Дард ва даво (18): Қуръон ва суннатни нотўғри талқин қилиб ўзини алдаш

0

Айримлар ўзига ўхшаган жоҳил инсонларнинг баъзи оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиши натижасида тушунган фикрига таяниб, ўзини алдаб юради. Масалан, баъзилар: “Яқинда Парвардигорингиз сизга (шундай неъматлар) ато этурки, сиз рози бўлурсиз[1], деган оятни нотўғри тушуниб, шундай дейди: “Албатта Пайғамбаримиз ўз умматидан бирон киши дўзахда бўлишига асло рози бўлмайди”. (Аллоҳ таоло у зотни рози қилишни ваъда бермоқда. Демак, қанча гуноҳ қилсак ҳам, дўзахга тушмаймиз.)

Бу ўта кетган қабиҳ жаҳолат ва Пайғамбармиз номига очиқчасига ёлғон тўқишликдир. Негаки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабби Аллоҳни рози қиладиган нарсалардан, албатта, рози бўлади. Аллоҳ таолони эса золим, фосиқ, хоин, катта гуноҳлардан тийилмайдиган кимсаларни азоблаш рози қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таборака ва таолони рози қиладиган ишлардан рози бўлмаслигини тасаввур этиб бўлмайди.

Баъзилар Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради”, деган сўзига таяниб қолади. Бу ҳам катта жаҳолатдир. Бу фикрга кўра, ширкни ҳам Аллоҳ таоло кечириши келиб чиқади. Негаки, оятда Аллоҳ таоло барча гуноҳларни кечиришини айтмоқда. Ширк эса гуноҳларнинг энг каттаси ва асоси саналади. Ушбу оят тавба қилган бандалар ҳақида нозил бўлганига уламолар ўртасида хилоф йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло тавба қилган банданинг гуноҳларини, у қандай гуноҳ бўлишидан қатъи назар, барчасини кечиради. Агар ушбу оятда тавба қилмаган бандалар ҳам назарда тутилганда, оят ва ҳадисларда гуноҳ-маъсиятлар учун ваъда қилинган таҳдидлар ва шафоат сабабли дўзахдан мусулмонлар чиқарилиши ҳақидаги ҳадислар йўққа чиқиб кетган бўларди.

Шубҳасиз, илми ва фаҳм-фаросати кам одамлар шундай нотўғри фикрга боради. Бунинг исботи шуки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мазкур оятда гуноҳларни кечиришини умумий кўринишда, бирон қайдсиз айтмоқда. Бундан эса тавба қилган банданинг гуноҳлари кечирилишини ирода қилгани тушунилади. Чунки, Нисо сурасида қайси гуноҳларни кечириши ва қайси бирини кечирмаслигини хослаб ва қайдлаб шундай деган: “Аллоҳ Ўзига бирон нарса шерик қилинишини асло кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳларни Ўзи истаган бандаси учун кечиради[2]. Мазкур оятда Аллоҳ ширкни кечирмаслиги, ундан бошқа ҳар қандай гуноҳни кечириши мумкинлиги ҳақида хабар бермоқда. Агар ушбу оятда тавба қилган банданинг гуноҳлари назарда тутилганда ширк билан бошқа гуноҳ ўртаси ажратилмаган бўлар эди. (Негаки, тавба қилган кишининг барча гуноҳлари кечирилиши ҳақида талай далиллар келган)

Баъзи жоҳиллар эса: “Эй инсон, нима сени Карим (яъни Карамли) Парвардигорингдан (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?![3] оятини нотўғри талқин қилиб алданиб қолишади. Улар: “Инсонни алдаб қўйган нарса Аллоҳнинг карамли зот эканидир”, дейди. Бошқа бирлари эса: “Қаранг, Аллоҳ таоло ушбу оятда инсонни тоат-ибодатдан алданиб қолишига сабаб бўлган ҳужжатни (яъни Аллоҳнинг марҳамати кенг эканини) ўргатиб қўйди”, дейди. Бундай дейиш ниҳоятда билимсизликдир. Аслида эса инсонни Раббига тоат-ибодат қилишдан шайтон, ёмонликка буюрувчи нафси, жоҳиллиги ва ҳавои нафси алдаб қўйган.

Аллоҳ таоло ушбу оятда Карим (яъни Карамли) сўзини у билан хотиржам бўлиш учун эмас, ҳаққини поймол қилинмайдиган, ҳамиша итоат этиш шарт бўлган буюк хожа (олий зот) маъносида келтиргандир. Бу мафтун[4] одам ўзини алдаб қўйган нарсани нотўғри талқин қилиб, алданиши керак бўлмаган зот билан алданиб қолди.

Хомхаёлга берилган баъзи кимсалар эса: “Бас, (эй инсонлар,) Мен сизларни ловуллаб ёниб турган оловдан — дўзахдан огоҳлантирдим. Унда фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина куйдирилур![5]. “Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг”, деган оятларни нотўғри тушунадилар. (Яъни дўзахга фақат кофирлар киради. Модомики, иймоним бор экан, қанча гуноҳ қилсам ҳам, дўзахга кирмайман, деган хомхаёлга бериладилар.)

Хомхаёлга берилган бу кимса билмайдики, биринчи оятда дўзах деганда дўзах даражаларидан биригина назарда тутилган, дўзахнинг барчаси эмас. Дўзахнинг барчаси деб фараз қилсак ҳам, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: “Унга фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина кирур!” деб айтмади. Балки: “Унда фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина куйдирилур!”, деди.

Маълумки, “унда фақат кофир кимса куйдирилур”, деган сўздан “унга кофирдан бошқалар кирмайди”, деган маъно келиб чиқмайди. Чунки, куйдирилиш киришга қараганда хосроқ маънони англатади. Уламолар, бирор хос маънони йўқ дейиш ундан кўра умумийроқ бўлган бошқа маънонини ҳам йўқ дейишни тақозо қилмайди, дейишади.

Қолаверса, у мазкур оятдан кейинги: “Ўзи покдомон бўлиб, мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган тақводор зот у (дўзах)дан йироқ қилинур[6], оятини мушоҳада қилиб кўрганда, ушбу оятда кўзда тутилган инсон эмаслигини ҳам билиб олар эди. Демак, унинг дўзахдан четлатилишига ҳеч қандай кафолат йўқ.

Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг[7], деган оятга келсак, Аллоҳ таоло жаннатга кирувчилар ҳақида: “Тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз![8] деб айтган. Дўзахнинг кофирлар учун тайёрлаб қўйилиши унга фосиқ ва золимлар кирмайди дегани эмас. Шунингдек, жаннатнинг тақводорлар учун тайёрлаб қўйилиши қалбида зарра мисқолича иймони бор, лекин умрида бирон яхши амал қилмаган одам кирмайди, дегани эмас.

(Давоми бор)

[1] Зуҳо сураси, 5-оят.

[2] Нисо сураси, 48 оят.

[3] Инфитор сураси, 6 оят.

[4] Мафтун – алданган, фитналанган, маъносида.

[5] Лайл сураси, 14-16-оятлар.

[6] Лайл сураси, 17-18-оятлар.

[7] Бақара сураси, 24 оят.

[8] Оли Имрон сураси, 133 оят.

Изоҳ қолдиринг