Пайғамбарлар қиссаси: Иброҳим Халилга айтилган мақтовлар зикри (2)

1

Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва халили Иброҳим алайҳиссаломга айтган мақтовларининг зикри

(Давоми)

Шунингдек, бу мартабага пайғамбарлар хотами, анбиёлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам мушарраф бўлдилар. «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами» ва бошқа ҳадис тўпламларида Жундаб Бажалий, Абдуллоҳ ибн Амр ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Эй одамлар, Аллоҳ Иброҳимни халиб тутганидек, мени ҳам халил тутди»[1].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг охирги хутбаларида шундай деганлар: «Эй одамлар, ер аҳлидан халил тутганимда Абу Бакрни халил тутган бўлар эдим. Бироқ (камина) соҳибингиз Раҳмоннинг халилидир»[2].

Бухорий ва Муслим Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

Шунингдек, мазкур ҳадисни Абдуллоҳ ибн Зубайр[3], Ибн Аббос[4] ва Ибн Масъуд[5] розияллоҳу анҳум ҳам ривоят қилишган.

Бухорий «Саҳиҳ»да Амр ибн Маймундан ривоят қилади: «Муоз розияллоҳу анҳу Яманга келганида одамларга бомдод намозини ўқиб берар экан «Аллоҳ Иброҳимни халил тутди» (Нисо сураси, 125), оятини ўқиди. Шунда қавмдан бири: «Иброҳим онасининг кўзлари (қувончдан) ёшланди», деди»[6].

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Иброҳим Халилни Қуръоннинг бир қанча жойларида мақтов ва олқиш билан тилга олади. Айтишларича, у Қуръоннинг ўттиз беш жойида[7] зикр қилинган бўлиб, шундан ўн бештаси Бақара сурасидадир.

Шунингдек, Иброҳим алайҳиссалом Аҳзоб ва Шўро сураларидаги икки оятда бошқа пайғамбарлар ичидан алоҳида номлари тилга олинган бешта «улул азм» пайғамбарлардан биридир. Бу оятлар қуйидагилардир:

«Эсланг (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан) сиздан, Нуҳдан,  Иброҳим,  Мусо ва Ийсо ибн Марямдан аҳду паймонларини олдик. Улардан қатъий аҳд олдик» (Аҳзоб сураси, 7);

«(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммад алайҳиссалом) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек), Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани шариат (яъни қонун) қилди. Биз уларга «Динни (рисоладагидек) барпо этинг ва динда тарқоқ бўлманг», деб буюрган эдик» (Шўро сураси, 13).

Иброҳим Халил «улул азм» пайғамбарлар ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги энг улуғ зотдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърож кечасида Иброҳим Халилни еттинчи осмонда ҳар куни етмиш минг фаришта кириб-чиқадиган ва кирганлари бошқа қайтиб киролмайдиган Байтул маъмурга орқаси билан суяниб ўтирган ҳолида кўрган эди[8].

Исро воқеаси тўғрисида Шарик ибн Абу Нимрнинг Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳим Халилни олтинчи осмонда, Мусони эса еттинчи осмонда кўрганлари айтилади[9]. Бироқ бу ҳадис хусусида уламолар Шарикка эътироз билдиришган. Биринчи ҳадисда айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳим Халилни еттинчи осмонда кўрганлари тўғрироқдир[10].

Қолаверса, Муслим Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жумладан «Учинчи тилакни бутун халойиқ, ҳатто Иброҳим ҳам менга муҳтож бўладиган кунга кечиктирдим (яъни асраб қўйдим)»[11], деган сўзлари ҳам Иброҳим алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломдан афзал эканига далолат қилади.

Юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Фахрланмай айтаман: мен қиёмат куни Одам боласининг саййиди – энг аълосиман»,[12] деган сўзларида «мақоми маҳмуд»га ишора этилган[13]. Ушбу ҳадис давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар шафоат сўраб Одамга, сўнг Нуҳга, сўнг Иброҳимга, сўнг Мусога, сўнг Ийсога мурожаат этишларини зикр қиладилар. Уларнинг барчалари бу ишдан ўзларини олиб қочадилар. Ва, ниҳоят, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келишганида, «Мен шафоат сўрайман, мен шафоат сўрайман», дейдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Расулуллоҳ, одамларнинг энг улуғи ким?» деб сўрашди. Айтдилар: «Одамларнинг энг улуғи энг тақводоридир». Айтишди: «Сиздан у ҳақда сўрамаяпмиз». Дедилар: «Одамларнинг энг улуғи Аллоҳнинг пайғамбари Юсуфдир. Унинг отаси Аллоҳнинг пайғамбари, бобоси ҳам Аллоҳнинг пайғамбари, бобосининг отаси эса Аллоҳнинг халилидир». Айтишди: «Сиздан у ҳақда сўрамаяпмиз». Дедилар: «Сизлар мендан арабларнинг конлари (яъни арзон ва қимматбаҳо бўлган турли-туман маъданларни ўз ичига олган кон сингари яхши-ёмон хислат ва табиатларни ўзида мужассам этган насл-насаби) ҳақида сўраяпсизларми?» «Ҳа», дейишди (саҳобалар). Дедилар: «Арабларнинг жоҳилиятдаги яхшилари, агар (динни) теран англасалар, Исломда ҳам яхшиларидирлар»[14].

