Қирқ ҳадис: Ўн иккинчи ҳадис шарҳи

0

Ўн иккинчи ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кишининг ўзига тааллуқли бўлмаган ишларни тарк қилиши мусулмонлигининг чиройидандир»[1]. Ҳасан ҳадис. Термизий ва бошқалар шундай ривоят қилишган.

Шарҳ

«…ўзига тааллуқли бўлмаган ишлар…»

Яъни инсон эътибор бериши лозим бўлмаган, унга тегишли бўлмаган ишлар. Бу ҳадис билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши сўз сўзласин ёки сукут қилсин»[2], деган сўзлари ўртасида баъзи жиҳатлардан ўхшашлик бор.

Ҳадисдан олинадиган айрим фойдалар:

  1. Ислом дини барча чиройли хислат ва фазилатларни ўзида мужассам этган. Устозимиз Абдураҳмон ибн Саъдий раҳимаҳуллоҳ ушбу мавзуга оид «Ислом динининг чиройли фазилатлари» деган рисола ёзган. Шунингдек, Шайх Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Салмон раҳимаҳуллоҳнинг ҳам шу мавзуга оид рисоласи бор.

Исломнинг барча чиройли фазилати Аллоҳ таолонинг қуйидаги икки калимасида аксини топган: «Дарҳақиқат, Аллоҳ адолатга ва эҳсонга (яъни Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилишга ёхуд ҳар бир ишни маромига етказиб, мукаммал даражада бажаришга) буюради» (Наҳл сураси, 90).

  1. Кишининг ўзига тегишли бўлмаган, иши ва эҳтиёжи тушмаган нарсаларни тарк этиши мусулмонлигидан келиб чиққан чиройли фазилатдир.

  2. Кимда ким ўзига тааллуқли бўлмаган ишлар билан машғул бўлса, демак, мусулмончилигида қусур бор. Бу иллат баъзи инсонларда учраб туради. Ундайлар ўзига тегишли бўлмаган мавзуларда гапиради, бировларнинг олдига бориб, кераксиз нарсалар тўғрисида савол сўраб, бошини қотиради, ҳеч алоқаси бўлмаган ишларга бурнини суқиб юради. Бу ишларнинг барчаси ундаги мусулмончиликка оид хислат ва фазилатларнинг бўш ва заифлигига далолат қилади.

  3. Инсон ўзидаги мусулмонлик хислатларини энг чиройли даражага чиқаришга ҳаракат қилиши, ўзига тааллуқли бўлмаган ишларни тарк этиши лозим. Зеро, ўзига тегишли бўлмаган ишлар билан машғул бўлган киши жонини беҳудага қийнайди.

Шу ўринда бир савол туғилади: кишининг ўзига тегишли бўлмаган ишларни тарк этиши, деганда бошқаларни яхши ишларга буюрмаслик ва ёмонликлардан қайтармаслик ҳам кирадими?

Жавоб: йўқ, чунки яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ҳар бир инсонга тегишли бўлган ишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан яхшиликка чақирадиган, яхши ишларга буюрадиган ва ёмон ишлардан қайтарадиган бир уммат – жамоат бўлсин» (Оли Имрон сураси, 104). Бир инсонни ножўя иш устида кўрганингизда унга: «Эй биродар, бу ёмон иш, уни қилиш жоиз эмас», десангиз, «Бу ишнинг сизга алоқаси йўқ», дейишга ҳаққи йўқ. Агар шундай деса ҳам, эътирози қабул этилмайди. Чунки «амри маъруф ва наҳий мункар» қилиш – яхши ишларга буюриб, ёмон ва ножўя ишлардан қайтариш бутун Ислом умматига тааллуқли ишдир.

Шунингдек, кишининг ўз аёли ва фарзандларига тааллуқли бўлган ишлар ҳам унга алоқаси бўлган, унга тегишли ишлар саналади. Уй раҳбари бўлмиш эркак уларни яхшиликка бошлаши, буюриши, ёмонликдан қайтариб, огонлантириши зарур. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, ўзингизни ва оилангизни ўтини инсонлар ва тошлардан иборат дўзахдан сақлангиз» (Таҳрим сураси, 6). Аллоҳ барчамизга ҳидоят ва тавфиқ берсин!

[1] Термизий (2318), Ибн Можа (3976) ривояти.
[2] Бухорий (6475), Муслим (47,74) ривояти.

Изоҳ қолдиринг