасини тўсган. Бир кеча Макка  юқорисида ўзим билан бирга қўй боқадиган қурайшлик болага: «Қўйларимга қараб турсанг, мен ҳам Маккага бориб, тунни ёшлар каби ўтказардим», дедим. «Майли, борақол», деди у. Йўлга чиқиб, Макканинг биринчи уйига етганимда куй-қўшиқ овозини эшитдим. “Бу нима?” деб сўрадим. “Қурайшлик фалончи билан фалончининг никоҳ тўйи”, дейишди. Эшитмоқчи бўлиб ўтирган жойимда ухлаб қолибман. Мени қуёшнинг тафти уйғотди. Шеригимнинг ёнига қайтдим. Сўраган эди, бўлган воқеани гапириб бердим. Сўнг яна бир кеча шундай деб Маккага тушдим. Яна аввалги кечада бўлганидек ҳолат юз берди. Аллоҳга қасамки, шундан кейин Аллоҳ мени рисолат билан мукаррам этгунга қадар жоҳилият аҳли қиладиган ишлардан бирон ишга майл билдирмадим».[3]

Болалик чоғларида роҳиб Баҳийро билан учрашишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалик чоғларида (баъзи ривоятларда, ўн икки ёшга кирганларида, дейилади) амакилари Абу Толиб у кишини олиб Шомга тижорат сафарига чиқди. Йўлда карвон Бусро деган жойда тўхтаганида ўша ерда истиқомат қиладиган Баҳийро деган роҳиб улар олдига келди. Карвон авваллари ҳам бу ерда тўхтаб ўтар, бироқ Баҳийро уларга қайрилиб қарамас ва олдларига чиқмас ҳам эди. Карвон кўч-кўронини тушириб турганида роҳиб уларни оралаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келди ва у кишининг қўлларидан тутиб: «Бу бола оламларнинг саййиди, бу бола Оламлар Парвардигорининг элчиси, Аллоҳ уни бутун оламга раҳмат қилиб юборади», деди. “Сен буни қаердан биласан?” деб сўради карвондаги оқсоқоллар ундан. “Сизлар тепаликдан ошганларингизда барча тош ва дов-дарахтлар сажда қилди. Улар фақат пайғамбарларгагина сажда қилишади. Мен уни кураги остидаги олмасимон нубувват муҳридан танийман”, деб жавоб берди у.

Сўнг Баҳийро карвон аҳли учун таом тайёрлаб олиб келди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларга қараб юрган эканлар. “Уни чақиринглар”, деди роҳиб. У зот бошлари устида бир булут соя солган ҳолда келдилар. Қавм бир дарахт соясида ўтирган эди. У зот келиб ўтирганларида дарахт сояси у зот устига сурилди. Баҳийро: “Қаранглар, дарахт сояси у томонга сурилди”, деб хитоб қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга румликлар зарар етказишидан қўрқиб Баҳийро Абу Толибдан уни Шомга олиб бормасликни ва орқага қайтариб юборишни ўтинди. Шундан сўнг Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғуломларидан бирига қўшиб Маккага қайтариб юборди.[4]

Баҳийро воқеасидан олинадиган фойдалар

  • Аҳли китоблар ичидаги инсофли роҳиблар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бутун башариятга юборилган элчи эканларини билишган. Бу нарсани улар ўз китобларида битилган у зотнинг васфларидан ўқиб билган эдилар.

  • Дов-дарахт ва тошларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сажда қилгани, булут бошларига соя ташлагани ва дарахт сояси у зот томонга сурилгани.

  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари ҳамроҳлигидаги ушбу сафарларидан фойда олдилар, катталарнинг билим ва тажрибаларини ўргандилар, гап-сўзлари ва фикрларидан истифода этдилар.

  • Баҳийро Абу Толибдан ва Қурайш оқсоқолларидан у зотни Румга олиб бормасликни сўради, чунки румликлар у зотни ўзлари билган белгиларидан таниб қолсалар, ўлдиришларидан қўрқди. Дарҳақиқат, румликларда бу пайғамбарнинг чиқиши ва уларнинг минтақадаги мустамлакачилик режаларини барбод этиши ҳақида маълумот бор эди. Шу боис кутилаётган бу пайғамбарни Рум давлатининг манфаатларига хатар солувчи душман деб билишарди.

[1] Имом Аҳмад, “Муснад” (17947), санади саҳиҳ.

[2] Аҳмад Фарид, “Вақафот-тарбивия” (51-бет).

[3] Иброҳим Али, “Саҳиҳус-сийратин набавия” (57-бет).

[4] “Саҳиҳус-сийратин-набавия” (58-59-бетлар). “Тарихи Табарий” (2/278-279).

Изоҳ қолдиринг