Бухорий айтади[15]: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Карим ибн карим ибн карим ибн карим[16] бўлмиш зот – Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир».

Имом Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Қиёмат кунида) одамлар яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда маҳшаргоҳга тўпланурлар. Биринчи бўлиб кийинтириладиган киши Иброҳим алайҳиссаломдир». Сўнг у зот «Дастлаб одамзотни қандай яратган бўлсак, яна шу ҳолатга қайтарурмиз» (Анбиё сураси, 104), оятини ўқидилар»[17]. Ушбу ҳадисни Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ» тўпламларида ривоят қилишган.

Албатта, юқоридаги ҳадисда зикр қилинган (Иброҳим алайиссаломга нисбатан собит бўлган) муайян масаладаги афзаллик бутун халойиқ ҳавас қиладиган мақоми маҳмуд соҳиби – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга собит бўлган бошқа фазилатлардан устунликни билдирмайди.

Яна Имом Аҳмад Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата: «Эй халойиқнинг энг яхшиси», дея мурожаат қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бундай (яъни сен айтган васфга лойиқ) зот Иброҳимдир», дедилар». Бу ҳадисни Муслим ривоят қилган[18].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзни боболари Иброҳим Халил алайҳиссаломга нисбатан тавозе, камтарлик ва ўзларини паст олиш бобидан айтганлар. Бу сўз худди у зотнинг «Мени (бошқа) пайғамбарлардан устун қўйманглар», шунингдек, «Мени Мусодан устун қўйманглар. Зеро, қиёмат куни одамлар ҳушдан кетадилар ва мен ҳушига келган илк киши бўламан. Қарасам, Мусо аршнинг оёқларидан бирини тутиб турган бўлади. Ўшанда мен билмай қоламан: (у ҳам кўпчилик қатори ҳушдан кетиб, кейин) мендан олдин ўзига келдимикин, йўқса, Турда ҳушдан кетгани эвазига ҳушдан кетмадимикин?»[19]

Мазкур ҳадисларнинг ҳеч бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғрисида мутавотир йўл билан собит бўлган хабарга: у зотнинг қиёмат куни Одам болаларининг саййиди – энг аълоси эканига қарама-қарши келмайди. «Саҳиҳи Муслим»да Убай ибн Каъбдан ривоят қилинган «Учинчи тилакни бутун халойиқ, ҳатто Иброҳим ҳам менга муҳтож бўладиган кунга кечиктирдим (яъни асраб қўйдим)», деган ҳадис ҳам шундай.

Иброҳим алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги пайғамбарлар ва улул азм набийларнинг энг афзали бўлгани учун намоз ўқиётган инсон ташаҳҳудда (охирги қаъдада) «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да[20] Каъб ибн Ужра ва бошқалардан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда зикр этилган дуони ўқишга буюрилди: «Айтдик: «Ё Расулуллоҳ, сизга қандай салом айтишни билиб олдик. Бироқ сизга қандай салавот айтамиз?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳим, Иброҳим ва оиласига салавот айтганингдек, Муҳаммад ва оиласига ҳам салавот айт. Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан. Аллоҳим, Иброҳим ва оиласига хайру баракот ато этганингдек, Муҳаммад ва оиласига ҳам хайру баракот эҳсон айла. Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан», деб айтинглар».

Аллоҳ таоло айтади: «(Буюрилган барча ишларга) вафо қилган (яъни уларни бекаму кўст бажарган) Иброҳим» (Нажм сураси, 37). Муфассирлар ушбу оят тафсирида айтадилар: «Иброҳим Халил буюрилган барча ишларни бекаму кўст бажарган, иймон тақозо этган хислат, вазифа ва амалларнинг барчасини адо этган, улуғ ишларга эътибор қаратиш уни кичик ишларга риоя қилишдан чалғитмаган, катта ишларни бажариш кичик ишларни бажаришни унуттириб қўймаган эди»[21].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолонинг «Эсланг (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Иброҳимни Рабби бир неча сўзлар (мажбуриятлар) билан синаган ва у уларни бекаму кўст бажарганидан сўнг…» деган сўзининг тафсирида шундай дейди: «Аллоҳ таоло Иброҳимни поклик билан синади: унинг бештаси бошда, бештаси танададир.

Бошдагилари мўйлабни қисқартириш, оғизни чайқаш, мисвок қилиш, бурунга сув олиш ва сочнинг фарқини очиш.

Танадагилари тирноқларни олиш, аврат тукини қириш, хатна қилиш, қўлтиқ тукларини юлиш, ҳожатдан кейин авратдаги нажосат жойини ювиш»[22].

«Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Фитрат беш (хислатдан иборат)дир: хатна қилмоқ, авратдаги тукларни тозаламоқ, мўйловни қисқартирмоқ, тирноқларни олмоқ, қўлтиқ тукларини юлмоқ»[23].

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ азза ва жаллага ихлос билан ибодат қилиш, ибодатдаги хокисорлик Иброҳим Халил алайҳиссаломни баданга оид фойдали ишларни қилишдан, унинг ҳар бир аъзосига кераклича парвариш ва чирой беришдан, улардаги ортиқча тук, тирноқ ва кир-чирларни кетказишдан тўсиб қўймади.

Бу ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом ҳақида айтган «(Буюрилган барча ишларга) вафо қилган (яъни уларни бекаму кўст бажарган) Иброҳим» (Нажм сураси, 37), деган сўзидаги юксак мақтов жумласидандир.

[1] Муслим (532) Жундаб Бажалий розияллоҳу анҳудан, Ибн Можа (141) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан, Муслим (2383) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[2] Бухорий (3654), Муслим (1382) Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.  Фақат уларнинг ривоятида «Бироқ (камина) соҳибингиз Раҳмоннинг халилидир», деган жойи келмаган.
[3] Бухорий ривояти, 3658.
[4] Бухорий ривояти, 3656, 3657.
[5] Муслим ривояти, 2383.
[6] 4348-ҳадис.
[7] «Қуръон сўзларининг мундарижали қомуси»да келтирилган маълумотга кўра, Иброҳим Халил Қуръоннинг олтмиш тўққиз жойида зикр қилинган.
[8] Бухорий (349), Муслим (162) ривояти.
[9] Бухорий (7517), Муслим (162) ривояти.
[10] Албатта, қаранг: Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ. «Саҳиҳул-исро вал-меърож», 31- ва ундан кейинги бетлар.
[11] 820-ҳадис.
[12] Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган шафоат тўғрисидаги ҳадисдан бир парча (Муслим ривояти, 820).
[13] «Мақоми маҳмуд» – барча халойиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мақтов айтадиган ва у зот маҳшаргоҳда халойиқ ўртасида ажрим қилишини сўраб, Аллоҳга мурожаат этадиган «мақтовли мақом».
[14] Бухорий (3175), Муслим (2378) ривояти.
[15] «Саҳиҳи Бухорий», 3382, 3390.
[16] «Карим» сўзи арабча сўз бўлиб, ўзбекчада «олийжаноб, саховатли ва шарафли» маъноларини англатади. Мазкур ҳадисда Юсуф алайҳиссалом, отаси Яъқуб ва аждодлари Исҳоқ ва Иброҳим алайҳиссаломларнинг ана шундай олийжаноб, саховатли ва шарафли инсонлар экани мадҳ этилмоқда.
[17] Имом Аҳмад «Муснад»да (1/223, 229), Бухорий (3349), Муслим (2860) ривоят қилишган.
[18] 2369-ҳадис.
[19] Бухорий, Муслим, Аҳмад «Муснад»да Абу Саид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар.
[20] Бухорий (3370), Муслим (406) ривояти.
[21] Ушбу сўз баъзи Исломга мансуб шахслар томонидан дин аҳкомларининг «негиз» ва «пўстлоқ»қа ажратилиши ботил эканини билдиради. Кўриб турганингиздек, башариятнинг энг яхшилари, бандаларнинг саралари бўлмиш пайғамбарларни (уларга Аллоҳнинг салом ва салавотлари бўлсин) катта масалалар кичик масалаларга эътибор бериш ва унга амал қилишдан машғул қилиб қўймаган. Бу борада камина қаламига мансуб «Динни пўстлоқ ва негизга бўлиш бидъатини йўққа чиқаришдаги ҳақиқат далиллари» китобига мурожаат қилишингиз мумкин. Унда бу мавзу илмий асосга кўра батафсил ёритилган.
[22] Абдураззоқ «Тафсир»да (1/1/57), Ибн Жарир “Жомеъул баён»да (1/572), Ибн Абу Ҳотим «Тафсир»да (1/219/1165), Ҳоким (2/266) ривоят қилишган. Ҳоким ҳадисни саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган.
[23] Бухорий (5889), Муслим (257), Абу Довуд (4198), Термизий (2756), Ибн Можа (292) ривояти.

Discussion1 dona sharh

  1. Мушкил кушод,чирок ёкиш,момолик шулар хакида малумот берсангиз.менга ширк га ухшаб куриняпти.

Изоҳ қолдиринг