Етти ҳикоят: Биринчи ҳикоят

0

ТАЪБИРИ КЕЧИККАН ҒАРОЙИБ ТУШ

Бир куни жажжи Юсуф ажойиб ва ғаройиб туш кўради.

Бу туш кечаси билан алаҳлаб, босинқираб чиққан одамнинг туши эмас. Ўнгидан келмайдиган пойинтар-сойинтар туш ҳам эмас, балки порлоқ келажакдан дарак берувчи тиниқ туш эди. Унда мужда-хушхабар яширинган. Буни Ёқуб ўша заҳоти сезади ва шу лаҳзада қалбини қувонч билан қайғу қоришган ғалати туйғу қамраб олади. Буни унинг Юсуфга тайинлаган сўзидан, тушни яширишга бўлган ҳаракатидан пайқаш унча қийин эмас. У ҳам шодмон, ҳам ғамнок эди.

Айтгандай, инсон қайси ёшдан туш кўра бошлайди?

Назаримда, бу ҳануз илмий асослаб берилмаган сирли оламдаги саноқсиз жумбоқлардан бири бўлса керак. Чунки бу борада бир тўхтамга келинган, иттифоқ қилинган аниқ бир фикрни кўрмадим.

Кимдир «Бола бешикдаёқ туш кўра бошлайди. Ухлаётган гўдакнинг уйқуда жилмайиши ёки, аксинча, безовта бўлиб ғингшиши шу туш таъсиридан», деса, кимлардир бу фикрни рад этади.

Дарвоқе, кўзи ожизлар ҳам туш кўрадими? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Ҳа, кўрлар ҳам туш кўрар экан. Мен буни Мадинадаги кўзи ожиз бир биродарнинг ўзидан эшитганман.

– Тушимга дадам кирди, – деб қолди у бир кун.

– Кўрлар туш кўрадими? – деб юборибман қизиқиб.

– Ҳа, кўради.

– Қандай кўрасиз? Бирон нарса кўринадими?

– Йўқ, ҳеч нарса кўринмайди, овоз эшитилади, холос, – деб, тушига кирган ҳодисани сўзлаб берди.

Илмий тадқиқотларга кўра, туғма кўрлар тушда фақат овоз эшитар экан. Кейинчалик кўр бўлиб қолганларга ҳар бир нарсанинг шакл ва манзараси аниқ намоён бўлар экан.

Кўздан қолган Ёқуб ҳам Юсуфни тушда кўрганмикин?

Аллоҳ кўзи ожиз бандаларга сабр берсин, ажрни бисёр этсин. «Кимнинг икки маҳбубасини (кўзини) олган бўлсам, сабр қилса, эвазига жаннат бергум», деган ваъдаси бор. Аъмо-кўзи ожиз одам дунёнинг тенг ярим лаззати бўлмиш гўзалликни кўришдан, тасаввур этишдан маҳрум. Ахир дунёнинг тенг ярим гўзаллиги кўз орқали идрок этилади-ку. Шунга кўра, «Муқаддима»даги гўзаллик ҳақидаги барча завқли мавзулар улар учун унчалик қизиқарли бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Қиёфа тасвири, талъат васфи, ташбеҳу тамсилларнинг ҳаммаси бекор.

«Кўрлик тузалмас дарди бедавоми?» «Кўзи ожиз инсон ўзига ёки ўзгалар унга шифо сўраса, кўз нурини қайтаришини тилаб дуо қилса бўладими? Даволаниш жоизми?»

Туш баҳонасида пайдо бўлган бу саволлар жавобини нуридийда кўйида туну кун йиғлаб, кўз нуридан айрилган муштоқ падар қисматига етганда ўқийсиз, иншааллоҳ.

Хуллас, аъмо ҳам, тили чиқиб, катталар билан бемалол мулоқот қила оладиган ёш бола ҳам туш кўради.

Юсуф туш кўрган пайтда унинг ёши нечада бўлганини аниқ айтиш қийин. Лекин анча кичик бўлгани аниқ. Унинг туши оддий туш эмаслиги, ҳар кимга ҳам насиб қилавермайдиган катта аҳамиятга молик буюк тушлиги ҳам аниқ.

Юсуф тушининг ажойиб ва ғаройиб жиҳатлари билан қисса давомида танишасиз. Ундан олдин туш турларини билиб олиш мақсадга мувофиқдир.

«Ие, туш ҳам ҳар хил даражали бўладими? Туш ҳам «оддий» ва «олий» бўлиши мумкинми?» деган ҳайрат ва чигаллар шу баҳона барҳам топади, иншааллоҳ.

Тушларни асосан уч турга бўлиш мумкин:

  1. Аллоҳ томонидан бўлган маънили, ҳақ туш.

Бундай туш кишига ё хушхабар беради, ёки бирор бир хатардан огоҳлантиради.

  1. Қўрқинчли, маънисиз, алғов-далғов, шайтоний туш.

  2. Инсон кундузи ўнгида кўрган воқеа-ҳодисаларнинг уйқуда акс этиш жараёни.

Баъзан киши кундузи нимани кўп кўрса, эшитса, ўйласа, кечаси шу нарсалар унинг тушига киради. Бир болани биламан, агар у қисса ўқиса, ёки қандайдир воқеани эшитса, кечаси шу ҳодисалар унинг тушига киради ва ўзи шу воқеаларда бош қаҳрамон бўлиб иштирок этади.

Иккинчи ва учинчи тур «туш»лар ҳақ туш эмас. Бу нав туш ҳеч кимга айтилмайди. Чап тарафига уч марта туфлаб, шайтоннинг шарридан ва шу тушнинг ёмонлигидан паноҳ тиланади. Шунда унга ҳеч қандай зарар етмайди… Тушдан қўрқиш ўринсиз. Зеро, бундай тушнинг инсон ҳаётига ҳеч қандай таъсири йўқ. Агар тўшакда ётган бўлса, бошқа томонга ўгирилиб олсин ва ҳеч кимга хабар бермасин.

Аллоҳ томонидан бўлган ҳақ тушни ҳам овоза қилишга шошмаслик керак. Ҳар хил одам бор. Туш сабабидан ёки бошқа бир арзимас нарсалар боис ака-ука ўртаси бузилиб кетиши, дўстнинг душманга айланиши, хешу ақрабонинг юз кўрмас бўлиб қолиши, минг афсусларким, бор ҳақиқат. Ёқуб алайҳиссалом ана шундан қўрққан, хавотирланган эди.

Яна бир туш тури бор. У фақат пайғамбарларга хос. Пайғамбарлар туши – ваҳий. Солиҳ кишининг содиқ-рост туши эса, пайғамбарликдан бир бўлак.

Ҳар ким ўз ёшига ва ҳолатига муносиб туш кўради.

«Гўшт есанг, тишингга кирар, емасанг, тушингга кирар», дейилганидек, очнинг тушига нон, товуқнинг тушига дон, ошуфта ошиқнинг тушига жонон киради.

Устозимиз тарих фанлар доктори Абдулазиз Салумий Умавийлар давлатининг (661-750 йил) бешинчи ҳукмрони, халифа Абдулмалик ибн Марвон (646-705 йил) ҳаётида рўй берган қизиқ воқеани сўзлаб берган эди:

21 йил ҳукмронлик қилган Абдулмалик Марвон ўғли бир куни «ёмон» туш кўради. Ҳатто худди чаён чаққан одамдек ётган ўрнидан сапчиб туриб кетади. Уйқуси бузилган халифа истиғфор айтиб, яна уйқуга кетади.

(давоми бор)

Изоҳ қолдиринг