Чақалоққа оид ҳукмлар (7): Чақалоқнинг танглайини кўтариш мустаҳаб экани ҳақида

0

Бешинчи боб

Чақалоқнинг танглайини кўтариш мустаҳаб экани ҳақида

«Саҳиҳайн – икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да келтирилган Абу Бурданинг ҳадисида Абу Мусо розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Ўғлим туғилганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келдим. У зот унга Иброҳим деб исм қўйдилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар». Бухорий ривоятида эса: «Кейин унга барака тилаб дуо қилдилар, сўнг менга қайтариб бердилар. У Абу Мусонинг тўнғич фарзанди эди» деган қўшимча зиёда қилинган[1].

Яна «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Абу Талҳанинг касал ўғли  бор эди. Бир куни Абу Талҳа қаергадир чиқиб кетганида, бола вафот этди. Абу Талҳа қайтиб келгач: «Болага нима бўлди?» деб сўради. Боланинг онаси Умму Сулайм: «У аввалги ҳолатидан ҳам кўра тинчроқ», деб жавоб берди. Сўнг эрига кечки овқатни келтирди. У овқатини тановул қилиб бўлгач, қовушдилар. Фориғ бўлганидан кейин аёл: «Гўдакни кўмиб келинг», деди. Тонг отгач, Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаси эр-хотинлик алоқаси қилдингларми?» дедилар. У: «Ҳа», деб жавоб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, бу икковларига барака бер», деб дуо қилдилар. Аёл ўғил туғди. Абу Талҳа менга: «Болани кўтар, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб борасан», деб бир нечта хурмо ҳам қўшиб бериб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўлларига олдилар, сўнг: «У билан бирга нимадир борми?» деганларида, “Ҳа, бир нечта хурмо бор”, деб жавоб беришди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олиб чайнадилар, сўнг оғзиларидан чиқариб, гўдакнинг оғзига солдилар-да танглайини кўтариб, Абдуллоҳ деб исм қўйдилар”[2].

Абу Усома Ҳишом ибн Урвадан ривоят қилади: “Асмо бинти Абу Бакр Макка шаҳридан ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайрга ҳомиладор пайтида Мадинга келганларидаги ҳолатни баён қилиб, шундай дейди: “Мен Маккадан ҳомилам тўққиз ойга тўлганда йўлга чиқдим.  Мадинага келиб, Қубо қишлоғига тушдим ва Қубода кўзим ёрди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб,  чақалоқни қўйинларига қўйдим. Шунда у зот хурмо олиб келишга буюрдилар, (олиб келингач,) уни чайнадилар, сўнг чақалоқнинг оғзига туфладилар. Унинг ичига биринчи кирган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак тупуклари бўлди. Сўнг хурмо билан унинг танглайини кўтардилар, сўнг унинг ҳақига барака тилаб, дуо қилдилар”. У муҳожирларнинг Мадинада туғилган Исломдаги илк чақалоғи бўлган эди. Асмо айтади: «У туғилганда мусулмонлар жуда қаттиқ хурсанд бўлдилар. Чунки уларга: Яҳудийлар сизларни сеҳрлашди, энди сизлардан фарзанд туғилмайди», дейишган эди.

Халлол айтади: “Менга Муҳаммад ибн Али хабар берди: “Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Умму валади»[3] шундай деганини эшитдим: “Мени тўлғоқ тутган пайт хожам ухлаб ётган эди. Шунда мен унга: «Эй хожам, ҳозир ўлиб қоламан!» дедим. Шунда у: «Аллоҳ енгиллатсин», деди. У киши: «Аллоҳ енгиллатсин», дейиши билан Саидни дунёга келтирдим. У: «Анави хурмодан олиб келинглар», деди. Бизда Макканинг хурмосидан бор эди. Шунда Алининг онасига: «Мана бу хурмодан чайнаб, чақалоқнинг танглайини кўтаринг», деган эди, у шундай қилди”.

Валлоҳу аълам.

[1]Бухорий (5467) ва Муслим (2145) ривоятлари.

[2]Бухорий (1301) ва Муслим (2144) ривоятлари.

[3]Умму валад – саййидидан (хожасидан) фарзанд кўрган чўри. Бундай чўрининг ўзига хос ҳукмлари бор, жумладан, у саййиди вафот этиши биланоқ озод бўлади ва уни сотиш жоиз эмас. (Таржимон.)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг