Умар ибн Абдулазиз (1)

0

“Умар ибн Абдулазиз аҳли илмлар наздида, амал қилувчи олимлардан ва хулафои рошидинлардан ҳисобланади”.
(Имом Заҳабий)

Хулафои рошидинларнинг бешинчиси, обид, зоҳид халифа Умар ибн Абдулазиз ҳақида суҳбатлашиш мушкдан ҳам хушбўйроқ, гулдан ҳам гўзалроқдир. Зеро, у зотнинг ажойиб ёрқин ҳаёти хушбўй гулларга тўла боғга ўхшайдики, унинг қаерига келсангиз ҳам, тоза майсаси, гўзал чечаклари ва янги-янги меваларидан баҳра олаверасиз.

Тарих саҳифаларини бойитган бу сийратнинг ҳаммасини келтириш имконият доирамиздан ташқарида, лекин унинг боғидан бир гулни узиб олиш ва унинг ўхшаши йўқ ифоридан баҳра олиш имконимиз доирасидадир. Ҳаммасига эришиб бўлмайдиган нарсанинг бир қисми тарк қилинмайди, дейилганидек, сиз азизларга Умар ибн Абдулазизнинг ҳаётларидан уч лавҳани ҳавола қиламиз.

Биринчи лавҳа

Мадинанинг олими, қозиси ва устози Салама ибн Дийнор ҳикоя қилади: “Бир куни халифа Умар ибн Абдулазиз билан кўришиш ниятида йўлга отландим. У Ҳалаб (Суриядаги шаҳар) юмушлари билан Хуносира деган жойда экан. Ёшим улғайиб, анча кексайиб қолган эдим. Умар ибн Абдулазиз билар кўришмаганимизга ҳам анча йиллар бўлган эди. Хузурига кирдим, хонанинг ўртасида ўтирган экан. У Мадинада волий бўлиб турганида кўрганимча қайтиб кўрмаганим ҳамда кўринишининг ўзгариб кетганидан танимай қолибман. Халифа менга салом бериб: “Яқинроқ келинг, Абу Ҳозим”, деди. Уни яқиндан кўргач: “Мўминларнинг амири Умар ибн Абдулазизмисиз?” дедим. У: “Ҳа…” деди. Мен: “Нима бўлди сизга? Ёш, кўркам, тароватли эдингиз, ҳаётингиз ҳузур-ҳаловатда, роҳат-фароғатда эмасмиди?” деб сўрадим. Яна: “Ҳа”, деди. Мен: “Олтин-у кумушларга эга бўлганингиз ва мўминларнинг халифасига айланганингиздан сўнг, сизни бу даражада нима ўзгартириб ташлади?” деб сўрадим кейин. Халифа: “Нимам ўзгарибди, эй Абу Ҳозим?” деди. “Озиб-тўзиб кетибсиз, юзингиз сарғайиб, ажин тушибди, кўзингизнинг нури ҳам сўлибди”, дедим. Умар ибн Абдулазиз йиғлаб юборди ва: “Қабрда икки кўзим лунжимга оқиб тушган, қорним шишиб титилган ҳамда қурт-қумурсқалар танамни кемириб юрган – мана шу уч ҳолатдан кейин кўрсангиз, ана ўшанда умуман танимаган бўлар эдингиз”, деди. Сўнг менга юзланиб: “Мадинада менга айтган ҳадис ёдингиздами, эй Абу Ҳозим?” деб савол ташлади. “Сизга кўп ҳадисларни айтганман, қай бирини назарда тутяпсиз?” дедим. Умар ибн Абдулазиз: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис”, деди. “Ҳа, эсладим”, деган эдим, “Шу ҳадисни яна айтиб беринг, мен сиздан эшитишни хоҳлайман”, дея илтимос қилди. Мен: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қаршингизда машаққатли ва ҳалокатли тўғон бор, ундан (ибодат ва жиҳод сабаб) озиб кетган кишигина ўта олади”, деганларини эшитдим”, деб ривоят қилган ўша ҳадисни айтиб бердим. Умар ибн Абдулазиз қаттиқ йиғлаб юборди, ҳатто мен жигари ёрилиб кетмаса эди, деб қўрқдим. Сўнг кўз ёшларини арта-арта менга қараб: “Мана шу тўғондан ўтиб, нажот топиш мақсадида жисмимни ориқлатганимга мени маломат қиласизми? Аммо мен ўзимни нажот топган деб ўйламайман”, деди.

Иккинчи лавҳа

Имом Табарий Туфайл ибн Мирдосдан ривоят қилади: “Мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганидан сўнг, ўзининг “Суғд”даги волийсига қуйидагиларни айтиб мактуб йўллаган эди: “Шаҳрингизга мусулмонлар учун меҳмонхоналар қуринглар. Бирор бир мусулмон келса, бир кеча ва кундуз меҳмон қилинглар, ҳол-аҳволини ўнглаб, уловига ҳам қаранглар. Агар машаққат чеккан ва жуда чарчаган бўлса, икки кеча-кундуз меҳмон қилинглар ҳамда унга ёрдам беринглар. Ва агар бирон маблағи ҳам, улови ҳам бўлмаса, унинг ҳожатини ўтайдиган миқдорда маблағ билан таъминлаб, шаҳрига элтиб қўйинглар”.

Волий мўминлар амирининг буйруғига бўйсиниб, меҳмонхоналар қуриб, мусофирлар учун ҳозирлаб қўйди. Бунинг хабари ҳар ёққа тарқаб, Ислом диёрларининг машриқу мағрибидаги одамлар бу ҳақда гапиришар ва халифанинг адолати ва тақвосини мақташар эди.

Самарқанд аҳлининг обрўли кишилари волий Сулаймон ибн Абу Сарийнинг ҳузурига келиб: “Сиздан аввалги волий Қутайба ибн Муслим Боҳилий бизнинг шаҳримизга ҳеч бир огоҳлантиришсиз бостириб кирди, биз билан жанг қилишда сизларнинг йўлингизни тутмади… Биз биламизки, сизлар душманингизни аввал Ислом динига киришга чақирасиз, агар бош тортсалар, жизя тўлашни таклиф қиласиз, бундан ҳам бош тортсалар, шундагина уларга қарши уруш эълон қиласиз. Биз сизларнинг халифангизнинг адолати ва тақвосини эшитгач, лашкарларингиз ва унинг бир қўмондони устидан шикоят қилишга ўзимизда журъат топдик. Шунинг учун, эй амир, рухсат берсангиз, биз халифангиз ҳузурига бориб, ўзимизга етган зулмни у кишига билдирсак. Агар ҳақ биз тарафда бўлса, ҳаққимизни оламиз, агар ноҳақ бўлсак, яна қайтиб келаверамиз” дейишди. Волий Сулаймон халифанинг ҳузурига бориш учун рухсат берди ва Самарқанд аҳлининг вакиллари Дамашққа қараб йўл олишди. Етиб боришгач, халифанинг ҳузурига киришди ва унга шикоятларини айтишди. Шикоятни эшитган халифа Умар ибн Абдулазиз дарҳол волий Сулаймон ибн Абу Сарийга мактуб ёзиб, қуйидагиларни битди: “Аммо баъд… Бу мактубим сенга етиб боргач, Самарқанд аҳлининг шикоятларини тинглайдиган қозини ҳозирла… Агар қози Самарқанд аҳлининг фойдасига ҳукм чиқарса, мусулмон лашкарларни уларнинг шаҳарларидан чиқиб кетишга амр қил. Уларнинг ораларида яшаётган мусулмонларга ҳам шаҳарни ташлаб чиқишларини айт. Қутайба ибн Муслим Боҳилий Самарқандга киришидан олдинги ҳолат қандай бўлса, сизлар ҳам, улар ҳам ўша ҳолатга қайтинглар,” деб амр қилди.

Самарқанд шаҳрининг вакиллари ортга қайтиб, мўминлар амирининг мактубини волий Сулаймон ибн Абу Сарийга топширишди. Хатни ўқигач, волий дарҳол катта қози Жумайъ ибн Ҳозир Ножийни Самарқанд аҳлининг шикоятларини тинглаш учун ўтирғизди. Қози уларнинг шикоятларини эшитиб, ҳолатни батафсил ўрганиб чиқди. Мусулмон лашкарлари ва қўмондонларидан ҳам бир қанчаларининг гувоҳликларини тинглади ва уларнинг даъволари ойдин бўлгач, Самарқанд аҳлининг фойдасига ҳукм чиқарди. Ҳукмни эшитгач, волий мусулмон лашкарларга шаҳарни ташлаб чиқишга, қароргоҳларига қайтиб, яна қайтадан жанга отланишга амр қилди… Ё уларнинг шаҳрига сулҳ тузиб кирадилар, ёки жанг орқали ғалаба қозониб фатҳ қиладилар ва ёки тақдирда битилмаган бўлса, фатҳга эриша олмасликлари ҳам мумкин.

Самарқанд аҳлининг ақлли ва обрўли кишилари мусулмонлар қозиси уларнинг фойдаларига чиқарган ҳукмни эшитишгач, бир бирларига айтдилар: “Мусулмонлар билан аралашиб бирга яшадик, уларнинг хулқларини, адолатини ва садоқатини кўрдик. Уларнинг қандай қавм эканини кўра билатуриб, чиқариб юборсак ҳолимизга вой бўлмайдими, ахир. Уларни ўзимиз билан олиб қолайлик, улар билан хотиржамликда, бахт-саодатда бирга яшайверайлик…”

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг