Дард ва даво (19): Қуръон ва суннатни нотўғри талқин қилиб ўзини алдаш (2)

0

Баъзи одамлар Ошуро ёки Арафа куни рўзасига таяниб, гуноҳларни тап тортмай қилаверади ва ўзини оқлаб, шундай дейди: “Ошуро куни рўзаси ўтган бир йилда содир этилган барча гуноҳларга каффорат бўлади. Арафа куни рўзаси эса, (гуноҳларимиз қолмагани боис) ажр-савобни кўпайтиришга қолади”. (Негаки, Имом Муслим (1162-рақам остида) Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Арафа куни рўзаси ҳақида сўрашади. Шунда у зот: “Арафа рўзаси ўтган ва келгуси йилги гуноҳларга каффорат бўлади”, деб жавоб берганлар. Ошуро ҳақида сўрашганда: “Ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар”).

Хомхаёлга берилган бу одам билмайдики, Рамзон рўзаси ва беш вақт намоз Ошуро ва Арафа рўзасидан афзал бўлатуриб, агар катта гуноҳлардан четланилса, улар орасида содир этилган кичик гуноҳларгагина каффорат бўлиши айтилган.

Рамазон рўзаси кейинги рамазон рўзасигача, жума намози кейинги жума намозигача, агар катта гуноҳлардан четланилса, орада қилинган кичик гуноҳларни каффорат этишга қодир экан. Демак, иккиси – яъни рамазон рўзаси ёки жума намози ҳамда катта гуноҳлардан тийилиш – бирлашсагина кичик гуноҳлар кечирилишига кучи етар экан. Энди, банда катта гуноҳлардан тийилмай, улардан тавба қилмай, тутган биргина нафл рўзам барча катта гуноҳларимга каффорат бўлади, деб қандай айтолади. Шубҳасиз, бу амримаҳол.

Арафа ва Ошуро куни рўзаси йил мобайнида қилинган барча гуноҳларга каффорат бўлади, деган тақдиримизда ҳам, бу ваъданинг ўзига яраша шарт ва талаблари бор. Катта гуноҳлардан тийилмаслик эса ваъда қилинган каффоратни тўсади. Агар банда катта гуноҳлардан тийиладиган бўлса, шу тийилиши ва тутган нафл рўзаси бир-бирига кўмаклашиб, қолган гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади. Бамисоли, рамазон рўзаси ва беш вақт фарз намози катта гуноҳлардан четланиш билан бирга, кичик гуноҳлар кечирилишига ҳам сабаб бўлгани каби. Қолаверса, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шундай деган: “Агар сизлар қайтарилган катта гуноҳлардан тийилсанглар, сизларнинг (кичик) гуноҳларингизни кечирамиз” (Нисо, 31-оят).

Юқоридаги сўзлардан маълум бўлдики, бир ишни каффорат учун сабаб қилиш у билан бошқа қўшимча яна бир сабаб бўлишини ман этмайди. Бир сабабдан кўра, икки сабаб бўлиши каффоратни янада кучлироқ ва мукаммалроқ қилади. Сабаб қанча кучли бўлса, каффорат ҳам шунча кучли, мукаммал ва кенгқамровли бўлади.

Яна баъзи бир жоҳиллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолодан нақл қилиб айтган қуйидаги ҳадиси қудсийга суянишади. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бандам Мен ҳақимда қандай ўйда бўлса, Мен худди шундай бўламан. Бандам Мен ҳақимда истаган ўйда бўлаверсин”. Яъни бандам Мен ҳақимда қандай ўйда бўлса, ўша ўйидаги ишни амалга ошираман.

Шубҳасиз, Аллоҳ таолога яхши ўйда (гумонда) бўлиш яхши амал қилиш билан бирга бўлади. Зеро, банда яхши амал қилар экан, албатта, Раббига нисбатан: “Қилган яхши амалимга мукофот беради, ваъдаси устидан чиқади ва тавбамни қабул этади”, деган яхши гумонда бўлади. Аммо катта гуноҳлар қилишда, зулм ва шариатга хилоф иш тутишда бардавом бўлган бандани содир этган жиноятларининг хавотири Раббига нисбатан яхши ўйда бўлишдан тўсади. Буни воқеликда ҳам кўришингиз мумкин. Чунки, хожасига бўйсунмай қочиб кетган ёмон қул ҳеч қачон хўжайинига нисбатан яхши ўйда бўлмайди.

Гуноҳ-маъсият самараси бўлган Аллоҳдан узоқлашиш, ётсираш билан Унга яхши гумонда бўлиш иккиси ҳеч қачон бирлашмайди. Гуноҳкор банда қилган гуноҳи миқдорича Аллоҳдан узоқлашиб, бегонасираб бораверади. Раббига энг яхши гумонда бўлган инсон энг итоаткор инсондир. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мўмин одам Рабби ҳақида яхши ўйда бўлгани боис, яхши амал қилади. Фожир одам эса, Рабби ҳақида ёмон гумонда бўлгани боис, ёмон амал қилади”.

Банда Раббидан қочиб, ҳар доим Уни ғазаблантирадиган ва лаънатига дучор қиладиган амалларни бажаратуриб, яна қандай: “Раббим ҳақида яхши гумондаман”, деб айтиши мумкин?! Зеро, у Раббининг ҳаққи ва буйруқларини арзимас санагани сабаб уларни зое қилди, қайтариқларини менсимагани сабаб улардан тийилмади.

 Аллоҳга очиқчасига қарши чиққан, Унинг валий-дўстларига душманлик қилган, душманларини дўст тутган, баркамол сифатларини инкор этган, Ўзи ва пайғамбарлари билдирган сифатларига нисбатан ёмон гумонда бўлган, билимсизлигидан оят ва ҳадисларда келган Аллоҳнинг барча сифатларини тасдиқлашни залолат ва куфр, деб ўйлаган инсон қандай қилиб, Раббим ҳақида яхши гумондаман, деб айтиши мумкин?!

Аллоҳ таоло гапириш, буюриш, қайтариш, рози бўлиш, ғазабланиш каби сифатларга эга эмас, деган инсон Раббига қандай яхши гумонда бўлиши мумкин?!

Дарҳақиқат, одамлар ўзаро сирлашиб айтган сўзларини Аллоҳ таоло эшитиши борасида шак қилган бандалари ҳақида У Зотнинг Ўзи шундай дейди: “Лекин сизлар Аллоҳ қилаётган амалларингиздан кўпини (яъни одамлардан яширинча қилинганини) билмайди, деб ўйладинглар. Парвардигорларингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди (яъни дўзахга тушишларингизга сабаб бўлди)”, (Фуссилат сураси, 23-оят). Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларнинг кўп амаллардан бехабар, деб ўйлаганлари сабабли Рабларига ёмон гумон бўлди, деб эътибор қилинди. Натижада, ушбу гумонлари уларни ҳалок этди.

Аллоҳ таолонинг мукаммал сифатларини инкор қилган, лойиқ бўлмаган сифатлар билан Уни васфлаган ҳар бир инсоннинг ҳоли шу бўлади. Агар инсон ушбу эътиқоди уни жаннатга киргизади деб ўйласа, билсинки, бу нарса нафсининг алдови ва макри, шайтоннинг йўлдан оздириши бўлади, Раббига яхши гумон бўлиш эмас.

Ушбу масалани яхшилаб мушоҳада қилинг, уни англаб етишга нақадар муҳтожлигимизни ўйлаб кўринг.

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг