Сийрат: Фижор уруши ва яхшилар иттифоқи

0

“Ҳарбул фижор” уруши

Бу уруш Қурайш ҳамда унинг шериги бўлмиш киноналиклар билан Ҳавозин қабиласи ўртасида кечган эди. Урушнинг келиб чиқиш сабаби қуйидагича эди:

Ҳавозинлик Урва ибн Утба деган шахс Ҳира подшоҳи Нўъмон ибн Мунзирнинг Укоз бозорига тижорат моли олиб борадиган карвонини ҳимоя қилиш ва манзилга эсон-омон етказиб бориш мажбуриятини зиммасига олган эди. Киноналик Барроз ибн Қайс ҳам бу ишга талабгор бўлди, бироқ Нўъмон бу вазифани Урвага топширди. Урва карвонни Ҳижозгача соғ-омон етказиб боришга ваъда берганида ўша ерда ҳозир бўлган Барроз: “Сен уни киноналиклардан ҳам ҳимоя қила оласанми?” деб сўради. У: “Ҳа, ҳамма одамлардан ҳимоя қила оламан”, деди. Ҳира ҳукмдори карвон ҳимоясини унга эмас, Урвага топширганидан ғазабланган Барроз аламига чидай олмай, Урвани пайт пойлаб, ўлдирди. Бундан хабар топган киноналиклар Ҳавозин қабиласи улардан ўч олишидан хавотирланиб, зудлик билан Ҳарам сари йўлга тушдилар. Чунки, Ҳарам ичида ҳеч ким бировга қўл теккиза олмасди. Аммо ҳавозинликлар ҳам бу воқеадан хабар топгач, улар ортидан қувишга тушишди ва уларни Ҳарам чегарасига яқин жойда қувиб етишди. Икки ўртада найзабозлик бўлиб, қоронғи тушганидан сўнг киноналиклар Ҳарам ичига кириб олишди ва у ерда уруш қилишни ҳаром деб билган ҳавозинликлар қасос алангасида ёнганча қолишди. Аммо бир неча кундан сўнг икки қабила ўртасида барибир тўқнашув рўй берди. Бу урушда Қурайш Кинонага ёрдам берди. Чунки Қурайш Кинонанинг бир бўғини саналарди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам амакилари билан бирга бу урушда иштирок этдилар.

Араблар муқаддас санаб келган Макканинг ҳурматлари поймол этилгани боис бу уруш “ҳарбул фижор” (фожирлик уруши) деб ном олди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур уруш ҳақида сўзлаб: “Унда амакиларимга ўқ етказиб бериб  турганман”, деган эдилар[1].

У зот ўша пайтда ўн тўрт ё ўн беш ёшда эдилар. Баъзи ривоятларда йигирма ёшда бўлганлари айтилади. Аммо биринчи фикр тўғрироқ, чунки амакиларига камон ўқи узатиб турганликлари ҳали ёшлари кичик бўлганига далолат қилади.

“Ҳилфул  фузул” битими

Бу битим Қурайш Ҳарбул фижордан қайтганидан сўнг тузилди. Унинг тузилишига қуйидаги воқеа сабаб бўлди: Яманнинг Забид қабиласидан бўлган бир киши Маккага тижорат моли келтирган ва уни қурайшлик Ос ибн Воил сотиб олган, бироқ пулини бермаган эди. Яманлик унинг устидан Қурайш бошлиқларига шикоят қилди, бироқ Ос ибн Воил нуфузли шахс бўлгани боис ҳеч ким унга қарши яманликнинг ёнини олгиси келмади. Кейин яманлик Каъба олдида туриб олиб, ёрдам сўраб, кўрган зулмини баён қилиб, баланд овозда шеър ўқиди. Шундан сўнг Зубайр ибн Абдулмутталиб унга ёрдам беришга аҳд қилди ва атрофига Бану Ҳошим, Бану Зуҳра, Бану Тайм уруғларини йиғиб, барчалари Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг ҳовлисида жам бўлдилар. У уларга таом ҳозирлаб, меҳмон қилди. Сўнг шаҳрул ҳаром – зулқаъдада бир иттифоқ туздилар. Барчалари қасамёд қилиб, модомики, Маккадаги шу икки тоғ – Сабир ва Ҳиро ўз ўрнида турар экан, Маккада хоҳ маҳаллий, хоҳ бошқа жойдан келган бирон кишига зулм қилинса, унинг ёнини олишга ва ҳаққини ундириб беришга, золимга қарши мазлумнинг ёнида то унинг ҳаққини олиб берилмагунича бир тану бир жон бўлиб туришга сўз бердилар[2].

