Чақалоққа оид ҳукмлар (6): Чақалоқнинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига иқомат айтиш

0

Тўртинчи боб

Чақалоқнинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига иқомат айтишнинг мустаҳаб экани ҳақида

Ушбу бобда талай ҳадислар келган бўлиб, улардан биринчиси Абу Абдуллоҳ Ҳоким Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Дуҳаймдан, у Суфён ибн Саиддан, у Осим ибн Абдуллоҳдан, у Убайдуллоҳ ибн Абу Рофеъдан, у эса Абу Рофеъдан ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Фотима (розияллоҳу анҳо) Ҳасан ибн Алини туққанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қулоғига азон айтганларини кўрдим»[1].

Иккинчи ҳадис: Байҳақий «Шуъабул иймон»да Ҳасан ибн Алидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки фарзанди туғилгач, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат (такбир) айтса, ундан “Умму Сибён[2]” четлатилади”, дедилар[3].

Учинчиси: Яна у (яъни Байҳақий) Абу Саиддан, у эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ибн Али туғилган куни унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтдилар»[4]. Байҳақий: “Иккала ҳадиснинг ҳам санадида заифлик бор”, деган.

Чақалоқ қулоғига азон айтилишининг сири – валлоҳу аълам –Парвардигорнинг улуғлиги ва буюклигини ифода этган, уни айтиш билан Ислом динига кириладиган шаҳодат калималари инсон эшитадиган илк сўзлар бўлиши учундир. Инсон дунёга келган пайти унга Ислом шиори бўлмиш калималар эшиттирилади, шунингдек, дунёдан чиқиш пайтида ҳам унга тавҳид калимаси айттирилади. Азон боланинг қалбига етиб бориши ва таъсир қилиши инкор этилмайди. Шу билан бирга, бошқа яна бир сезилмас фойда ҳам бўлиб, у азон калималари янграши сабабли шайтоннинг қочишидир. Зеро, Аллоҳ хоҳлаган ва тақдир қилган имтиҳонга кўра, шайтон болани туғилгунигача кузатиб, унинг ёнидан ажралмай юради. Туғилгач эса, шайтон болага энди боғланган кезда уни ғазаблантирадиган ва заифлаштирадиган азонни эшитади.

Бунда яна бошқа маъно ҳам бор: у Аллоҳга, Унинг динига ва ибодатига шайтоннинг даъватидан олдинроқ чақиришдир. Бу ишни Аллоҳ инсонга берган фитратни шайтон ўзгартириб, бошқа тарафга буриб юборишининг олдини олиш деб тушунса ҳам бўлади. Бунда яна бошқа бир қанча ҳикматлар бор.

[1]Санади заиф. Абу Довуд (5105), Термизий (1514), Аҳмад (916) ва (6/392), Ҳоким (3/179) ривояти. Термизий «Ҳасан-саҳиҳ», деган. Аммо, ҳадис заифдир, чунки санадида Осим ибн Убайдуллоҳ бор. Уни Ибн Маъийн заиф санаган, Бухорий эса у ҳақда «Ҳадиси мункар» деган. Қаранг: Заҳабий, «Кошиф» (2530).

[2]Умму Сибён: Халқ оғзида «ҳомиладор аёлга илашиб, унинг ҳомиласини тушириб юборадиган жинлардан бир тури», деб билинадиган, уйдирма чўпчаклардан. (Таржимон).

[3]Мавзуъ-тўқима ҳадис. Ибн Сунний «Амалул явми ва лайла»да (623) Жубора ибн Муғаллисдан, у Яҳё ибн Алодан, у Марвон ибн Солимдан, у Талҳа ибн Убайдуллоҳ Уқайлийдан, у эса Ҳусайн ибн Алидан ривоят қилган бўлиб, унинг санадида: 1) Яҳё ибн Ало Ар-Розий бор. Дорақутний уни тарк қилган, Аҳмад ва Вакеъ эса каззоб-ёлғончи деган; 2) Марвон ибн Солим бор: Дорақутний уни тарк қилган, Бухорий, Муслим ва Абу Ҳотим унинг ҳадисини инкор этганлар, Абу Аруба Ҳарроний уни ёлғон тўқишда айблаган. Шайх Носируддин Албоний «Ас-силсила аз-заифа»да (321) ҳадисни тўқима деб ҳукм қилган.

[4]Иккала ҳадиснинг ровийси бўлмиш Байҳақий очиқлаганидек, ҳадиснинг санади заиф, бинобарин, ҳадис ҳам заифдир. Шайх Албоний Абу Рофеънинг ҳадисини ушбу ҳадис билан ҳасан санаб, айтади: «Бунинг санади Ҳасан (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисининг санадидан кўра яхшироқ кўринади. Шунга кўра, биринчи ўтган Абу Рофеънинг ҳадисига шоҳид бўлишга яраса керак». Айтаманки: Ҳадиснинг заифлик даражасини ва у шоҳид бўлишга яроқли ё яроқсиз эканини билишимиз учун мен унинг санадини билмайман, валлоҳу аълам. (Муҳаққиқ: Шайх Фаввоз Аҳмад Замарли).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг