Кўп истиғфор айтишнинг ўн самараси (3)

0
  1. Ким истиғфорни маҳкам тутса, қиёмат кунида саҳифаси уни мамнун қилади.

Истиғфор айтишда бардавом бўлган, натижада, қиёмат куни гуноҳлари пар мисоли учиб кетган, савобу ҳасанотлари кўпайиб, катталашган киши ҳақиқий зафарга эришибди! Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Қиёмат куни) саҳифасида кўп истиғфор топган кишининг жаннатдаги неъматлари зиёда бўлсин»[1], деб дуо қилганлар.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг саҳифаси (қиёмат кунида) уни хурсанд қилишини яхши кўрса, истиғфорни кўпайтирсин»[2].

  1. Истиғфор дўзах азобидан нажот топиш учун сабабдир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Эй аёллар жамоаси! Садақа қилинглар ва истиғфор айтишни кўпайтиринглар. Дарҳақиқат, дўзах аҳлининг аксари сиз аёллар эканингизни кўрдим»[3].

Энди мана бу хабар борасида ҳам фикр юритинг: Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Эй Расулуллоҳ, Ибн Жудъон жоҳилиятда силаи раҳм қилар, мискин-бечораларни таомлантирар эди. Унинг бу ишлари унга фойда келтирадими?» дедим. У зот: «Агар бирор кун, эй Раббим, қиёмат куни менинг гуноҳларимни мағфират қил, деб айтмаган бўлса, (қилган бу ишлари) унга фойда бермайди», дедилар[4].

Абу Олия айтади: «Мен икки нарса – Аллоҳга ҳамд айтишига сабаб бўладиган неъмат билан Аллоҳга истиғфор айттирадиган гуноҳ ўртасида турган бандани ҳалок бўлмайди деб умид қиламан»[5].

  1. Истиғфор дунёю охиратда Аллоҳнинг раҳматига эришиш учун сабабдир.

Солиҳ алайҳиссалом қавмига қарата шундай деди: “(Солиҳ пайғамбар кофир бўлган гуруҳга) деди: «Сизлар нега (куфр келтиришга ва ўзингизга азоб келтирадиган) ёмон ишларни қилишга ошиқасизлар? (Иймон келтиришни ва ўзингизга савоб олиб келадиган) яхши ишларни қилишни ортга сурасизлар? (Аввал бошданоқ) Аллоҳнинг раҳматига эришишингиз учун (аввал бошданоқ) Аллоҳдан мағфират сўрасангизлар, (Унга тавба қилсангизлар) бўлмайдими?» (Намл сураси, 46). Шундай экан, истиғфорни кўпайтириш ва тавба қилиш илоҳий марҳаматлар ва раббоний лутфу карамлар ёғилишига, дунёю охиратда нажот топилишига сабаблардан биридир.

  1. Истиғфор жаннатга киришга сабабдир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: Яна улар бирон катта гуноҳ қилиб қўйсалар ёки (кичикроқ гуноҳлар билан) ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни(нг ваъда ва қўрқитувларини) эсга олиб, тавба-тазарру билан Рабларига илтижо қиладиган, гуноҳларни фақат Аллоҳгина кечиришига аниқ ишонган (ҳолда Ундан гуноҳларини кечиришини сўрайдиган) кишилардир. Шунинг учун улар (агар тавба қилсалар Аллоҳ албатта тавбаларини қабул қилишини) билган ҳолларида гуноҳу маъсиятда давом этмайдилар.

(Шундай улуғ сифатлар билан сифатланган) у зотларнинг мукофотлари Аллоҳ гуноҳларини кечириши ва улар учун (дарахтлари ва қасрлари) остидан (ширин сувли) анҳорлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган (ва асло ундан чиқарилмайдиган) жаннатлар бўлишидир. (Гуноҳлар кечирилиши ва жаннатга дохил бўлиш) яхши амал қилувчи зотлар учун нақадар яхши мукофотдир! (Оли Имрон сураси, 135-136-оятлар). Демак, солиҳ кишилар ҳам хато ва гуноҳга қўл урадилар, лекин улар дарҳол истиғфор ва тавбага шошиладилар. Натижада. Аллоҳ уларнинг истиғфорлари сабабли жаннат неъмати билан сийлайди.

Барча умматларнинг солиҳ кишилари мана шу йўлда эдилар. Аллоҳ таоло айтади: У (тақводор банда)лар: “Эй Раббимиз, биз Сенга иймон келтирдик (ва пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашдик). Ўзинг бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва бизни дўзах ўтидан сақлагин”, дейдилар.

Улар (тоат-ибодатлар қилишда, гуноҳлардан тийилишда ва бошларига келадиган қазо-қадар аччиқликларига) сабрли, тўғрисўз (ва садоқатли), тўкис тоат-ибодатли, (махфию ошкор) инфоқ-эҳсон қилувчи ва (дуолар қабул бўладиган) саҳар пайтларида истиғфор айтувчи кишилардир(Оли Имрон сураси, 16-17-оятлар).

Ибн Абу Дунё Абдулазиз ибн Умар ибн Абдулазиздан шундай нақл қилади: “Отам вафот этганидан сўнг уни тушимда кўрдим. У қандайдир бир боғда эди. Шунда у менга бир нечта олма тутқазди. Мен уларни фарзанд деб таъвил қилдим. Шунда мен: «Энг афзал амал қайси экан?» деб сўраган эдим, «Истиғфор экан, болажоним», деб жавоб берди”[6].

  1. Истиғфор мартабалар кўтарилиши учун сабабдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла солиҳ бандасининг жаннатдаги мартабасини кўтариб қўяди. Шунда у: «Эй Раббим, бу менга қаердан келди?» деб сўрайди. Аллоҳ: «Фарзандинг сендан кейин сенга атаб айтган истиғфори сабабли», деб жавоб беради”[7].

Истиғфор мўмин банданинг даражасини вафотидан кейин қандай кўтариб қўйишига бир қаранг! Агар сизнинг ота-онангиздан бири вафот этган бўлса, унинг ҳаққига кўп-кўп истиғфор айтинг. Зеро, истиғфор унинг қабрида унга энг катта фойда берадиган нарсадир.

Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййит учун истиғфор айтишга асҳобларини буюрар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳабашистон подшоси Нажоший вафот этган кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга унинг вафот этгани ҳақида хабар бердилар, сўнг: «Биродарингиз учун истиғфор айтинг», дедилар[8].

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у шундай дейди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитни дафн этиб бўлганларидан сўнг, унинг қабри устида туриб: «Биродарингиз ҳаққига истиғфор айтинглар, Аллоҳдан унга собитқадамлик сўранглар. Зеро, у ҳозир сўроққа тутилади», дер эдилар[9].

(Давоми бор)

[1]Албоний, «Саҳиҳи ибн Можа» (3093).

[2]Табароний «Авсат»да (839) ривоят қилган. Санади ҳасан.

[3]Муслим 79.

[4]Муслим 214.

[5]«Ҳилятул авлиё» (2/219).

[6]«Ал-Маномот» (26-бет).

[7]Аҳмад (2/509). Ҳадиснинг санади ҳасан.

[8]Бухорий (1327), Муслим (951) ривоятлари.

[9]Абу Довуд 3221. Санади саҳиҳ.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг