Болалар учун Ислом тарихидан ҳикоялар (7)

0

Уҳуд тарафдан…

(Давоми)

Уруш шиддат билан бошланиб кетди. Аввалида устунлик мусулмонлар тарафида бўлди.

Аллоҳнинг душманлари ортларига қоча бошлади, ҳатто аёлларининг олдига бориб тўхташди. Аммо, афсуслар бўлсинки, камончилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини ёдда сақламасдан, ўзбошимчалик билан иш қила бошладилар.

Дарҳақиқат, у зот уларни жойларида маҳкам туриб, ундан бир қадам ҳам жилмасликка, ҳатто ўлаксахўр қушлар аскарларнинг жасадларига қўнишганини кўрсалар ҳам, жойларидан қимирламасликка буюрган эдилар.

Агар улар бунга амал қилиб, жойларида маҳкам турганларида, ўзлари учун яхши бўлар эди. Лекин бундай қилишмади.

Камончилар кофирларнинг мағлуб бўлишаётганини кўргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташлаб кетмасликни буюрган жойларини тарк қилдилар.

Улар: «Одамлар! Ғаниматларга шошилинглар! Ғаниматлардан бенасиб қолманглар!» дейишди.

Уларнинг бошлиқлари Абдулоҳ ибн Жубайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини эслатиб: “Эй жамоат! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизларга: «Жойларингдан жилманглар! Ҳатто ўлаксахўр қушлар аскарларнинг жасадларига қўнганини кўрсанглар ҳам, қимирламанглар», демаганмидилар?!” деди.

Лекин Абдулоҳнинг шериклари унинг гапларига қулоқ солишмади. Улар мушриклар мағлуб бўлишди, энди ортларига қайтишмайди, деб ўйлашди. Шундай экан, нега энди жойимизда қолишимиз керак, дейишди.

Ҳув анави шерикларимиз ўлжа-ғанимат йиғишяпти, нега энди биз йиғмаслигимиз керак?

Уруш тугаб, мушриклар кетиб бўлишди, энди қайтиб келишмайди!

Шундай экан, бу ерда қолишимиздан қандай маъно бор? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни кўзда тутмаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга буюрмаган эдилар.

Шундай қилиб, улар кетиб қолишди, Абдуллоҳ эса мусулмонларнинг орқа томонини бир нечтагина шериклари билан қўриқлаб қолди.

Аллоҳ Абдуллоҳдан рози бўлсин, шерикларини эса афв этсин.

Мушрикларнинг отлиқлари қайтиб келишгач, тепалик камончилардан бўшаб қолганини кўришди. Кейин ўша томондан жанг майдонига кириб боришди ва тарқалиб кетганларидан сўнг яна қайтадан тўпланишди.

Абдуллоҳ ибн Жубайр ва у кишининг ёнида қолган бир нечта шериклари шаҳид этилди.

Ўша куни саҳобалардан етмиш киши қатл этилиб, Аллоҳ уларни шаҳидлик билан сийлади.

Мусулмонлар тарқоқлашиб, ҳимоясиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалардан бир жамоа ўринларида собит турдилар.

Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача етиб келиб, у кишининг юзларини жароҳатлашди ва курак тишларини синдиришди, бошларидаги темир қалпоқларини бўлакларга бўлиб ташлашди, у зотга қарата тош отишди, ҳатто у киши бир чуқурга йиқилиб тушдилар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидан тортиб, чуқурдан чиқарди, Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу у зотни қучоқлаб олди.

Пайғамбаримизнинг юзларига дубулғанинг иккита ҳалқаси кириб қолган эди, Абу Убайда розияллоҳу анҳу уларни тишлаб, суғуриб олди ва натижада олд тишларидан иккитаси синиб тушди.

Қанчалар муборак тиш эди улар! Нақадар қадрли тиш эди у икки тиш!

Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтади: “Дубулғанинг ҳалқаларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лунжларига ботиб қолган эди, уни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суғуриб олиш учун қўзғалдим. Шунда Абу Убайда менга: «Аллоҳ номи билан ялиниб сўрайман, эй Абу Бакр, бу ишни менга қолдиринг», деди-да, бориб уни суғуриб олди ва олдиндаги тишларидан бири синиб тушди”.

Абу Бакр айтади: “Кейин бориб, иккинчи ҳалқани суғуриб олмоқчи бўлган эдим, Абу Убайда: «Аллоҳ номи билан ёлвориб сўрайман, эй Абу Бакр, буни ҳам менга қолдиринг», деди-да, ҳалқани оғзи билан суғурди ва олдиндаги иккинчи тиши ҳам синиб тушди”.

Молик ибн Синон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидаги қонни сўриб олди. Унга: “Тупуриб ташла”, дейилган эди, у: «Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон тупуриб ташламайман», деди.

Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлашиб, у кишига ёмонлик етказмоқчи бўлишди, лекин Аллоҳ ва мусулмонлар бунга йўл қўймадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларида ўнта саҳоба қолган эди, уларнинг барчаси шаҳид бўлиб, бирортаси қолмади.

Абу Дужона розияллоҳу анҳу орқаси билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қалқон бўлди. Найзалар елкасига санчилар, у эса қимирламай турар эди.

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам у кишига қалқон бўлиб турди, найзалар санчилишидан бир қўли шол бўлиб, ишламай қолди.

Нақадар мукаррам елка! Ва нақадар мукаррам қўл!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катта бир тош устига чиқмоқчи бўлдилар, аммо чарчаганлари ва жароҳатлари сабабли чиқа олмадилар.

Шунда Талҳа у кишини опичлаб, кўтариб олиб чиқиб қўйди. Нақадар ажойиб улов ва нақадар ажойиб йўловчи!

Умму Аммора розияллоҳу анҳо қаттиқ жанг қилди ва Амр ибн Қамиага бир неча бор қиличдан зарба берди, Аллоҳнинг душмани ҳам уни қилич билан уриб, қаттиқ жароҳат етказди.

Бир пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етти нафар ансорий ва икки қурайшлик билан қолдилар. Мушриклар ҳужум қила бошлашди. Шунда у зот: «Ким уларни мендан қайтарса, унга жаннат бўлгай», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши олдинга чиқиб, жанг қилди ва ҳалок бўлди.

Сўнг мушриклар яна ҳужумга ўтишган эди, у зот: «Ким уларни мендан қайтарса, ўша одам менинг жаннатдаги ҳамроҳим бўлгай», дедилар. Шу зайлда давом этиб, етти саҳобийнинг барчаси ҳалок бўлди.

Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу собит турди ва: «Эй Аллоҳ, мен анавиларнинг – яъни мусулмонларнинг – қилган ишлари сабабли Сенга узр айтаман ва анавиларнинг – яъни, мушрикларнинг – қилмишларидан пок эканимни Сенга изҳор қиламан», деди.

Анас қўлларидан қуролларини улоқтирган бир мусулмон жамоанинг олдидан ўтди ва: «Нимани кутяпсизлар?» деб сўради.

Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилибдилар», дейишди.

Шунда у: «У зотдан кейин яшаб нима қиласизлар? Туринглар, у киши ўлган нарсанинг устида сизлар ҳам ўлинглар», деди. Кейин Анас Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни учратиб қолди ва: «Эй Саъд, мен Уҳуд тарафдан жаннатнинг ҳиди келаётганини сезяпман», деди.

Анас ўзи кўриб турган жаннат томон қадам босди, уни жаннатдан тўсмоқчи бўлганларга қарши жанг қилди.

Анас жуда ҳам қаттиқ жанг қилиб, охири шаҳид этилди. Ўшанда унинг баданига қилич, найза ва ўқлар билан жами саксондан ортиқ зарба берилган эди.

Жангдан кейин мусулмонлар уни қонга беланган, мушриклар тарафидан мусла қилинган – аъзолари кесиб олинган ҳолда топдилар. У таниб бўлмас ҳолатда эди, фақатгина синглиси унинг бармоғидан таниб қолди.

Эй Анас, сизни Аллоҳ раҳматига олсин! Ҳақиқий эркаклар шундай бўладилар, ҳақиқий қаҳрамонлар шундай бўладилар!

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг