Тафсир: Бақара сураси, 40-43 оятлар

0

يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اذْكُرُوا نِعْمَتِيَ الَّتِي أَنْعَمْتُ عَلَيْكُمْ وَأَوْفُوا بِعَهْدِي أُوفِ بِعَهْدِكُمْ وَإِيَّايَ فَارْهَبُونِ (40) وَآَمِنُوا بِمَا أَنْزَلْتُ مُصَدِّقًا لِمَا مَعَكُمْ وَلَا تَكُونُوا أَوَّلَ كَافِرٍ بِهِ وَلَا تَشْتَرُوا بِآَيَاتِي ثَمَنًا قَلِيلًا وَإِيَّايَ فَاتَّقُونِ (41) وَلَا تَلْبِسُوا الْحَقَّ بِالْبَاطِلِ وَتَكْتُمُوا الْحَقَّ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ (42) وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَارْكَعُوا مَعَ الرَّاكِعِينَ (43)

  1. Эй Бани Исроил қавми, сизларга ато этган неъматимни эсланг ва Мен тайинлаган ишларга вафо қилинг, шунда Мен ҳам сизга берган аҳдимга вафо қиламан. Шунингдек, фақат Мендан қўрқинг. 41. Мен уни ўзингиздаги (Таврот)ни тасдиқловчи ҳолида нозил қилган нарса (Қуръон)га иймон келтиринг, унга (аҳли китоблардан) энг биринчи кофир бўлманг. Оятларимни озгина пулга сотманг. Фақат Мендан тақво қилинг (Менга иймон келтириш ва буйруқларимга бўйсуниш ила азобимдан сақланинг). 42. Ўзингиз билган ҳолда ҳақни ботилга аралаштирманг, ҳақни яширманг. 43. Намозни тўкис адо этинг, закотни беринг ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилинг.

«Эй Бани Исроил қавми…» Исроилдан мақсад Яъқуб алайҳиссаломдир. Аллоҳ таоло «Эй Бани Исроил қавми», дея Мадина ва унинг атрофида яшаган Бани Исроил қавмининг турли фирқаларига хитоб қилди. Шунингдек, бу хитоб улардан кейин келадиган яҳудларга ҳам тегишлидир. Аллоҳ таоло уларни умумий бўйруқ ила, «сизларга ато этган неъматимни эсланг», деди. Ушбу буйруқ бу сурада зикр қилинганидан бошқа неъматларни ҳам ўз ичига олади. Неъматларни эслашдан мақсад уларни қалбда эътироф этиш, тил билан шукр қилиш ва аъзолар ила Аллоҳ суйган ва рози бўлган ишларда ишлатиш, демакдир.

«Мен тайинлаган ишларга вафо қилинг». Аллоҳ таоло Бани Исроилга тайинлаган ишлар У зотга, пайғамбарларига иймон келтириш ва шариатини ҳаётга татбиқ этишдан иборат эди.

«…шунда Мен ҳам сизга берган аҳдимга вафо қиламан». Бу Аллоҳ тайинлаган ишларни бажариш эвазига берилажак мукофотдир. Аллоҳ таоло бу мукофотни қуйидаги сўзларида зикр қилган: «Дарҳақиқат, Аллоҳ Бани Исроил қавмидан оғир аҳднома олди. Улардан ўн иккита оқсоқол – кафилни (танлаб, уларни хабар келтириш учун муқаддас Шом диёрига) юбордик. Аллоҳ (уларга) айтди: «Албатта, Мен (сизларни кўриб-билиб туришим, асрашим ва ёрдамим билан) сизлар билан биргаман. (Қасамки), агар сиз намозни тўла-тўкис адо этсангиз, закотни берсангиз, пайғамбарларимга иймон келтириб, уларга ёрдам берсангиз, Аллоҳга «чиройли қарз берсангиз» (яъни Унинг йўлида риё ва азиятсиз хайр-эҳсон қилсангиз), у ҳолда, албатта, сизларнинг ёмон амалларингизни ўчираман ва сизларни остидан анҳорлар оқадиган жаннатларга киритаман. Шундан сўнг сизлардан ким кофир бўлса, аниқ тўғри йўлдан адашган бўлади» (Моида сураси, 12).

Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларни аҳдга вафо қилишга ундовчи ишга буюради. У ҳам бўлса, ёлғиз Унинг ўзидан қўрқишдир. Зеро, Аллоҳдан қўрқиш кишини Унга бўйсунишга, қайтарган ишларидан тийилишга ундайди. Сўнг уларни усиз иймонлари комил бўлмайдиган, балки иймонлари иймон саналмайдиган хос бир ишга буюриб, дейди:

«Мен нозил қилган нарсага иймон келтиринг». Аллоҳ нозил қилган нарсадан мақсад бандаси ва расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган Қуръондир. Уларни Қуръонга иймон келтиришга ва эргашишга буюрди. Бу нарса айни дамда Қуръон нозил қилинган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтиришни ҳам тақозо этади. Сўнг Аллоҳ таоло уларни Қуръонга иймон келтиришга ундайдиган омилни зикр қилиб: «ўзингиздаги (Таврот)ни тасдиқловчи ҳолида», деди. Яъни Қуръон Тавротга қарши-зид эмас, балки унга мос ва мувофиқ ҳолда нозил қилинди. «Модомики, Қуръон сиздаги илоҳий китобга мувофиқ экан, демак, унга иймон келтиришингизга ҳеч қандай моне йўқ. Чунки у ҳам ўтган пайғамбарлар келтирган таълимотни келтирди. Сизлар китоб ва илм аҳли бўлганингиздан кейин унга иймон келтиришга ва уни тасдиқлашга энг ҳақли инсонлар ҳисобланасиз.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «ўзингиздаги (Таврот)ни тасдиқловчи ҳолида», деган сўзининг замирида «Агар сиз Қуръонга иймон келтирмасангиз, ўзингиздаги китобни ҳам ёлғонга чиқарган бўласиз. Чунки Қуръон келтирган таълимотлар Мусо, Ийсо ва бошқа пайғамбарлар келтирган таълимотларнинг ўзгинаси. Бинобарин, уни ёлғон, десангиз, ўз китобингизни ҳам ёлғон деган бўласиз», деган ишора яширинган.

Қолаверса, қўлингиздаги илоҳий китобда ушбу Қуръонни олиб келган пайғамбарнинг сифатлари ва у ҳақдаги башоратлар зикр қилинган. Унга иймон келтирмасангиз, демак, ўзингизга нозил қилинган ваҳийнинг бир қисмига иймон келтирмаган бўласиз. Кимда-ким ўзига нозил қилинган ваҳийнинг баъзисини ёлғон деса, унинг ҳаммасини ёлғон деган бўлади. Худди бир пайғамбарга кофир бўлган барча пайғамбарларга кофир бўлганидек. Аллоҳ таоло Бани Исроилни Қуръонга иймон келтиришга буюрар экан, уларни бунинг зиддидан қайтариб ва огоҳлантириб шундай деди: «унга (аҳли китоблардан) энг биринчи кофир бўлманг».  «Унга»дан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Қуръондир. Оятдаги «энг биринчи кофир бўлманг», деган сўз «унга кофир бўлманг» деган сўзга нисбатан етук ва айри бир маънони ифода этади. Чунки иймон келтириш ўрнига биринчилардан бўлиб куфр келтирсалар, бу уларнинг нечоғлик куфрга ошиқишларини намоён қилади. Бинобарин, куфр йўлида қўлга киритган «биринчилик»лари туфайли ўзларининг ҳам, уларга эргашганларнинг ҳам гуноҳларини елкаларига ортиб олган бўладилар.

Сўнг Аллоҳ таоло уларни иймондан тўсган сабаб абадий саодатни ташлаб, тубан матони ихтиёр қилиш эканини зикр қилди: «Оятларимни озгина пулга сотманг». «Озгина пул»дан мақсад Аллоҳ ва Расулига иймон келтирсак, қўлдан бой берамиз, деб ўйлашган мансаблар-у фоний лаззатлардир. Аллоҳнинг оятларини ўша фоний матоларга алмашдилар, уларни оятлардан устун кўрдилар.  «Фақат Мендан тақво қилинг».  Зеро, сизлар фақат Аллоҳдан тақво қилсангиз, ўшанда оятларни «озгина пул»дан устун қўя оласиз. Модомики, «озгина пул»ни ихтиёр қилдингизми, демак, бу нарса қалбингиз тақводан холи эканига далолат қилади.

«Ўзингиз билган ҳолда ҳақни ботилга аралаштирманг, ҳақни яширманг». Аллоҳ таоло Бани Исроилни иккита ишдан: ҳақни ботилга аралаштиришдан ва ҳақни яширишдан қайтарди. Негаки, китоб ва илм соҳибларидан талаб қилинган иш ҳақни ботилдан ажратиш ва ҳақни ошкор этишдир. Токи ҳидоят истаганлар ҳидоят топсин, адашганлар йўлидан қайтсин, қайсар ва саркаш инсонларга баҳона қолмасин. Зеро, Аллоҳ таоло ҳақни ботилдан ажратиш, ҳидоят топганларнинг йўли билан адашганларники айрилиши учун оятларини батафсил баён қилди, далил-ҳужжатларини очиқ-ошкор келтирди. Қайси олим шунга амал қилса, ўша пайғамбарларнинг ўринбосарларидан, халқларни ҳидоятга бошловчилардан бўлади. Аксинча, қайси «олим» ҳақни ботилга аралаштирса, билатуриб, унисини бунисидан ажратмаса, ўзи билган, ошкор қилишга буюрилган ҳақни яширса, бундай кимса жаҳаннамга даъват қилувчилардан бўлади. Чунки одамлар диний ишларда уламолардан бошқасига эргашмайдилар. Шундай экан, ўзингиз учун мазкур икки ҳолатдан бирини танлайверинг!

«Намозни тўкис адо этинг, закотни беринг ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилинг». Яъни намозни зоҳирда ҳам, ботинда ҳам тўла-тўкис адо этинг, закотни ҳақдорларга беринг ва намозхонларга қўшилиб намоз ўқинг. Зеро, сизлар Аллоҳнинг пайғамбарларига ва оятларига иймон келтириш билан бирга мазкур амалларни бажарсангиз, у ҳолда зоҳирий амаллар билан ботиний амалларни, Маъбуд – ибодат қилинувчи Зотга ихлос билан бандаларга эҳсон қилиш ҳамда қалб, бадан ва молга тегишли ибодатлар ўртасини жамлаган бўласиз. Оятдаги «рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилинг», деган буйруқдан намозни жамоат билан ўқиш, жамоат намозининг вожиблиги англанади. Шунингдек, бу жумладан рукуъ намознинг рукнларидан бири экани тушнилади. Чунки оятда намоз рукуъ деб таъбир қилинди. Бирон ибодатни бир бўлаги билан таъбир этиш унинг ўша ибодатдаги рукн эканига далолат қилади.

Изоҳ қолдиринг