Етти ҳикоят: Муқаддима (4)

0

(давоми)

Дунё ниҳоятда гўзал яратилган. Ер жамоли ўзгача, кўк жамоли умуман ўзгача. Жонли ва жонсиз мавжудотларнинг ҳар бирида бу гўзалликдан озми-кўпми насиба бор. Икки кўз оламга боқиб қувонади. Оқар сувларда жамол, салобатли тоғларда жамол. Гулзорда бир чирой, дарахтзорда ўзга бир чирой… Ўрик билан бодомни гуллаганда тамошо қилинг…

Ҳайвонот қиёфаси, тузилиши бошқача, одамзод қиёфаси, тарҳи, талъати умуман бошқача…

Хуллас, коинот гўзал, табиат гўзал, инсоният гўзал…

Билинглар, ушбу гўзалликларнинг ҳаммаси ягона Ҳусни мутлаққа – энг гўзал Зотга далолат қилади.

Ҳусни мутлақ ким?

Қадимгилар Аллоҳни васфлаб, Уни «Ҳусни мутлақ» деб аташган. Масалан, Ойбекнинг Навоий романида «Зотан бу нарса ҳеч кимсани Аллоҳдан узоқлаштирмас. Чунки табиатнинг ўзи ҳусни мутлақнинг бепоён жилвалар кўрсатган улуғ кўзгусидир», деган гап бор.

Ҳусни мутлақ Аллоҳнинг гўзал исмларидан эмас. Аҳли сунна эътиқодига кўра, أسماءالله الحسنى توقيفية дир. Яъни Аллоҳнинг гўзал исмлари Қуръон ва Суннатда келган исмлар билан чекланган. Банданинг Аллоҳга бирор исм тўқиши, Аллоҳ ва Расули атамаган исм билан Аллоҳни номлаши жоиз эмас.

Аммо «сифат боби кенг», дейди олимлар. Шунга биноан, банда Аллоҳни Унинг олий Зоти, қудрати ва улуғлигига мос сифатлар билан васфламоғи жоиздир. Аллоҳнинг ҳар бир ишда маҳоратини ифодалаш учун Уни «Чевар» деб васфлаш ҳам шу бобдан. «Чевар» исм эмас, сифат…

_  _  _

ҲАДИК

Ибн Жарир Табарий ва Ибн Касир санад билан ривоят қиладилар:

«Ё Расулуллоҳ, бизга қиссалардан сўзлаб берсангиз», деб сўрайди саҳобалар. Шунда Аллоҳ уларнинг тилагини рўёбга ошириб, Юсуф сурасини нозил этади. Оддий қисса эмас, ибратга кон «энг гўзал қисса»ни Аллоҳнинг ўзи уларга сўзлаб беради.

«Биз сизга ушбу Қуръонда қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз».

Ҳақиқатда Юсуф қиссаси ҳар жиҳатдан ниҳоятда гўзал.

Маъно-мазмуни гўзал, ибтидо-ю интиҳоси гўзал…

Назми гўзал, тасвиру баёни гўзал…

Юсуф ва Ёқуб муносабати,

Юсуф ва ака-укалар,

Юсуф ва Миср азизи (бош вазир),

Юсуф ва қулликдан қутулиш,

Юсуф ва ошиғу беқарор Зулайҳо,

Юсуф ва қамоқдошлар,

Юсуф ва Миср шоҳи,

Юсуф ва қўлини бурда-бурда қилиб кесган ошуфталар,

Юсуф ва иқтисодий буҳрон ва бу оғир ҳолатдан гўзал чиқиб кетиш,

Юсуф ва зориққан мулзам акалар,

Юсуф ва Бинямин учрашуви,

Ёқубнинг сабр-бардоши,

Юсуфнинг гўзал тадбири,

Ота-она билан дийдорлашув, туш таъбири,

Юсуф ва зафар-ғалаба…

Буларнинг бари жуда қизиқарли, жуда ажойиб, бениҳоят гўзал, ибратли ҳодисалардир.

Қизиқарли ҳодисаларни Қуръон завқбахш тарзда жуда қизиқарли услубда баён этган.

Орадан бир минг тўрт юз йил ўтди. Роппа-роса бир аср Қуръондан қисман узоқлашган эл яна Қуръонга қайтмоқда. Қуръон тиловати, Қуръон қироати, Қуръон мусобақалари…

Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн.

Энди, шу маънавий юксалиш ёнига Қуръоннинг ибратли гўзал қиссалари, Қуръоннинг беназир гўзал ахлоқ-одоблари, ҳар бир замон ва ҳар бир макон учун муносиб, эзгулик ва адолатдан иборат аҳкомлари ҳам қўшиб ўрганилса, дарслик сифатида ўргатилса ва ҳар бир шахс буни дастуриламал билиб ҳаётга татбиқ қилса, ҳаёт янада гўзал ва сермазмун ўтади. Ана шундагина инсониятнинг асрий орзулари ушалар эди. Шунинг учун Қуръон тиловати ва Қуръон мусобақасидан кейин навбатни Қуръон қиссаларига, Қуръон ахлоқларига, Қуръон аҳкомларига бериш мақсадга мувофиқдир.

Ана шундай хайрли ишга ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида орзуманд кўнглимда Қуръон «Энг гўзал қисса» деб атаган қисса асосида «Етти ҳикоят» ёзиш нияти пайдо бўлди. Ният ёнида ҳадик ҳам туғилди. У енгил ҳадик эмас, каттароқ хавф эди.

Бу хавф ва ҳадик қалбга тинчлик бермади. «Араб тилида нозил бўлган ва кўплар достон қилиб битган бу ажойиб, гўзал қиссани мен ўзбек тилида гўзал ифодалаб бера оламанми ё йўқ?»

Ахир илмий бисотдаги «мато» худди بضاعة مزجاة «арзимас мато», «ўтмас мол» каби бозорбоп эмас. Қалам ҳам у қадар чархланмаган…

Шу пайт онҳазратнинг шажоатга ундовчи:

المؤمن القوي خير وأحب إلى الله من المؤمن الضعيف، و في كل خير، احرص على ما ينفعك، واستعن بالله ولا تعجز.

«Кучли мўмин заиф мўминдан кўра яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир. Уларнинг ҳар бирида яхшилик бор. Ўзингга фойдали бўлган нарсага интил, Аллоҳдан мадад сўра, ожиз бўлма», деган ўгитлари дилга дармондори бўлди. Хавф ўрнини умид эгаллади.

«Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас. Чумчуқ пир этса, юрак шир этадиган замонлар ортда қолди. Баҳонага ўрин йўқ. Борига барака», деган далдалар билан таълифга киришдим.

 Ожизона бу уринишни Аллоҳ ҳузурида мақбул, эл наздида манзур бўлишини, Ўзи учун холис, бандалар учун фойдали бўлишини дуога кўтарилган икки қўлни қуруқ қайтаришдан ҳаё қилувчи саховатли улуғ Зотдан сўраб қоламан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“إن ربكم حيي كريم يستحيي من عبده إذا رفع يديه إليه أن يردهما صفرا”

«Албатта Роббингиз табарока ва таоло ўта ҳаёли, улуғ, саховатли зот. Бандасининг Унга дуо учун кўтарган икки қўлини қуруқ қайтаришдан уялади», деганлар. Абу Довуд «Сунани», Албоний «саҳиҳ» деган.

Ё Раб, ё Раб, ё Раб…

Ўзинг Ҳайиййун Кариймсан. Сўраганга тилагини бера-сан, шукур қилганга инъомларингни янада зиёда қиласан, ё Раб, Ўзингга беадад, беҳисоб ҳамд, Ўзингга чексиз шукур…

Ё Раб, ҳар бир сўзимни, ҳар бир амалимни Ўзинг учун холис бўлмоғини насиб эт,

 

Дегонимни улусға марғуб эт,

Ёзгонимни кўнгилға маҳбуб эт.

 

Халққа зеби торак айла они,    (Зеби торак – тож)

Ўқиғонга муборак айла они…

و بالله التوفيق.

_  _  _

Китобдек фойдали ғазна топмадим,

Бойиди иймоним, ўсди онг, билим.

Тунда у чироғу йўлда чин ҳамроҳ,

Қўлимдан қўймасман келгунча ўлим.

 

Эрта-кеч беради, олмайди асло,

Нокаслардек миннат қилмайди асло.

Ҳамма нарса сўлар, эскирар, ўлар,

Маърифат манбаи сўлмайди асло.

 

Жалолиддин, токи ҳаётдирсан, ёз,

Аламзада, мажруҳ кўнгилларни ёз.

Жаҳолат ошин еб топмадик ривож,

Энди сен маърифат дастурхонин ёз.

 

Тўлдир уни оят, ҳикмат, ҳадисга,

Одамзод талпинар гўзал, нафисга.

Гар покиза нарса топилмай қолса,

Кўпнинг куни қолар жоҳил хабисга.

Абу Абдулборий Жалолиддин ибн Иброҳим

Изоҳ қолдиринг