Қабристонга оид ҳукмлар: Муқаддима (7)

0
  1. Маййитни кўчириш қачон вожиб бўлади?

Агар маййит кофирлар юртида ёки исмоилийлар, нусайрийлар, дурузлар, ўн икки имомга эътиқод қилувчи рофизий-шиалар, жаҳмийлар каби фирқаларнинг юртида вафот этган бўлса ва у ерда мусулмонлар учун махсус қабристон бўлмаса, уни дафн қилиш учун бошқа юртга кўчириш вожибдир. Мусулмонларга эса имкон борича кофирлар юртидан мусулмонлар юртига кўчиб ўтишлари шарт бўлади[1].

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййитни вафот этган жойидан кўчириш керак эмас, балки, вафот этган жойида дафн этилиши афзалдир. Зеро, Аллоҳ таолонинг ерлари барчаси баробар. Фақатгина кофирлар юртида вафот қилиб, у ерда мусулмонлар учун қабристон бўлмаса, бундан мустасно. Ана шунда мусулмонлар юртига олиб борилиб, мусулмонлар қабристонига кўмилади. Аммо исломий юртларда вафот этадиган бўлса, инсон ўша вафот этган жойига дафн этилади»[2].

  1. Мусулмон кишини кофирлар юртида дафн қилиш

Доимий Фатво Бериш Қўмитаси айтади: «Мусулмон кишининг кофирлар қабристонига кўмилиши жоиз эмас. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, хулафои рошидинлар ва улардан кейингиларнинг даврида ҳам мусулмонларнинг қабристонларини кофирларникидан алоҳида қилиш ва мусулмонни мушрикнинг ёнига дафн қилмаслик Ислом аҳлига урф бўлган амалдир. Мана шу нарса мусулмонларнинг қабристонларини кофирларникидан алоҳида қилишга амалий ижмо бўлиб қолди.

Имом Насоий Башир ибн Маъбад Садусийдан ривоят қилган ҳадисда у шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кетиб борар эканман, у зот мусулмонларнинг қабрлари олдидан ўтиб қолдилар ва (қабрларга ишора қилиб): «Анавилар кўп ёмонликлардан ўзиб кетишди», дедилар. Сўнг мушрикларнинг қабрлари олдидан ўтиб қолдилар-да: «Анавилар кўп яхшиликлардан ўзиб кетишди» (яъни бебаҳра қолишди), дедилар”[3]. Мана шу ҳадис мусулмонларнинг қабрларини кофирларнинг қабрларидан алоҳида қилиш кераклигига ҳужжатдир. Шундай экан, мусулмон инсон исломий бўлмаган юртни ватан тутмаслиги, кофирлар орасида яшамаслиги керак. Балки динини фитналардан олиб қочиши ҳамда ибодатларини тўла-тўкис адо этиши учун мусулмон биродарлари билан яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилиши ва тез фурсатда исломий юртга кўчиб ўтиши шарт бўлади. Бу шартдан фақат кофирлар орасида Исломни ёйишга қодир бўлган, бошқаларга таъсир ўтказа олишига ишонган, кофирлардан таъсирланиб қолишидан қўрқмаган кишигина мустасно. Шунингдек, улар орасида яшашдан бошқа иложи бўлмаган кишилар ўзаро ҳамкорлик қилишлари ва ёрдамлашишлари, ўликларини дафн этиш учун ўзлари учун махсус қабристонлар тайёрлашлари керак бўлади»[4].

Яна айтадики: «Агар мусулмон киши вафот этса, кофирларнинг қабристонларига дафн этилмайди, балки саҳро каби ялангликлардан жой топиб, ўша ерга дафн этилади ва кавлаб, чиқариб ташланмаслиги учун қабрини ер билан бир текис қилиб қўйилади. Агар мусулмонларнинг қабристони бор бўлган юртга ортиқча машаққат ва сарф-ҳаражатсиз кўчиришнинг имкони бўлса, кўчиш афзалроқдир»[5].

Яна айтади: «Мусулмон кишини насронийларнинг ҳам, шунингдек, яҳудий, коммунист ва бутпараст каби кофирларнинг ҳам қабристонига дафн қилиш жоиз эмас»[6].

Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар киши кофирлар юртида вафот этса ва у ерда мусулмонларнинг қабристони бўлса, ўша қабристонга дафн этилади. Агар кўчирилса ҳам зарари йўқ, аммо ортиқча сарф-харажат қилмаслик учун кўчирмаган яхшироқ. Ўтмишда ҳам мусулмонлар кўплаб юртларда вафот этар, кейин ўша диёрлардаги мусулмонларнинг қабристонларига дафн қилинар эдилар. Мадинага ҳам, бошқа жойларга ҳам кўчириб олиб келинмас эдилар»[7].

Агар мусулмонлар учун махсус қабристон бўлмаса ва маййитни мусулмонлар юртида дафн этиш учун унинг ичак-чавоқларини олиб ташлаб, жасадини мўмиёлаб кўчиришдан бошқа имкон бўлмаса, бундай қилиш жоиз эмас. Чунки бу иш мусла қилишнинг бир тури саналади, валлоҳу аълам.

Мусулмон эса тирик ҳолатида ҳам, ўлик ҳолатида ҳам ҳурматли саналади. Бундай ҳолатда вафот этган кофирлар юртидаги саҳрога олиб бориб, дафн қилинади[8].

[1]«Доимий Фатво Бериш Қўмитаси фатволари» (8/452, 2922-рақамли фатво).

[2]«Лиқоул бобил мафтуҳ» (143/10).

[3]«Сунани Насоий» (2048).

[4]«Доимий Фатво Бериш Қўмитаси фатволари» (8/452-453, 1841-рақамли фатво).

[5]Юқоридаги манба, (8/455, 5377-рақамли фатво).

[6]Юқоридаги манба, (8/355, 9024-рақамли фатво).

[7]«Мажмуъул фатово вал мақолат» (28/130-131).

[8]Шайх Абдураҳмон Баррок ҳафизаҳуллоҳнинг қўшимча фойдаларидан.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг