Ҳаром амаллар: Зиҳор

0

Ҳозирги кунда ҳам бу уммат ичида аввалги жоҳилият давридагидек, эр хотинини зиҳор қилиб, “Сен менга онамнинг орқаси кабисан”, “Сен менга опамнинг ҳаромлиги каби ҳаромсан” ва шунга ўхшаш шариат қабиҳ ҳисоблаган ва аёлга зулм бўлган тубан сўзлар бор. Аллоҳ буни Ўзининг ушбу сўзида сифатлаб деди: “Ораларингиздан хотинларига зиҳор қиладиган кишилар Аллоҳга осий бўлибдилар. Уларнинг аёллари ҳақиқатан оналари эмасдир. Балки хотинларидир. Уларнинг оналари уларни дунёга келтирган, туққан оналаридир. Албатта, ўша зиҳор қилувчи кимсалар нотўғри бўлган, ноҳақ, ёлғон сўзни айтмоқдалар. Албатта, Аллоҳ холис тавба билан ўзларини тузатган кишиларни кечирувчи, мағфират қилувчи Зотдир” (Мужодала сураси, 2).

Зиҳор қилган шахс учун шариатда бехосдан одам ўлдириб қўйган ва рамазон ойида кундузи хотинига қўшилган одамнинг каффоратига ўхшаш қаттиқ каффорат белгиланган. Хотинини зиҳор қилиб, кейин унга қайтмоқчи бўлган кимса бу қилмиши учун маълум миқдорда каффорат — тўлов тўламасдан аввал унга қўшилиши мумкин бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган: “Аёлларини зиҳор қилиш билан ўзларига ҳаром санаётган сўнг бу  сўзларидан қайтадиган кишилар зиммасида хотинига қўшилишдан илгари бир қул ёки чўрини озод қилиш бордир. Бу билан сизларга насиҳат қилинмоқда. Аллоҳга сизларнинг амалларингиздан бирон нарса яширин эмас. У амалларингизга муносиб жазою мукофотлар берувчи Зотдир. Энди ким озод қиладиган қул тополмаса аёлига қўшилишдан илгари икки ой кетма-кет рўза тутиши лозим бўлади. Ким бирон шаръий узр туфайли икки ой рўза тутишга қодир бўлмаса у  олтмишта мискинни таомлантириб, тўйдирмоғи лозим бўлади. Буни Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиришингиз учун сизларга баён қилдик. Юқорида зикр қилинган бу ҳукмлар Аллоҳнинг буйруқлари ва хад-худудларидир. Бас, улардан тажовуз қилманглар. Бу буйруқларни инкор қилувчи кофирлар учун аламли азоб бордир” (Мужодала сураси, 3-4).

 

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг