Аллоҳ суйган бандалар: Дўзахдан қўрқиш (3)

0

Дўзах аҳлининг ичида азоби энг енгил бўлгани

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Дўзах аҳлининг ичида азоби энг енгил бўлгани, бир кишики унинг оёғининг ерга тегмайдиган қисмига чўғ қўйилади, шу билан унинг мияси қайнайди” (Бухорий: 11/417, Муслим: 3/85 ривояти).

Дўзахдаги азоб даражасининг фарқли экани

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дўзах ўти айримларнинг тўпиғигача, айримларнинг тиззаларигача, айримларнинг белигача, айримларнинг бўйнигача ва айримларнинг бўғзигача етади” (Муслим ривояти: 17/180).

Дўзахга бир ботириб олиш дунё роҳатларини унуттириб юборади

Аллоҳ таоло деди: “Агар кофирларга Аллоҳнинг азобидан бир улуш етганида эди, улар: “Ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар ўз жонимизга зулм қилувчи бўлдик”, деб қоладилар” (Анбиё сураси, 46).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дўзах аҳлидан бўлган, дунёда роҳат-фароғатда яшаган киши олиб келиниб, дўзахга бир ботириб олинади-да: “Эй одам боласи, ҳаётингда бирон яхшилик кўрдингми? Сенга бирон неъмат берилган эканми?” деб айтилади. У: “Аллоҳга қасамки, йўқ, эй Роббим”, дейди. Кейин жаннат аҳлидан бўлган, дунёда қаттиқ машаққатлар кўрган киши олиб келиниб, уни бир марта жаннатга ботириб олинади-да, ундан: “Эй одам боласи, ҳаётингда бирон машаққат кўрдингми? Бошингга бирон бир қийинчилик тушганмиди?” деб сўралади. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Роббим, бирон бир машаққат кўрмадим ва бошимга ҳам бирон қийинчилик тушмади”, дейди” (Муслим ривояти: 17/149).

Дўзах аҳлининг йиғиси ва дод-фарёди

Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ ва Росулига кофир бўлган кимсалар учун алангали жаҳаннам азоби бордир. Уларга на ўлишга ҳукм қилиниб, ўлиб қутулиб кетурлар. Ва на улардан дўзахнинг азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни ана шундай жазолаймиз. Ўша кофирлар жаҳаннамда азобнинг шиддатидан дод-фарёд қилиб: “Эй Раббимиз, Бизни жаҳаннамдан чиқаргин ва дунёга қайтаргин. Дунё ҳаётимизда қилиб ўтган ишларимиздан бошқа яхши  амалларни қиламиз”, дейдилар. Шунда Аллоҳ уларга: “Биз сизларга ҳаётда насиҳат олишга етгудек узун умр бермаганмидик? Сизларга огоҳлантирувчи пайғамбар ҳам келган эди. Энди жаҳаннам азобини тотинглар. Кофирлар учун Аллоҳнинг азобидан қутқариб қоладиган бирон ёрдамчи йўқдир” (Фотир сураси, 36-37).

Абдуллоҳ ибн Қайс розияллоҳу анҳу ривоят қилади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дўзах аҳли йиғлайдилар, йиғлаганда ҳам кўз ёшларида кемалар сузадиган даражада йиғлайдилар. Улар қон йиғлайдилар” (Ҳоким ривояти).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг