Никоҳ: Никоҳ тўйига оид айрим мулоҳазалар

0

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Никоҳ тўйига, бой ёки камбағал бўлишларидан қатъи назар, солиҳ кишиларни чақириш мустаҳаб, фақат бойларни чақириш эса макруҳдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Энг ёмон таом камбағаллар қолиб, фақат бойлар чақирилган тўйдаги таомдир. Ким чақирилган жойга бормаса, Аллоҳ ва Расулига осий бўлибди»[1].

  2. Рожиҳ-кучли фикрга кўра, таклиф этилган никоҳ тўйига бориш вожиблигини айтиб ўтган эдик. Уламолар никоҳ тўйидан бошқа тўйларга бориш ҳукми хусусида ихтилоф қилишган. Айрим уламолар Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган «Биронтангизни биродари тўйга чақирса, никоҳ тўйи бўладими ёки шунга ўхшашми, албатта борсин»[2], деган ҳадиснинг умумий маъносидан келиб чиқиб, ҳар қандай тўйга бориш вожиб, дейишган. Айрим шофеий мазҳаби уламолари ва зоҳирийлар шу фикрда. Шунингдек, Шайх Албоний «Никоҳ одоблари» китобида вожиб деган фикрни ёқлаган. Жумҳур уламолар эса, никоҳ тўйидан бошқа тўйларга боришни мустаҳаб дейишган. Бироқ юқоридаги ҳадис вожиб деган уламолар сўзини қўллаб-қувватлайди, валлоҳу аълам.

  3. Инсон камтарин дастурхонга чақирилса ҳам, бориши лозим. Зеро, бу билан биродарининг кўнгли кўтарилади, мусулмонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ортади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Агар биргина туёққа чақирилсам ҳам, бораман, биттагина туёқ ҳадя қилинса ҳам, қабул этаман»[3].

  4. Чақирилган жойга бориш керак, дегани, рўзадор бўлса, борган жойида, албатта, таом ейиши шарт, дегани эмас. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар биронтангиз таомга чақирилса, борсин. (Боргач), хоҳласа, таомдан есин, хоҳламаса емасин»[4]. Чунки ҳадиснинг Ибн Можа ривоятида «Агар биронтангиз рўзадор ҳолатида таомга чақирилса…» дейилади.

Тўйга борган киши рўзадор бўлмаса, модомики, бирон узри бўлмаса, таом ейиши вожибдир. Негаки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумога оид ривоятлардан бирида «Агар рўзадор бўлмаса, есин, рўзадор бўлса, (хонадон аҳлига) дуо қилсин», дейилади. Шунингдек, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисида ҳам «рўзадор бўлса, (хонадон аҳлига) дуо қилсин»[5], дейилган.

  1. Юқоридаги фикрлардан маълум бўладики, тўйга чақирилган киши рўзадор бўлса ва рўзасини бузишни истамаса, хонадон аҳлига дуо қилади. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, бунақа ҳолатда рўзадор рўзасини бузиши жоиз. Хўш, зиёфатга борган киши рўзасини бузгани яхшими ёки давом эттирганими? Мазкур масала хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Менимча, ҳолатга қараб рўзасини очиши ҳам ёки очмаслиги ҳам ихтиёрийдир. Агар мезбон атай унинг учун ташвиш қилган бўлса, рўзасини очмаслиги унга оғир ботса, рўзасини очгани афзал. Агар рўзасини давом эттириши мезбонга оғир ботмаса, у ҳолда унинг ҳаққига дуо қилиш билан чекланиши жоиз. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга атаб таом ҳозирладим. У зот асҳоблари билан бирга келдилар. Таом ўртага қўйилганда ҳозир бўлган қавмдагилардан бири: «Мен рўзадорман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингиз сизларни чақирибди, сизлар учун ташвиш қилибди», дедилар ва ортидан ҳалиги кишига қараб: «Рўзангни оч ва хоҳласанг, ўрнига бошқа бир кун тутиб бер»[6], дедилар. Уламолар ҳадисда зикр қилинган рўзани нафл рўзага йўйишган. Фарз рўзани очиш жоиз эмаслиги, балки бундай киши тўй эгасининг ҳаққига дуо қилиши лозимлигини айтишган.нико

  2. Тўйга келганлар тўй эгаси ва оиласининг ҳаққига хайр-барака тилаб дуо қилишлари мустаҳабдир. Дарҳақиқат, ҳадисларда мавзуга оид бир қанча дуолар зикр қилинган. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:

а) Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга атаб таом тайёрлаб, зиёфатга чақирди ва у зот келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таомдан сўнг:

 «اللَّهُمَّ اغْفِرْ لَهُمْ وَارْحَمْهُمْ وَبَارِكْ لَهُمْ فِيمَا رَزَقْتَهُمْ»

(яъни: «Эй Аллоҳ, хонадон аҳлини мағфират қил, уларга раҳм қил ва ризқларига барака бер»)[7], деб дуо қилдилар;

б) Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жумладан, бундай дуо қилганлар:

«اللّهُمَّ أَطْعِمْ مَنْ أَطْعَمَنِي وَاسْقِ مَنْ سَقَانِي»

 (яъни: «Эй Аллоҳ, менга таом берганга таом бер, мени суғорганни суғор»)[8].

Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг зиёратига борганлари тўғрисидаги ҳадисда айтилишича, Саъд у зотга майиз тақдим қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ейдилар. Сўнг:

«أَكَلَ طَعَاَمَكُمُ الْأَبْرَارُ، وَصَلَّتْ عَلَيْكُمُ الْمَلَائِكَةُ، وَأَفْطَرَ عِنْدَكُمُ الصَّائِمُونَ»

 (яъни: «Таомингизни яхшилар есин, фаришталар сизга истиғфор тиласин ва сизникида рўзадорлар ифтор қилсин»[9], деб дуо қиладилар.

Эслатма:

Баъзи инсонлар юқоридаги дуони айтиш асносида баъзи хатоликларга йўл қўйишади. Жумладан:

  • баъзилар бу дуога:

«وَذَكَرَكُمْ اللَّهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ»

(яъни: «Ва сизларни Аллоҳ ўзининг ҳузуридагилар (яъни фаришталар) ичида ёд этсин»), деган қўшимчани қўшиб айтадилар. Ҳолбуки, бу қўшимча ҳадисда келмаган;

  • айрим инсонлар ҳазил-мутойиба қилиб «фаришталар сизга истиғфор тиласин, Жаброил бундан мустасно», деб қўйишади. Албатта, бундай қилиш дуо одобларига зиддир. Зеро, инсон ўйин-кулги ва ботил ҳазил билан эмас, балки ихлос ва хокисорлик билан дуо қилиши лозим;

  • баъзилар бу дуони айтишда луғавий хатога йўл қўядилар: ундаги «أَكَلَ طَعَاَمَكُمُ الْأَبْرَارُ» жумласини «أَكَلَ طَعَاَمُكُمُ الْأَبْرَارُ», деб ўқийди ва бу араб тили қоидаларига кўра маъно бузилишига олиб боради. Яъни гапнинг маъноси «таомингизни яхшилар есин»нинг ўрнига «таомингиз яхшиларни есин» бўлиб қолади;

в) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ва Фотима розияллоҳу анҳумонинг биринчи никоҳ кечаларида шундай дуо қилганлар:

«اللَّهُمَّ بَارِكْ فِيهِمَا وَبَارِكْ لَهُمَا فِي بِنَائِهِمَا»

(Яъни: «Эй Аллоҳ, улар иккисига барака бер, қовушишларини баракотли қил»[10];

г) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биров уйланса, унга «بِالرِّفَاءِ وَالْبَنِينَ» («Бир-рифои вал-банин»), деган табрик ўрнига:

«بَارَكَ اللهُ لَكَ، وَبَارَكَ عَلَيْكَ، وَجَمَعَ بَيْنَكُمَا فِي خَيْرٍ»

(Яъни: «Аллоҳ сенга барака берсин, устингдан барака ёғдирсин ва иккингизни барча яхшиликларда бирга қилсин»), деб дуо қилар эдилар»[11].

Жоҳилият аҳли уйланган кишига «Бир-рифои вал-банин» («Тинч-тотув бўлинглар, ўғил кўринглар»), деб дуо қилишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай табриклашдан қайтардилар[12].

  1. «Бир-рифои вал-банин», деб табриклашдан қайтарилгани тўғрисида юқорида ишора қилинган ҳадис Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «Ақил ибн Абу Толиб Жушам қабиласидан бир аёлга уйланади. Унинг уйига келган меҳмонлар «Бир-рифои вал-банин», деб табриклайдилар. Шунда Ақил: «Ундай деманглар» (бошқа бир ривоятда эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганлар»), дейди. Қавм: «Унда нима дейлик, эй Абу Зайд?» дейишади. Ақил айтади:

«بَارَكَ اللَّهُ لَكَمْ، وبَارَكَ عَلَيْكَمْ»

 (Яъни: «Аллоҳ сизларга муборак қилсин, устингиздан барака ёғдирсин»), денглар. Бизни шундай дейишга буюришган»[13].

Айнан бундай дуо қилишдан қайтариш сабаби унинг жоҳилият амалларидан бўлганидир. Чунки унда фақат ўғил бола тилаб дуо қилиш зикр этилган. Бироқ дуодаги «Ар-рифо» сўзидан қайтариш чигаллик туғдиради. Чунки бу сўз «бирлашиш, тотувлик, жипслашиш» маъноларини англатади. Чигалликни бартараф этиш учун айтиш мумкинки, баъзан инсонлар бирлашадилар, лекин бирлашишларида бирон яхшилик бўлмайди. Зеро, қанчадан-қанча инсонлар ботил устида бирлашадилар. Энди ҳадисда келганидек, барака тилаб дуо қилишга келсак, бу сўз ҳар қандай яхшиликни ўзида мужассам этган сўздир, валлоҳу аълам.

  1. Баъзи инсонлар табриклаш мақсадида «мабрук» сўзини ишлатадилар. Бундай дейиш нотўғридир. Балки унинг ўрнига «барака» сўзидан ясалган «муборак» (яъни «хайр-баракали бўлсин») сўзини ишлатиш лозим. «Мабрук» сўзи эса «бурук» сўзидан ясалган бўлиб, унинг энг асосий маъноси «сабот – турғунлик»дир. Демак, бу сўз ҳам «ар-рифо» сўзига ўхшаш бўлгани учун ҳадисдаги қайтариқ унга ҳам тегишли бўлади.

  2. Тўйга одамларни умумий тарзда чақириш, шунингдек, муайян кишиларнигина чақириш ҳам жоиздир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга одамларни тўйга чақиришни буюради. Анас айтади: «Сўнг менга «Фалончи, фалончи ва фалончиларни чақир», дея муайян кишиларнинг исмларини айтдилар ва яна: «Олдингдан чиққанларни ҳам чақир», деб тайинладилар»[14].

  3. Тўй эгаси тўйга шаръан ножоиз ҳолатда келадиган ёки тўйга келиб шундай ишларни қиладиганларни чақирмайди. Бу билан асло уларга ёмонлик қилиш ёки бу иш қариндошлик ришталарини узиш саналмайди[15].

[1] Бухорий (5177), Муслим (1432), Абу Довуд (3742), Ибн Можа (1913) ривояти.
[2] Муслим (1429), Абу Довуд (3738) ривояти.
[3] Бухорий ривояти, 5178.
[4] Муслим (1430), Абу Довуд (3740), Ибн Можа (1751), Аҳмад (3/392) ривояти.
[5] Муслим (1431), Абу Довуд (2460), Термизий (780) ривояти.
[6] Табароний «Ал-авсат»да (3/306), Дорақутний (2/177), Байҳақий (4/27) ривоят қилган. Шайх Албоний «Ал-ирво»да (1952) ва Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул-Борий»да (4/150) ҳасан деган.
[7] Муслим (2042), Абу Довуд (3729), Насоий «Ал-кубро»да (10123), Термизий (3576) ривоят қилишган.
[8] Муслим (2055), Аҳмад (6/2, 3, 4) ривояти.
[9] Саҳиҳ. Абу Довуд (3854), Аҳмад (3/138), Ибн Сунний «Амалул-явми вал-лайла»да (483) ривоят қилишган. Ҳадисни Ироқий «Ал-эҳё» тахрижида (2/13) ва Албоний «Саҳиҳул жомеъ»да (1226) саҳиҳ дейишган. Шунингдек, ҳадисни Ибн Можа (1747), Ибн Ҳиббон (5296) Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган. Ибн Зубайр ривоятининг санадида заифлик бор бўлиб, у юқоридаги ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди.
[10] Ибн Саъд «Ат-табақот»да (5/20-21), Насоий «Ал-кубро»да (6/72) ривоят қилишган. Албоний «Никоҳ одоблари» китобида (88-бет) ҳасан деган.
[11] Саҳиҳ. Абу Довуд (2130), Термизий (1091), Ибн Можа (1905), Аҳмад (2/381) ривояти. Албоний «Саҳиҳут-тарғиб»да (2445) саҳиҳ деган
[12] Қаранг: «Фатҳул-Борий», 9/222.
[13] Мазкур қайтариқ зикр қилинган ҳадис шу маънода келган бир неча ҳадислар йиғиндиси ила «ҳасан» даражасига кўтарилган. Ҳадисни Насоий (6/128), Ибн Можа (1906), Доримий (2/180) ривоят қилишган. Шайх Албоний ҳадис ривоятларини келтириб шундай дейди: «Ҳадис икки ривоят йиғиндиси билан ҳисоблаганда «қавий» (кучли)дир» («Никоҳ одоблари», 90-бет).
[14] Бухорий (4793), Муслим 91428) ривояти.
[15] Қаранг: «Доимий қўмита фатволари», (19/99-100), 5001-сонли фатво.

Изоҳ қолдиринг