Жинсий аъзони узайтириш ҳақида

0

Савол:

Мен келгусида уйлансамбир мусулмон сифатида аёлимнинг барча ҳақларини адо этишга, хусусан, жинсий алоқа борасидаги эҳтиёжларини қондиришга интиламан. Интернетда жинсий аъзони узайтириш ҳақида бир мақола ўқиб қолдим. Бу масала мени ташвишга соладиган муаммолардан бири. Мақолада айтилишича, ҳар куни жинсий аъзони муайян ёғ ва малҳамлар билан 15 дақиқа массаж қилиш керак экан. Шунга нима дейсиз ва менга нима маслаҳат берасиз?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.
Жинсий аъзони узайтиришнинг икки хил йўли бор.

Биринчи йўли жарроҳлик амалиёти орқали бўлади. Бу йўл билан жинсий аъзони узайтириш ҳаром, бундай амалиёт қилдириш мумкин эмас. Чунки бу амалиёт бажарилиши учун инсон авратини кўрсатишга мажбур бўлади. Ваҳоланки, бунга ҳеч қандай эҳтиёж ёки зарурат йўқ. Жинсий аъзо одатдагидан ўта қисқа бўлиб, жинсий яқинликка таъсир қилса (бу жуда ҳам нодир ҳолат), шунда уни узайтириш учун жарроҳлик амалиёти ўтказиш мумкин бўлади.

Иккинчи йўл жарроҳлик амалиётисиз, табиий йўллар билан амалга оширилади. Бу йўл малҳамлар воситасида бўладими ёки машғулотлар орқалими, қатъи назар, унга бирон шаръий монелик йўқ. Лекин бунинг ортидан бирон зарар келиб чиқмаслиги шарт. Шунингдек, машғулотлар асносида жинсий аъзони ўнг қўл билан ушламаслик керак. Чунки Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жинсий аъзони ўнг қўл билан ушлашдан қайтарганлари айтилган (Муслим (267) ва Термизий (15) ривояти). Ибн Ҳазм Зоҳирий: “Инсон жинсий аъзосини чап қўли билан ушлаши жоиз эканига бутун уммат ижмо қилган”, деган (“Ал-муҳалло”, 11/392). Бу иш, шаҳватни қондириш ва маний чиқариш мақсадида қилинмас экан, онанизм ҳисобланмайди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим, жинсий аъзо узун ёки қисқалиги жинсий алоқага таъсир қилиши тиббий жиҳатдан тасдиғини топмаган. Буни бир қанча мутахассис докторлар таъкидлашган. Яъни, модомикижинсий аъзо табиий узунликда бўлар экан, худди бошқа аъзолар сингари унинг узун ёки қисқа бўлиши ўз вазифасини бажаришига фойда ёки халақит қилмайди. Шундай экан, уни узайтиришга ҳаракат қилиш бефойда ишдир. Баъзи тиббий саҳифаларда шундай дейилган: “Жинсий аъзонинг узунлигига эътибор бермаслигимиз керак. Ёлғон ва уйдирма гапларнинг акси ўлароқ, жинсий аъзонинг узунлиги эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам жинсий лаззатланишига таъсир қилмайди”.

Бинобарин, аёлингиз билан бўладиган муомалада тўғри йўл танлашга ва унга яхши муносабатда бўлишга, ўртада меҳр-муҳаббат уруғини экишга интилишингиз муҳимдир. Сизни ташвишга солаётган масаладан кўра, мана шу ишнинг аёлингиз учун фойдаси кўпроқ, валлоҳу аълам.

Манба: IslamQA саҳифаси
IxlosOrg таржимаси

Изоҳ қолдиринг