Шундан сўнг Ос ибн Воилнинг ёнига бориб, ундан забидликнинг ҳаққини ундириб бердилар.

Қурайш бу келишувни “ҳилфул фузул” (яхшилар иттифоқи) деб атади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу битим тузилишида қатнашган эдилар. Ушбу иттифоқ эгалари бу ишлари билан зулм қалъасига чўкич урдилар, ҳақ машъалини баланд кўтардилар. У арабларнинг ифтихор билан тилга оладиган ишларидан ва инсон ҳуқуқларини эътироф этишларига бир далил бўлган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мен болалик чоғимда амакиларим билан бирга пок бир иттифоқ тузилишида ҳозир бўлдим, бу иттифоқни бузишим эвазига менга қизил туялар берилишига рози бўлмасдим.[3]

Яна шундай деганлар: “Мен Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг ҳовлисида шундай бир иттифоқнинг гувоҳи бўлдимки, бу иттифоқнинг эвазига қизил туялар берилишини-да истамасдим. Агар унга Исломда чақирилсам ҳам, албатта, қабул қилардим».[4]

Ибратлар ва фойдалар

  • Адолат нисбий эмас, мутлақ қадриятдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан бир неча ўн йиллар олдин ҳам адолат тамойилини ўрнатишга иштирок этишдан фахр туйганлар. Ижобий қадриятлар ҳатто жоҳилият аҳлидан содир бўлса ҳам мақтовга лойиқдир.

  • Ҳилфул фузул мисолида кўринадики, бир жамиятда фасоднинг ёйилиши ё авж олиши унинг ҳар қандай фазилатдан бутунлай холилигини англатмайди. Макка бутларга сиғиниш, зулм, зинокорлик, рибохўрлик каби ахлоқсизликлар ҳукм сурган бир жоҳилий жамият эди. Шундай бўлгани ҳолда, у ерда зулмни ёқтирмайдиган ва унга бўйин эгмайдиган мурувватли ва олийжаноб инсонлар ҳам бор эди. Бу ишда Ислом ҳукм сурмайдиган ё Исломга қарши курашиладиган жамиятлардаги даъват дарғалари учун катта дарс бор.

  • Зулмнинг ҳар қандай кўриниши, гарчи у энг паст даражадаги одамга қилинса ҳам, манфурдир. Зотан, Ислом зулмга қарши курашади ва дини, ирқи, жинси, ватани ва рангидан қатъи назар мазлумнинг ёнини олади.

  • Мазкур иттифоқ яхши ишлар қилишга келишиб олиш ва битим тузиш жоизлигига далилдир ва бу Қуръони каримда буюрилган ўзаро ҳамкорлик қабилидандир. Аллоҳ таоло айтади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз” (Моида сураси, 2). Мусулмонлар бу каби ҳолатларда бирон келишув ва иттифоқ тузишлари жоиз, чунки бу шаръий матлуб ишни таъкидлаб қўйиш бўлади. Фақат шарти шуки, Зирор масжидига ўхшаш зарарли келишув бўлмасин, бошқа мусулмонларга қарши зулм ва тажовузни мақсад қилган тоифачилик келишуви бўлмасин.

[1] Ибн Ҳишом, “Ас-сийратун набавия” (1/221, 224).
[2] Абу Шаҳба, “Ас-сийратун набавия” (1/213).
[3] Иброҳим Али, “Саҳиҳус сийратин набавия” (59-бет).
[4] Ибн Ҳишом: 1/134, 155.

Изоҳ қолдиринг