Умавийлар давлати: Аммор ибн Ёсирнинг ўлдирилиши ва бунинг мусулмонларга таъсири

0

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуга айтган “Сени боғий (тажовузкор) тоифа ўлдиради”,[1] деган ҳадислари саҳиҳ ҳадисдир.

Аммор розияллоҳу анҳунинг ўлдирилиши Сиффин жангига анчагина таъсир кўрсатди. Чунки у зот энг машҳур ва кўзга кўринган саҳобалардан эди, кўпчилик унга эргашарди. Масалан, Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳу Сиффинга келган, бироқ қурол кўтармаган эди. У Аммор розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганини кўргач, қиличини яланғочлаб, шомликларга қарши жангга кириб кетди. Боиси, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аммор ҳақидаги: “Уни боғий тоифа ўлдиради”, деган ҳадисларини эшитган эди. Шиддат билан урушга шўнғиб, у ҳам шу жангда ўлдирилди[2].

Амморнинг ўлдирилиши Муовия қўшинидагиларга ҳам таъсир кўрсатди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу отаси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга: “Бу одамни биз ўлдирдик, ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни боғий тоифа ўлдиришини айтганлар”, деди. “Қайси одамни айтяпсан?” деб сўради Амр. “Аммор ибн Ёсирни”, деди. Шундан сўнг Амр ибн Ос Муовия ҳузурига бориб: “Биз Амморни ўлдирдик, ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақда нима деганларини билардик”, деди. Муовия: “Овозингни ўчир, шалтоғига беланган! Уни биз ўлдирибмизми?! Уни жанг майдонига олиб келганлар ўлдирди”, деди[3]. Шундан сўнг Муовиянинг таъвили шомликлар орасида тўқайга тушган ўт каби тезда тарқалиб кетди.

Яна бир саҳиҳ ривоятда шундай дейилади: Амр ибн Ҳазм Амр ибн Оснинг олдига кириб: “Аммор ўлдирилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни боғий тоифа ўлдиради”, деганлар”, деди. Амр ибн Ос қўрқиб кетди ва ўрнидан даст туриб, Муовия ҳузурига борди. “Ҳа, нима бўлди?” деб сўради Муовия. “Аммор ўлдирилди”, деди. “Нима бўпти ўлдирилса?” деди Муовия. Амр: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга “Сени боғий тоифа ўлдиради”, деб айтганларини эшитганман”, деди. “Сен сийдигингга беланиб қопсан! Уни биз ўлдирдикми?! Уни Али ва унинг одамлари ўлдирдилар, уни олиб келиб, бизнинг найзаларимизга (ёки қиличларимизга) нишон қилдилар”, деди[4].

Яна бир саҳиҳ ривоятда айтилади: Икки киши Амморнинг боши устида талашиб, Муовия ҳузурига келди, иккиси ҳам уни ўзи ўлдирганини айтарди. Шунда шу ерда ҳозир бўлган Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо уларга деди: “Уни иккингиздан қай бирингиз ўлдирган бўлса ҳам, у шеригини бу жиноят юкидан қутқарибди. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Уни боғий тоифа ўлдиради”, деганларини эшитганман”, деди. Шунда Муовия Абдуллоҳ ибн Амрга: “Унда сен нега бизнинг орамизда юрибсан?!” деди. Абдуллоҳ деди: “Отам менинг устимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилганида у зот менга насиҳат қилиб: “Модомики, отанг тирик экан, унга итоат эт ва унга осийлик қилма”, деб буюрган эдилар. Шу боис мен сизлар билан биргаман, лекин жанг қилмайман”, деди[5].

Мазкур ривоятлардан кўринадики, фақиҳ саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ҳақ сўзни айтишга ва насиҳат қилишга ҳарис эди. У Амморни ўлдиришгани учун Муовия ва унинг тарафдорларини боғий тоифа деб санади. У бу қотилликни турли ўринларда бир неча бор қатъиян қоралаган.

Шубҳасиз, Аммор розияллоҳу анҳунинг ўлдирилиши ушбу ҳадис сабабли шомликларга қаттиқ таъсир кўрсатди. Лекин Муовия розияллоҳу анҳу бу ҳадисни ноўрин таъвил қилди. Унинг “Амморни уни жанг майдонига олиб келганлар ўлдирди”, деган сўзи тўғри эмас.

Амморнинг ўлдирилиши шунингдек, Амр ибн Осга ҳам таъсир қилди, ҳатто айтиш мумкинки, Амморнинг шаҳид этилиши Амр ибн Осни бу урушни тезроқ тўхтатиш учун ҳаракат қилишга ундади. Ўшанда у ҳатто: “Қанийди, шу кунга етмай, йигирма йил олдин ўлиб кетганимда”, деган эди[6].

Дарҳақиқат, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Масжид қурилишида биз биттадан ғишт кўтарсак, Аммор иккитадан кўтарар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни кўриб, унга илашган тупроқларни қоқиб туриб, шундай дедилар: “Шўрлик Аммор, уни боғий тоифа ўлдиради. Бу уларни жаннатга чорлайди, улар буни дўзахга чақиради”. Аммор: “Аллоҳдан дўзахдан паноҳ тилайман”, деди»[7].

Ибн Абдулбар айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Амморни боғий тоифа ўлдиради”, деган ҳадислари мутавотирдир, бу у зотнинг ҳақ пайғамбар эканига далиллардан биридир, чунки унда келажакда бўладиган ҳодисанинг хабарини берганлар ва бу энг саҳиҳ ҳадислардандир”[8].

Заҳабий ушбу ҳадис ҳақида сўзлаб: “Бу бобда бир қанча саҳобалардан ривоят бор, бу ҳадис мутавотир ҳадисдир”, дейди[9].

 

[1] Муслим (2916) ривояти.
[2] “Хилофати Али” (211-бет).
[3] “Муснади Аҳмад” (2/206).
[4] Абдураззоқ, “Мусаннаф” (11/240), санади саҳиҳ.
[5] “Муснади Аҳмад” (11/138), Аҳмад Шокир санадини саҳиҳ, деган.
[6] “Ансобул-ашроф” (1/170). Ғазбон, “Амр ибн Ос” (603-бет).
[7] Бухорий (447) ривояти.
[8] “Истийъоб” (3/1140).
[9] “Сияри аъломин нубало” (1/421).

Изоҳ қолдиринг