Умар ибн Абдулазиз (2)

0

Учинчи лавҳа

Ибн Абдулҳакам “Умар ибн Абдулазизнинг сийрати” номли ўзининг нафис китобида ҳикоя қилади: “Умар ибн Абдулазизга ўлим соати яқинлашганида, унинг ҳузурига Маслама ибн Абдулмалик киради ва: “Эй мўминлар амири, сиз мол-дунёга эгалик қилишдан фарзандларингизни тўсиб қўйдингиз, агар уларга мени ва ё аҳли байтингиздан ўзингиз ортиқ кўрган биронтасини васий қилиб қолдирсангиз, жуда яхши бўлар эди”. Маслама сўзини тугатгач, Умар ибн Абдулазиз: “Мени ўтқазиб қўйинглар”, деди. Ўтқазиб қўйишгач: “Эй Маслама, сўзингни эшитдим. Аммо “мол-дунёга эгалик қилишдан фазандларингизни тўсиб қўйдингиз”, деган сўзинг, Аллоҳга қасамки, мен уларга тегишлик бўлган ҳақдан биронталарини манъ қилганим йўқ ва шу билан бирга уларга тегишлик бўлмаган биронта нарсани ҳам уларга берганим йўқ. Энди “агар уларга мени ва ё аҳли байтингиздан ўзингиз ортиқ кўрган биронтасини васий қилиб қолдирсангиз, жуда яхши бўлар эди”, деган сўзингга келсак, мен уларга васий қилиб қолдирадиган Зот ва менинг Эгам шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур. Шуни билки, эй Маслама, менинг фарзандларим икки тоифанинг бири бўладилар: ё солиҳ тақводор одам бўладилар, агар шундай бўлсалар, Аллоҳ уларни фазлу карами билан бой-бадавлат қилади ва улар учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилиб қўяди; ёки гуноҳларга ботган ёмон одам бўладилар, агар шундай бўлсалар, Аллоҳга маъсият қилишларида мен уларга мол-дунё билан ёрдам берувчи бўлмайман”, деди ва фарзандларини чақиришларини сўради. Ҳаммаларини чақирдилар. Улар ўн тўққизтача эди. Барчаси кириб келишди. Умар ибн Абдулазиз уларни кўриб, икки кўзи ёшга жиқ тўлди ва: “Жоним фидо бўлсин бу йигитларга, ҳеч вақолари йўқ камбағал ҳолда уларни ташлаб кетяпман”, деб ичидан тўлиб йиғлади. Сўнг фарзандларига қараб: “Болажонларим, мен сизларга кўп яхшиликларни қолдириб кетяпман. Сизлар биронта мусулмоннинг ёки зиммийнинг олдидан ўтсангиз, уларнинг устида сизнинг ҳаққингиз борлигини билиб турадилар. Болажонларим, икки ишдан бирини танлаш ихтиёри турибди: сизлар бой-бадавлат бўлиб, отангиз дўзахга кириши ва ёки сизлар камбағал қолиб, отангиз жаннатга тушиши. Бойликдан воз кечиб, отангизни дўзахдан қутқариб қолишни ихтиёр этасиз, деб ўйлайман”, деди. Сўнг меҳр билан уларга боқиб: “Бораверинглар. Аллоҳ сизларни ҳифзи-ҳимоясида сақлаб, ризқингизни мўл-кўл қилиб берсин”, деб айтди. Маслама ибн Абдулмалик Умар ибн Абдулазизга қараб: “Эй мўминлар амири, менда бундан кўра яхшироқ фикр бор”, деди. Умар ибн Абдулазиз сўради: “Нима экан у?” “Менда уч юз минг дийнор бор, – деди Маслама ибн Абдулмалик, –шуни сизга ҳадя қиламан, сиз эса фарзандларингизга бўлиб беринг, хоҳласангиз, садақа қилиб юборинг”. Умар ибн Абдулазиз: “Менда сеникидан кўра яхшироқ фикр бор”, деди. Маслама ибн Абдулмалик: “Нима экан у, эй мўминлар амири?” деб сўраган эди, Умар ибн Абдулазиз: “Шу дийнорлар кимдан олинган бўлса, эгаларига қайтариб бер, чунки бунга сен ҳақли равишда эга бўлмагансан”, деди. Масламанинг икки кўзи намланди: “Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга, эй мўминлар амири, қотиб кетган қалбларимизни юмшатдингиз, унутганларимизни эслатдингиз ва биз учун яхши инсонлар ичида ном қолдирдингиз”, деди…

* * *

Умар ибн Абдулазиз вафотидан сўнг фарзандларининг ҳаётларини кузатган одамлар, уларнинг биронталари камбағал ва муҳтож бўлмай яшаганларини кўрдилар. Аллоҳнинг сўзи ростдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтган: “Фаразан ўзлари ҳам вафот этиб, ортларидан ёш ва заиф болаларни қолдириб кетсалар, ўша фарзандларига зулм ё зоелик етишидан қўрқадиган кишилар энди бошқалар ҳаққидан ҳам қўрқсинлар ва қўллари остида бўлган етимлар ва бошқалар хусусида уларнинг молларини асраб-авайлаш, ўзларини чиройли тарбия қилиш ва уларга етадиган озорларни даф қилиш билан Аллоҳдан тақво қилсинлар ва уларга тўғри ва яхши сўзларни айтсинлар!” (Нисо сураси, 9).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг