Али розияллоҳу анҳу: Али розияллоҳу анҳуга байъат берилиши (1)

0

Рошид халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳижрий ўттиз бешинчи йил ўн саккизинчи зулҳижжа, жума куни турли диёрлардан йиғилиб келган бебош, тўполончи, фитнакор кимсалар томонидан зулм ва тажовузкорлик билан ўлдирилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинада бўлган саҳобалари бир овоздан Али розияллоҳу анҳуга байъат беришга келишдилар. Чунки ўша вақтда ҳеч ким Алидан кўра афзалроқ ва халифаликка лойиқроқ эмасди. Қолаверса, ҳеч ким халифалик даъво қилмади. Али розияллоҳу анҳу ҳам халифаликка иштиёқманд эмас эди. У зот фитналар кенгайиб, янада кучайиб кетишидан қўрқиб, бошида халифаликни қабул қилишдан бош тортди. Бироқ Мадинадаги саҳобалар тарафидан қаттиқ талаб бўлганидан кейин ноилож халифаликни қабул этди. Шунда ҳам у ўша фитналар ортидан юз берган, Ибн Сабаъ ва унинг тарафдорлари томонидан уюштирилган ва алангалатилган Жамал ва Сиффин ҳодисалари туфайли айрим жоҳилларнинг танқидларидан барибир саломат қолмади. Али розияллоҳу анҳунинг қандай қилиб халифаликка сайлангани ҳақида бир қатор аҳли илмларнинг сўзлари бор. Жумладан, Абу Бакр Халлол  санадлари билан Муҳаммад ибн Ҳанафиядан шундай ривоят қилади: “Усмон қамалга олинган кунлари мен (отам) Али розияллоҳу анҳунинг ёнида эдим. Бир киши “Амирул мўъминин Усмон ҳозиргина ўлдирилди”, деган хабар келтирди. Шунда Али розияллоҳу анҳу важоҳат билан ўрнидан туриб кетди. Мен унга бир нарса бўлиб қолишидан қўрқиб, қучоқлаб олдим. У: “Қўйиб юбор, ярамас”, деб қичқирди. Сўнг Усмоннинг ҳовлисига йўл олди, унинг қатл қилингани аниқ бўлгач, қайтиб келиб, уйига кириб, эшигини бекитиб олди. Одамлар келиб, эшигини қоқиб, унинг ҳузурига кирдилар ва: “Усмон ўлдирилди, одамларга бир халифа зарур, бунга сиздан кўра лойиқроқ ҳеч кимни билмаймиз”, дедилар. Али уларга: “Мени қўйинглар, менинг вазир сифатида туришим сизларга амир сифатида туришимдан кўра яхшироқ”, деди. Улар: “Йўқ, сиздан кўра бу ишга ҳақлироқ кишини билмаймиз”, дейишди. “Агар шундан бошқасига кўнмасанглар, у ҳолда мен яширин байъат олмайман, байъат масжидда, ҳамманинг олдида бўлади”, деди. Шундан сўнг одамлар унга байъат бердилар”[1].

Солим ибн Абул Жаъд келтирган бошқа бир ривоятда Муҳаммад ибн Ҳанафия айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб: “Усмон ўлдирилди, одамларга бир халифа зарур. Бу вазифага сиздан кўра ҳақлироқ, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинроқ ва у зот билан бирга барча ғазотларда иштирок этган бирон кишини билмаймиз”, дедилар. Али: “Ундай қилманглар, менинг вазир бўлиб туришим амир бўлиб туришимдан яхшироқ”, деди. Улар: “Йўқ, қасамки, фақат сизга байъат берамиз”, дедилар. “Ундай бўлса, масжидда, ҳамманинг олдида байъат оламан, менга байъат яширин ва барча мусулмонларнинг розилигисиз бўлмаслиги лозим”, деди”. Солим ибн Абул жаъд айтади: “Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай деган эди: “Ўртада тушунмовчиликлар юз бериб, одамлар Али ҳақида ноўрин гап айтишларидан хавотирланиб, мен унинг масжидга келишини истамаган эдим. Бироқ, у масжиддан бошқа жойда байъат қабул қилмаслигини айтиб, туриб олди. Шундан сўнг муҳожирлар, ансорлар ва бошқа одамлар унга масжидда байъат бердилар”[2].

 

[1]Абу Бакр Халлол, “Сунна” (425-бет).
[2]Абу Бакр Халлол, “Сунна” (416-бет).

 

Изоҳ қолдиринг