Ҳаром амаллар: Аёл киши бирон шаръий сабабсиз эридан талоқ талаб қилиши

0

Баъзи аёллар оилада учраб турадиган арзимас келишмовчиликлар чоғида, ёки сўраган маблағни эри бермаса, ё айтган нарсасини олиб бермаса дарров эридан талоғини сўраб қоладилар. Ачинарлиси, гоҳида бу ишга уларни ўзларининг яқинлари, оналари, ё опа-сингиллари, ёки дугоналари ундайдилар. Баъзилари эса эрининг шаъни, ғурурига тегадиган гаплар билан, масалан: “Эркак бўлсанг, талоқ қил”, деб ҳадларидан ошадилар.

Маълумки, талоқ сабаб оилаларда парокандалик, болаларни бебош қолиши каби бузғунликлар келиб чиқади. Аксари кейин бунга афсус-надоматлар қиладилар, бироқ кўпинча кеч бўлади. Шу ва яна бошқа бир қанча сабабларга кўра, шариатимиз аёлнинг сабабсиз талоқ сўрашини ҳаром қилган.

Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қайси бир аёл бирон сабабсиз эридан талоқ сўраса, жаннатнинг ҳиди унга ҳаромдир” (Имом Аҳмад ривояти).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: “Маблағ эвазига эридан талоқ талаб қилувчи ва эридан ўзини тортувчи аёллар, улар мунофиқ аёллардир” (Табароний ривояти).

Аммо шаръий сабаб бўлса, талоқ сўраш жоиз. Шунда юқорида ўтган ваъидлар доирасига кирмайди. Масалан, эри маст қилувчи ичимлик ичишга ёки гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга мубтало бўлган бўлса, ёки ҳаром ишларга мажбурласа, ёки азоблаб зулм қилса, ёки унинг шаръий хуқуқлардан тўсса ва насиҳат фойда бермаса ҳамда ислоҳ йўлларини топа олмаса, дини ва жонини сақлаб қолиш учун эридан талоқ талаб қилишда аёлга гуноҳ йўқдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг