Хулуъ қилинган аёл иддани қаерда ўтказади?

1

Савол:

Хулуъ қилинган аёл иддани эрининг уйида ўтказиши керакми ёки бошқа ерда ўтказса ҳам бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ…

Дастлаб шуни билиб олишимиз керакки, хотин киши муайян маблағни бериш эвазига эрини ўртадаги никоҳни бекор қилишга кўндириш хулуъ дейилади. Хулуъ қилинган аёл агар ҳомиладор бўлмаса, тўғрироқ фикрга кўра, бир ҳайз идда ўтиради[1]. Эр уни нафақа ва турар жой билан таъминлаши шарт эмас. Борди-ю, ҳомиладор бўлса, у ҳолда то боласи дунёга келгунга қадар идда ўтиради ва туғиши билан иддаси тугайди. Бу ҳолатда эр то ҳомила дунёга келгунга қадар уни нафақа ва турар жой билан таъминлаши шарт бўлади.

Хулуъ қилинган аёл қаерда идда ўтириши масаласига келсак, уламолар билдирган тўғрироқ фикрга кўра, бу иш аёлнинг ихтиёрига топширилади. Истаса, иддани эрининг уйида ўтказади, лекин эри билан холи қолмаслик шарт. Истаса, бошқа ишончли ерда ўтиради.

Баҳутий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Боин талоқ бўлган аёл шаҳрининг истаган ишончли ерида идда сақлаши мумкин. Эрининг уйида идда сақлаши вожиб эмас. Бунга Фотима бинти Қайс ривоят қилган ҳадис далил бўлади: “Фотима бинти Қайсни эри Абу Амр ибн Ҳафс боин талоқ қилади. Фотима бориб бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар беради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: Сенга турар жой ҳам, нафақа ҳам берилмайди”, деб, Ибн Умми Мактумнинг уйида идда ўтиришга буюрадилар”, муттафақун алайҳ” (Кашшофул қаноъ”, 4\434).

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар эр хотинини уч бор талоқ қилса, уйларида эр-хотин билан бирга бошқа одамлар ҳам яшаса (масалан, қайнона ва қайнота, балоғатга етган фарзандлари) ва эр-хотин холи қолмайдиган бўлса, аёл ўша уйда иддаси тугагунча қолишининг зиёни йўқ. Истаса, ота-онасининг уйига бориб, ўша ерда идда сақлаши ҳам мумкин. Аммо уйда эр-хотиндан бўлак ҳеч ким бўлмаса, у ҳолда аёл бу уйдан чиқиб кетиши вожиб бўлади. Негаки, аёл боин талоқ қилинган ва эрига номаҳрам саналади. Бинобарин, улар холи қолишлари жоиз эмас. Бундай ҳолатда аёл ота-онасининг уйига бориши керак бўлади” (Фатово нурун алад-дарб).

Эслатиб ўтамизки, боин талоқ қилинган аёл билан хулуъ қилинган аёлнинг ҳукми иддани қаерда ўтказиш масаласида бир хил бўлади.

Агар хулуъ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, то ҳомиласини дунёга келтиргунча эр уни нафақа ва турар жой билан таъминлаши фарз бўлади.

Ибн Қудамо роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар эр хотинини ё уч бор талоқ, ё хулуъ қилиш, ё никоҳни фасх (бекор) этиш билан боин (яъни эр-хотинни бир-бирига номаҳрам қиладиган) талоқ қилса ва хотини ҳомиладор бўлса, хотинини нафақа ва турар жой билан таъминлаши керак бўлади. Бунга барча уламолар ижмо қилишган. Бунга далил Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир:Уларга (яъни талоқ қилиниб, идда сақлаётган аёлларингизга) ўзларингиз яшаб турган — қудратингиз етган жойдан маскан беринглар ва уларни (турган жойларидан) чиқариш учун уларга зиён етказманглар. Агар улар ҳомиладор бўлсалар, у ҳолда то ҳомилаларини дунёга келтиргунларига қадар уларга нафақа бериб туринглар(Талоқ сураси, 6).

Шунингдек, Фотима бинти Қайс ҳақида келган ҳадиснинг баъзи ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:Ҳомиладор бўлмасанг, сенга нафақа берилмайди”, деганлар. Сабаби ҳомила отанинг фарзанди саналади. Ота фарзандига нафақа бериши лозим. Она қорнидаги ҳомилага эса онага беришдан бошқа йўл билан нафақа қилишнинг имкони йўқ. Шу сабабли эр ҳомиладор хотинига нафақа бериши вожиб бўлади” (Муғний”, (8,186)). Валлоҳу аълам.

[1]Ушбу масала ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун “Хулуъ қилинган аёлнинг иддаси қанча?” номли фатвони ўқишни тавсия қиламиз. Боғичи http://ixlos.org/?p=11347

Discussion1 dona sharh

  1. Assalomu alekum varahmatulloh
    Hutmatli ixlos org azolari
    Sizlarga aloqaga chiqish qiyin bolmoqda
    Bir iltimosim bor shu saxifalar qatoriga usuli fiqixdagi nomlanga sozlar ni aloxida kiristsangiz masalan Bidad- nmaligi …..
    Xulu- …..
    Va boshqalar
    Biz oquchilar oqiganda bazi sorlarni manosini tushunmay qolyabmiz agar iloji bolsa shu sozlarni xamasini alohida qilib tarjima (slavar) korinishida yozsangiz oldindan raxmat

Изоҳ қолдиринг