Таҳорат: Таҳоратни бузувчи амаллар (3)

0

Тўртинчидан: туя гўшти истеъмол қилиш

Хом, қайнатилган, қовурилган ёки бошқа ҳар қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, туя гўшти истеъмол қилиш таҳоратни бузади[1].

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу аксар ҳадис аҳлининг фикридир. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, «бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қўй-эчки гўшти ейиш сабабли таҳорат қилайми?», деб сўраганида, у зот: «Истасанг, таҳорат қил, истамасанг таҳорат қилма», дейдилар. У яна: «Туя гўшти ейиш сабабли таҳорат қилайми?», деб сўраганида, у зот: «Ҳа, туя гўшти ейиш сабабли таҳорат қил», дейдилар[2].

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни туя гўшти ейиш сабабли таҳорат қилишга буюрдилар»[3].

Ҳадисдаги «туя гўшти» деган сўз туянинг ҳар қандай гўштини ўз ичига олади. Шунга биноан, туянинг жигари, ўркачи, чарвиси ёки шу каби бошқа ҳар қандай гўштини еган кишининг таҳорати бузилади. Аммо туянинг сутини ичиш таҳоратни бузмайди. Чунки унга гўшт дейилмайди.

Бешинчидан: Аёл кишини ушлаш

Тўғри ва кучли фикрга кўра, хоҳ маҳрам, хоҳ номаҳрам бўлсин, аёл кишининг баданини ушлаш таҳоратни бузмайди. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис шунга далолат қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олд томонларида ухлар эдим, оёқларим у зотнинг қибла томонига узатилган эди. У зот (кечаси намоз ўқиётиб) сажда қилсалар, (қўллари билан) мени туртар ва мен оёқларимни йиғиб олар эдим. (Сажда қилиб бўлиб), қиёмга турсалар, оёқларимни яна узатиб олар эдим. У даврларда уйларда чироқлар йўқ эди»[4].

Яна Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бирини ўпар, сўнг (қайтадан) таҳорат қилмасдан намоз ўқир эдилар»[5].

Аёл кишининг баданини ушлаш таҳоратни бузишига Аллоҳ таолонинг таҳорат оятидаги «ёки аёллар билан «ушлашсангиз»», деган сўзини далил қилишга келсак, тўғри фикрга кўра, бу ердаги «ушлашиш»дан мақсад жинсий яқинликдир. Чунки ушлашиш ўзаро икки кишининг ўртасида содир бўладиган ишдир. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Мажмуъул фатово» китобида ушбу масалани чиройли ва батафсил тарзда баён қилган. Хоҳлаганлар мазкур китобга мурожаат этишлари мумкин.

Муҳим эслатма:

Аёл кишининг баданини ушлаш таҳоратни бузмайди, дегани эркак киши номаҳрам аёлларнинг баданини ушлаши жоизлигини англатмайди. Зеро, номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришиш ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Икки қўл зино қилади. Уларнинг зиноси ушлашдир»[6]. Яна у зот айтадилар: «Сизлардан бирингизнинг бошига темир бигиз санчилиши номаҳрам аёлни ушлашидан кўра унга яхшироқдир»[7].

[1] Туя гўшти истеъмол қилиш таҳоратни бузиши ёки бузмаслиги ихтилофли масаладир. Ҳанафий ва моликий мазҳаби уламоларининг фикрича, шунингдек, шофеий мазҳабидаги тўғрироқ фикр ҳамда имом Аҳмаддан келган бир нақлга кўра, туя гўшти истеъмол қилиш таҳоратни бузмайди. Зоҳирийлар, аҳли ҳадислар, ҳанбалий мазҳабидаги мўътабар фикр ҳамда имом шофеийнинг эски мазҳабига кўра, туя гўшти истеъмол қилиш таҳоратни бузади. Муаллиф ҳар икки фикр тарафдорлари келтирган далиллар ва уларнинг муҳокамасидан келиб чиқиб, туя гўшти истеъмол қилиш таҳоратни бузади, деган фикрни ихтиёр қилган (тарж.).
[2] Муслим ривояти, 360. Шунингдек, Баро розияллоҳу анҳудан ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилинган. Уни Абу Довуд (184), Термизий (81), Аҳмад (4/303) ривоят қилган.
[3] Саҳиҳ. Ибн Можа (495), Аҳмад (5/96), Ибн Ҳиббон (1127) ривояти. Ҳадисни Албоний «Ал-мишкот»да саҳиҳ деган.
[4] Бухорий (382), Муслим (512), Абу Довуд (712), Насоий (1/102) ривояти.
[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (178, 179), Термизий (86), Насоий (1/104), Ибн Можа (502) ривояти.
[6] Бухорий (6243), Муслим (2657), Абу Довуд (2153) ривояти. Ҳадис матни Абу Довудга оид.
[7] Ҳасан. Табароний «Кабир»да (20/211) ривоят қилган. Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (226) ҳасан деган.

Изоҳ қолдиринг