Дард ва даво (21): Аллоҳнинг афвига суяниб, Унинг буйруқ ва қайтариқларини зое қилиш (1)

0

Бўлим

Кўпчилик жоҳиллар Аллоҳ таолонинг раҳмати, афви ва карамига суяниб, Унинг буйруқ ва қайтариқларига бепарво бўлиб қолишади ва Аллоҳнинг жазоси қаттиқ эканини, жиноятчи қавмдан азобини қайтармаслигини унутиб қўйишади.

Аллоҳнинг афвига суяниб, гуноҳларда бардавом бўлиш Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларидан бўйин товлаш демакдир.

Маъруф[1] айтади: “Ўзинг итоат этмайдиган Зотнинг раҳматидан умидвор бўлишинг хорлик ва аҳмоқликдир[2].

Баъзи олимлар шундай деган экан: “Уч дирҳамни ўғирлаганинг сабабли бу ҳаёти дунёда бир аъзонгни (яъни қўлингни) кесишга буюрган Зотнинг охиратдаги жазо-уқубати бундан кам бўлади, деб хотиржам бўлма”.

 Ҳасан Басрийга: “Кўп кўз ёш тукканингизни кўрамиз”, дейишди. Шунда у: “Аллоҳ менга парво қилмай, дўзахга улоқтиришидан қўрқаман[3], деб жавоб берган экан.

У шундай дер эди: “Баъзи инсонларни Аллоҳнинг мағфиратидан таъма қилиш чалғитиб қўйди, ҳатто дунёдан тавбасиз кетдилар. Ўзича: “Мен Раббимга яхши гумондаман”, дейди. Ёлғон айтибди! Агар яхши гумон қилганида, амалини ҳам яхши қилган бўларди”.

Бир киши Ҳасан Басрийдан сўради: “Эй Абу Саид, юрагимизни ёргудай қилиб, (Аллоҳнинг азоби ва дўзахидан) бизларни қаттиқ қўрқитадиган қавм билан бирга ўтиришимиз ҳақида нима дейсиз?”

Аллоҳга қасамки,деди Ҳасан Басрий, – то омонликка (яъни Аллоҳнинг раҳмати ва жаннатига) етгунингга қадар (Аллоҳнинг азоби ва дўзахидан) сени қўрқитиб турадиган қавмга ҳамроҳ бўлишинг то хавф-хатарга (яъни Аллоҳнинг азоби ва дўзахига) дучор бўлгунингга қадар (Аллоҳнинг раҳмати кенгили билан) сени хотиржам қиладиган қавмга ҳамроҳ бўлишингдан яхшироқдир[4].

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Усома ибн Зайддан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: “Қиёмат куни бир киши келтирилиб, дўзахга улоқтирилади. Шунда унинг ичак-чавоқлари чиқиб кетади. Сўнг худди эшак тегирмон тошини айлантиргандек дўзах атрофида айлана бошлайди. Дўзах аҳли уни ўраб олиб: “Эй фалончи, сенг нима бўлди? Бизни (дунёда) яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармасмидинг?” деб айтишади. У эса: “Сизларни (дунёда) яхшиликка буюриб, уни ўзим қилмас, ёмонликдан қайтариб, уни ўзим қилар эдим”, деб жавоб беради[5].

Имом Аҳмад Абу Рофеъдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақеъ қабристонидан ўтатуриб: “Шўринг қурсин, шўринг қурсин”, дедилар. Менга айтяптилар деб ўйладим. Шунда у зот: “Йўқ, (сенга эмас), мана бу фалончининг қабри (шунга айтяпман). Уни фалон оиланинг закотини олиб келиш учун юборганимда (орасидан) бир устки кийимни яширинча ўғирлаб олган эди. Ҳозир устига шу кийимга ўхшаш ўтдан бўлган кийим кийгизилди[6], дедилар.

“Муснад”да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Исро кечаси бир гуруҳ одамларнинг олдидан ўтдим. Уларнинг лаблари ўтдан бўлган қайчи билан қирқиляпти экан. “Булар кимлар?” деб сўрадим. “Дунёда хатиб (яъни одамларга ваъз-насиҳат қилувчи) бўлиб, одамларни яхшиликка буюрган, лекин ўзларини унутган кимсалар. Ақлларини ишлатмайдиларми?” деб айтишди[7].

“Муснад”да Анасдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Исро кечаси) осмонга кўтарилганимда бир гуруҳ одамлар олдидан ўтдим. Уларнинг тирноқлари мисдан бўлиб, юзлари ва кўксларини тирнашар эди. “Эй Жаброил, булар кимлар?” деб сўрадим. “Улар (дунёда) одамларнинг гўштларини еювчи (яъни ғийбат қилувчи) ва одамлар шаънларига ёмон гаплар айтувчи кимсалар”, деб жавоб берди[8].

“Муснад”да келган бошқа бир ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй қалбларни ўзгартириб турувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин”, дея кўп айтардилар. Биз: “Ё Росулуллоҳ, дарҳақиқат, биз сизга ва сиз келтирган динга иймон келтирдик. Шунда ҳам биз (диндан чиқиб кетишимиз)дан хавотирдамисиз?” дедик. “Ҳа. Негаки, қалблар Аллоҳнинг икки бармоғи ўртасидадир. Хоҳлаганича айлантириб (яъни ё куфр, ё иймон томонга ўзгартириб) туради”, деб жавоб бердилар”[9].

(Давоми бор)

[1] Маъруф ибн Файрузон – машҳур художўй тақводор инсон. Ҳижрий 200 йилда вафот этган.

[2] Суламий “Табақотус-сўфия” (89) китобида Маъруфнинг ушбу сўзини: “Итоат қилинмайдиган Зотнинг раҳматидан умид қилиш жаҳолат ва аҳмоқлик”, деган кўринишда келтирган.

[3] Ибн Жавзий, “Сифатус-сафва”, (2\117).

[4] Абдуллоҳ ибн Аҳмад отаси Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Зуҳд” китобида 1459 рақам остида ривоят қилган. Шунингдек, Абу Нуайм “Ал-ҳиля”да (2\148-150) ривоят қилган.

[5] Бухорий, 3267 ва Муслим, 2989.

[6] Аҳмад, “Муснад”, (6\392), Насоий, “Сунан”, (862 ва 863), Ибн Хузайма, “Саҳиҳ”, (2737), Табароний, “Ал-мўъжамул-кабийр”, (1\323) ва бошқалар ривоят қилишган. Мазкур ҳадиснинг ҳасан ёки заифлиги борасида уламолар турли фикрлар билдиришган.

[7] Аҳмад, “Муснад”, (3\120).

[8] Аҳмад, “Муснад”, (3\224), Абу Довуд, “Сунан”, (4878) ва Табароний, “Ал-мўъжамул-авсат”, (8).

[9] Аҳмад, “Муснад”, (3\112), Термизий, “Сунан”, (2140)  ва бошқалар ривоят қилишган. Термизий, Ҳоким ва Зиёлар саҳиҳ дейишган.

Изоҳ қолдиринг