Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (10)

0

Нафсни поклаш

(Давоми)

Поклаш ва Аллоҳга итоат қилиш билан нафслар тараққий этади, қалблар ва руҳлар юксалади.

Бизлардан ҳар биримиз ўзига: «Мен одатларимни афзаллик томон ўзгартиришга тайёрманми? Муслима сифатида вазифаларимни адо этишда, солиҳ амалларда бардавом бўла оламанми?» деб савол берсин. Агар жавоб ижобий бўлса, жуда ҳам яхши, аксинча бўлса, фурсат қўлдан бой берилишидан илгари шошилиб қолайлик…

Нафсларимизни поклаб, “Дарҳақиқат, нафсини поклаган (ва уни яхшиликлар билан юксалтирган) киши нажот топди[1], дея марҳамат қилган Аллоҳ таолонинг нажот ваъдасига ноил бўлишимиз учун мана шу йўлни танлашимиз, У Зотга биздан рози бўлган ҳолда йўлиқишимиз учун ҳаётимиз давомида ўзимизни тинимсиз тарбиялаб боришимиз керак.

Саҳиҳ ҳадисда келади:

«Бир киши одамларнинг наздида жаннат амалини қилади, ваҳоланки, у дўзах аҳлидан бўлади. Яна бир киши одамларнинг наздида дўзах амалини қилади, ваҳоланки, у жаннат аҳлидан бўлади». Бу ҳадиснинг саҳиҳ эканига иттифоқ қилинган. Бухорий ривоятида: «Амаллар хотимасига кўра эътиборга олинади»[2], деган жумлани зиёда қилган.

Бу фикрни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган бошқа ҳадис ҳам таъкидлайди. У зот: «Қачонки Аллоҳ бирор бандага яхшиликни хоҳласа, уни одамлар орасида мақтовли қилиб қўяди», дедилар. «Мақтовли қилиши қандай бўлади?» деб сўрашди. Айтдиларки: «Уни вафотидан аввал солиҳ амал қилишга йўллайди, кейин ўша амал устида вафот эттиради»[3].

Аллоҳ шунга муваффақ қилган одам нақадар бахтли!

Ўлимдан кейинги ҳаётимиз учун озуқа тўплашга қатъиятли бўлайлик, дунё лаззатлари ва шаҳватларини ташлайлик, унинг роҳатларига асир бўлиб қолмайлик.

Ҳар бир амал олдидан унинг шариатга нисбатан қиймати ҳақида фикр юритишимиз, сўзларимизу амалларимизни шариат мезонида тортиб олишимиз лозим.

Агар ҳаёт сўқмоқларида машаққат тортиш билан бир қаторда завқланишни ҳам хоҳласак, ҳар қандай ҳолатда ҳаром нарсаларга енгил қарамаслигимиз, балки асосларни маҳкам тутишимиз даркор.

Ана шунда мустаҳкам ақидали, Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунувчан, қайтариқларидан янада узоқроқ, янада ҳаётийроқ ва ижобийроқ, тақдирдан рози ва саодатманд, ўзимизни жабрланган ва камситилган ҳис қилиш каби қусурли фикрлашдан узоқлашган бўламиз.

Ва ҳар биримиз барчанинг ҳаққини тўа адо қилишга бирдек ҳаракат қиладиган солиҳа ва муслиҳаларга айланамиз. Демак, нафсни поклаш бирламчи вазифалар сирасидандир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло “У (яъни дўзах  тоат-ибодатлар билан Раббига) яқинлашишни истаган кишилар ёки (гуноҳ маъсиятлар қилиш билан Раббидан) узоқлашишни истаган кишилар учун қўрқитувчи бўлган улкан (бало)лардан биридир (Муддассир сураси, 35-37), дер экан, яқинлашиш ҳамда узоқлашишни зикр қилди, бир жойда қотиб, тўхтаб қолишни айтмади.

Қалбларни ўзи хоҳлагандек ўзгартириб турувчи Аллоҳдан ҳаётимизни солиҳ амаллар билан хотима топдиришини, Аллоҳ таолога йўлиқиб, У Зотнинг розилигига эришиш учун бизларни ҳозирлайдиган озуқаларни тўплаб олишимизга муваффақ қилишини сўраймиз. Албатта, У дуоларни эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир.

[1]Шамс сураси, 9-оят.

[2]Бухорий 6493.

[3]Албоний, «Саҳиҳул жомеъ» (307).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг