Абу Абдуллоҳ Ҳоким (4)

0

Ақидаси

Абу Исмоил Ҳаравий ва Ибн Тоҳир (Аллоҳ уларга раҳм айласин) Ҳоким роҳимаҳуллоҳни рофизий ва шиа эътиқодини қаттиқ ушланган деб айблашган. Рофизийлар шиа фирқасининг ғулув кетган бир тоифаси. Улар Али розияллоҳу анҳуни Пайғамбаримиздан кейинги халифа, Абу Бакр, Умар, Усмон ва кўплаб саҳобалар Пайғамбаримиз вафотидан кейин муртад бўлиб, тахтни эгаллаб олишган, деб эътиқод қилишади. Янада ғулув кетганларининг эса, Жаброил алайҳиссалом аслида ваҳийни Али розияллоҳу анҳуга олиб келиши керак эди, лекин у вазифасига хиёнат қилди, деган бузуқ даъволари бор. Ҳатто, айримлари Али розияллоҳу анҳуни илоҳлик даражасига кўтаради.

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ Ибн Тоҳирдан нақл қилиб айтади: “Абу Исмоил Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳаравийдан Абу Абдуллоҳ Ҳоким ҳақида сўрашганда: “Ҳадисда ишончли, (эътиқодда) қабиҳ рофизий инсон[1], деб жавоб берган.

Ибн Тоҳир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳоким ичида шиаликка қаттиқ мутаассиб, зоҳирида эса аҳли суннат уламолари каби хулафои рошидинларнинг халифаликдаги тартибини эътироф қилишини кўрсатар эди. Муовия ва унинг хонадони ҳақида ўта салбий фикрда бўлиб, буни яширмас, Муовиянинг тутган йўлини кечириб бўлмайди, деб биларди[2].

Бошқа уламолар эса Ҳокимнинг шиа эътиқодига мойил бўлганини зикр қилишган. Олдинги даврларда шиа номи бугунги кундагидан бошқачароқ маънони англатган. Илгари бир кимса ҳақида, шиа эътиқодида эди, дейилса, Али розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳудан афзал санайдиган, Муовия ва унинг тарафида бўлиган саҳобаларнинг тутган йўли тўғри эмасди, дея Али ва Пайғамбаримиз аҳли байтларига кучли муҳаббат қўядиган, шу билан бирга, Абу Бакр ва Умарга тил теккизмайдиган, бирон саҳобани лаънатлаб, кофирга чиқармайдиган инсон назарда тутилган.

Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Баййеъ (яъни Ҳоким) шиаликка мойил эди[3].

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳоким рофизий бўлмаган, лекин Алини ҳақ эди, деб биларди[4].

Самъоний роҳимаҳуллоҳ: “Ҳокимда шиа эътиқоди бор эди[5], деган.

Имом Ҳоким роҳимаҳуллоҳ ақидаси борасида айтилган ҳақ фикр шуки, у асло рофизий эътиқодида бўлмаган. Аммо юқорида айтиб ўтилган маънодаги шиа эътиқодига мойил бўлган. Қуйида бунга айрим далилларни келтирамиз.

Ҳоким роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Маърифату улумил-ҳадис” китобида “Муҳаддис саҳобаларнинг насабини билиш”[6] деган боб ажратган. Унда биринчи бўлиб Абу Бакрни, кейин Умарни, кейин Усмонни, кейин Алини зикр қилиб, ҳар бирининг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насабда қай даражада яқин бўлганини баён этган. Ушбу саҳобаларни мазкур тартибда келтириши уларнинг афзаллиги ҳам шу тартибда бўлганига эътиқод қилганини кўрсатади.

Шунингдек, мазкур китобда “Муҳаддисларнинг умр-ёшларини билиш”[7] деган боб ажратган. Унда хулофои рошидинларни Абу Бакрдан бошлаб, сўнг Умар, сўнг Усмон, сўнг Алининг вафот этган йилларини ва яшаган ёшларини зикр қилган. Саҳобаларни мазкур тартибда санаши бежизга эмас. Албатта, бу мазкур саҳобаларни ҳурмат қилганини ва уларнинг хилофатини эътироф этганигинини билдиради.

Аллома Субкий ва имом Заҳабий Ҳокимни ҳимоя қилиб, у ҳақида айтилган турли сўзларга раддиялар билдиришган.

 Заҳабий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ азза ва жалла инсофни яхши кўради. Ҳоким рофизий эмас, балки шиа бўлган[8].

Бошқа ўринда шундай дейди: “Ҳоким Алининг хусуматчиси (яъни Муовия) ҳақида ёмон фикрда бўлгани кўриниб туради. Аммо Абу Бакр ва Умарни ҳурмат-эҳтиром қиларди. Ҳоким шиа бўлган, рофизий эмас[9].

“Мезонул-эътидол” китобида эса шундай дейди: “Ҳокимнинг ростгўй ва ишончли, бу (яъни ҳадис) илмни пухта эгаллаганига барча уламолар ижмо қилган[10].

Мазкур китобнинг бошқа ўрнида: “Ҳоким шиа эътиқодида бўлгани машҳур гап. Лекин Абу Бакр ва Умарга тил теккизмаган[11], деган.

Аллома Субкий роҳимаҳуллоҳ Ҳокимни ҳимоя қилиб шундай дейди: “Ҳоким ҳақидаги шубҳаларни ўйлаб кўрдим. Аллоҳ таоло қалбимга солдики, Ҳокимда Али розияллоҳу анҳуга нисбатан шариатимизда кўрсатилганидан кўра кўпроқ мойиллик бўлгани рост. Аммо Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум қадрини оёқ ости қиладиган ёки Алини Абу Бакр ва Умардан афзал биладиган даражада деб айтмайман. Ҳатто Алини Усмондан устун қўяди ҳам деб ўйламайман. Чунки, мен Ҳокимнинг “Арбаун” китобида саҳобалар орасидан Абу Бакр, Умар ва Усмонни танлаб, уларнинг афзаллиги ҳақида боб ажратганини кўрдим. “Мустадрак” китобида эса Усмонни Алидан олдин зикр қилган. Шунингдек, Усмоннинг афзаллигига далолат қиладиган ҳадисларни ривоят қилган. Қолаверса, Талҳа, Зубайр ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осларнинг фазилатларини айтиб ўтган. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, Ҳокимнинг эътиқодида инкор қилинадиган нарса йўқ, деган тахмин кучлироқ бўлиб чиқди. Тўғри, Али розияллоҳу анҳуга нисбатан ортиқча мойил бўлган. Аммо бу бидъат даражасига етиб бормаган[12].

[1] Заҳабий, “Сияру аъломин-нубало”, (17\174).

[2] Заҳабий, “Сияру аъломин-нубало”, (17\174-175).

[3] Хатиб Бағдодий, “Тарихи Бағдод”, (5\474).

[4] Заҳабий, “Сияру аъломин-нубало”, (17\174).

[5] Самъоний, “Ансоб”, (2\371).

[6] Ҳоким, “Маърифату улумил-ҳадис”, (171-бет).

[7] Ҳоким, “Маърифату улумил-ҳадис”, (202-203-бет).

[8] Заҳабий, “Мезонул эътидол”, (3\608).

[9] Заҳабий, “Тазкиратул-ҳуффоз”, (3\1045).

[10] Заҳабий, “Мезонул эътидол”, (3\608).

[11] Собиқ манба.

[12] Субкий, “Табақотуш-шофеийятил-кубро”, (4\167-168).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг