Муфассирлар: Абу Бакр Жассос (1)

0

Исм-насаби

Аҳмад ибн Али Розий Жассос Ҳанафий, куняси – Абу Бакр.

Ушбу олим Ислом оламида Жассос ва Абу Бакр Розий номи билан шуҳрат топган.

Жассос сўзи араб тилида “оҳак ишлаб чиқарувчи ва деворларни оқлаш билан шуғулланувчи” деган маънони англатади.

Абу Бакр оҳак тайёрлагани ва деворларни оқлаш билан шуғуллангани боис шу касбга нисбат бериб, унга Жассос, деган лақаб беришган.

Туғилган санаси ва жойи

Абу Бакр Жассос роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 305 йили аббосийлар давлатининг ўн саккизинчи халифаси Муқтадирбиллоҳ Жаъфар ибн Аҳмад халифалиги даврида Рай шаҳрида дунёга келади ва шу ерда ўсиб-улғаяди. Уни Розий дейишлари айнан Рай шаҳрида туғилиб-ўсганига нисбатандир. Аслида Рай шаҳрига нисбат берилганда Роий ёки Ройий деб айтилиши керак. Лекин бу сўзни нутқ қилиш қийин бўлгани боис енгиллатиш мақсадида сўз охирига “зай” ҳарфини қўшиб, Розий дейишади.

Рай шаҳри ҳозирги Эрон давлати пойтахти Теҳроннинг жануби шарқида, тахминан ундан олти километрча узоқликда жойлашгандир.

Илм йўлидаги саъй-ҳаракати

Уламоларнинг таржимаи ҳолини ёритувчи тарих китобларида Жассос Рай шаҳрининг қаерида туғилгани ва бошланғич илмларни кимдан ва қаерда таҳсил олгани ҳақида маълумот берилмаган. Катта эҳтимолга кўра, бошланғич илмларни она шаҳри Райда, ўша ернинг уламоларидан таълим олган. Шаҳридаги олимлардан таълим олиб бўлгач, Ислом ўлкаларига донғи кетган машҳур уламолардан таълим олиш мақсадида Бағдод, Найсобур, Асбаҳон, Аҳвоз ва бошқа шаҳарларга сафар қилади. Дастлабки илмий сафарини ҳижрий 325 йили Бағдод шаҳрига отланиш билан бошлайди. Ўша вақтда унинг ёши йигирмада эди. Бағдодда ўша даврда ҳанафий мазҳабининг пешво олими бўлган Абул Ҳасан Кархийнинг қўлига шогирд тушади ва ундан фиқҳ илмини, хусусан, ҳанафий мазҳабини пухта ўзлаштиради. Шунингдек, у Абдулбоқий ибн Қонеъ, Даълаж ибн Аҳмад ва бошқа Бағдод шаҳрининг муҳаддис олимларидан ҳадис эшитади.

Сўнг Аҳвоз вилоятига илм талабида сафар қилади. Сўнг яна Бағдодга қайтиб келади. Бир муддат ўтгач, устози Абул Ҳасан Кархийнинг тавсияси билан буюк муҳаддис олим Ҳоким Найсобурий ҳамроҳлигида Найсобур шаҳрига сафарга отланади ва у ерда Абул Аббос Асаммдан ҳадис, Абу Саҳл Зужожийдан фиқҳ илмларини таълим олади. Бу орада устози Абул Ҳасан Кархий оламдан ўтади. Найсобур шаҳрида илмий малакасини оширгач, ҳижрий 344 йили Бағдодга қайтиб келади[1].

Асбаҳон шаҳрида эса Абдуллоҳ ибн Жаъфар Асбаҳоний ва Сулаймон Табароний каби буюк муҳаддис олимлардан ҳадис эшитади.

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Жассос фиқҳ илмини Абул Ҳасан Кархийнинг қўлида таълим олди. У ҳадис илмига рағбатли, илм йўлида кўп сафар қилган олим эди. Найсобурда Абул Аббос Асамм ва унинг сафдошлари билан, Бағдодда Абдулбоқий ибн Қонеъ, Даълаж ибн Аҳмад ва уларнинг сафдошлари билан ҳамда Асбаҳонда бир қанча муҳаддис олмлар билан учрашишга муваффақ бўлди[2].

Устозлари

Юқоридаги сўзлардан маълум бўладики, Жассос роҳимаҳуллоҳ илм йўлида талай ўлкаларга сафар қилади ва ўша даврдаги машҳур олимлардан илм олиш имконига эришади. Қуйида унинг айрим машҳур устозларини санаб ўтамиз.

  1. Абдулбоқий ибн Қонеъ ибн Марзуқ. Ҳижрий 351 йилда вафот этган. Ибн Касир у ҳақда шундай деган: “Абдулбоқий ибн Қонеъ ишончли, омонатдор, кўп ҳадисларни ёд биладиган олим эди[3].

  2. Даълаж ибн Аҳмад ибн Даълаж ибн Абдураҳмон. Ҳижрий 351 йилда вафот этган. У замонасининг буюк муҳаддис ва фақиҳ олими бўлган. Суютий у ҳақда шундай деган: “Даълаж илм чашмаси, кўп ривоятлар соҳиби, муҳаддислар устози эди[4].

  3. Абул Ҳасан Убайдуллоҳ ибн Ҳусайн ибн Даллол Бағдодий Кархий. Ҳижрий 340 йилда вафот этган. У Ироқ муфтийси ва замонасида ҳанафий мазҳабининг энг катта имомларидан бўлган. Имом Заҳабий уни таърифлаб шундай деган: “Шайх, имом, зоҳид, олим, Ироқ муфтийси, ҳанафий мазҳаби устози Абул Ҳасан Убайдуллоҳ ибн Ҳусайн ибн Даллол Бағдодий[5].

  4. Абул Аббос Муҳаммад ибн Ёқуб ибн Юсуф Асамм Найсобурий. Ҳижрий 346 йилда вафот этган. У Найсобурнинг ишончли катта муҳаддис олими бўлган. Имом Заҳабий у ҳақда шундай деган: “Абул Аббос ўз асрининг муҳаддис олими бўлганини ҳеч ким рад қилолмайди. У етмиш олти йил мобайнида одамларга ҳадис ривоят қилган[6].

  5. Абу Саҳл Зужожий. Абул Ҳасан Кархийнинг етук шогирди, “Риёзат” китобининг муаллифи, Найсобур аҳлининг ҳанафий фиқҳидаги устози.

  6. Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Аҳмад ибн Форис Асбаҳоний. Ҳижрий 346 йилда вафот этган. Асбаҳон шаҳрининг буюк тақводор муҳаддис олими бўлган. Имом Заҳабий уни таърифлаб шундай деган: “Шайх, имом, солиҳ муҳаддис, Асбаҳоннинг катта муҳаддиси Абу Муҳаммад Асбаҳоний[7].

  7. Сулаймон ибн Аҳмад ибн Айюб Табароний. Ҳижрий 360 йилда вафот этган. Ҳозирги кунимизга қадар бутун ислом олимига Табароний номи билан машҳур буюк муҳаддис олим, кўплаб бебаҳо асарлар муаллифи, “Мўъжами кабир”, “Мўъжами авсат”, “Мўъжами асғар” ҳадис тўпламлари шулар жумласидан.

  8. Абу Бакр Муҳаммад ибн Бакр ибн Муҳаммад ибн Досаҳ Басрий. Ҳижрий 346 йилда вафот этган. У буюк муҳаддис Абу Довуднинг шогирди, уламолар орасида Ибн Досаҳ номи билан танилган ишончли муҳаддис олим бўлган. Имом Заҳабий уни: “Шайх, ишончли олим[8], деб таърифлаган.

[1] “Ахбору Аби Ҳанифа ва асҳобиҳ”, (167 бет).

[2] “Сияру аъломин нубало”, (16\340).

[3] “Бидоя ва ниҳоя”, (11\242).

[4] “Табақотул ҳуффоз”, (361 бет).

[5]“Сияру аъломин нубало”, (15\426).

[6]“Тарихул Ислом”, (7\841).

[7]“Сияру аъломин нубало”, (15\553).

[8]“Сияру аъломин нубало”, (15\538).

Изоҳ қолдиринг