Усмон розияллоҳу анҳу: Вилоятлар ва волийлар (4)

0

Еттинчи: Миср вилояти

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Миср волийси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бўлиб, уни тўрт йилга яқин бошқарди[1].  Умар вафот этганида ҳам у Миср волийси эди. Усмон розияллоҳу анҳу халифалиги аввалида уни бир муддат ўрнида қолдирди. Унга Мисрнинг баъзи ноҳиялари бошқарувида Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ ёрдамчилик қиларди. У Фаластиндаги фатҳлардан бери Амр ибн Оснинг ёнида бўлиб, унинг қўмондонларидан саналар ва Миср фатҳида ҳам иштирок этган эди[2].  Миср фатҳ этилганидан сўнг Умар розияллоҳу анҳу уни Мисрнинг Саид минтақаси амири этиб тайинлаган эди[3].

Афтидан, Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Саъд ўртасида баъзи масалаларда фарқли қарашлар пайдо бўлган. Усмон розияллоҳу анҳу халифаликка сайланганидан сўнг Амр ибн Ос унга мурожаат қилиб, Абдуллоҳ ибн Саъдни Саид волийлигидан четлатишини сўради. Бироқ Усмон кўнмади ва Абдуллоҳ ибн Саъдни шахсан Умар розияллоҳу анҳу волий қилганини, у четлатилишга арзирли бирор иш қилмаганини айтди. Амр уни четлатиш талабида қаттиқ туриб олди, Усмон ҳам қаттиқ туриб унинг талабини рад этди. Ҳар иккиси ўз фикрида маҳкам туриши оқибатида Усмон Амрнинг ўзини Миср волийлигидан четлатиб, ўрнига Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳни волий этиб тайинлашни маъқул кўрди.

Бу орада румликлар Искандарияга бостириб келиб, уни истило қилдилар, ундаги барча мусулмонларни қиличдан ўтказдилар. Шундан сўнг амирул мўъминин Усмон розияллоҳу анҳу Искандарияни қайта фатҳ қилиш ва ундаги рум лашкарига барҳам бериш учун Амр ибн Осни қайтадан Миср қўшинларига бош қўмондон этиб тайинлади. Мазкур ҳодисалар ҳақида юқорида фатҳлар мавзусида батафсил баён қилинди. Сўнг Усмон Амр ибн Осни Мисрдаги барча қўшинлар ва жангларга бошлиқ қилишни, Абдуллоҳ ибн Саъдни эса бож-хирож ишларига масъул қилишни хоҳлади, лекин Амр бу лавозимни қабул этмади. Усмон розияллоҳу анҳу даврида Амр ибн Оснинг жиҳод майдонларидаги айрим фаолиятлари, румликларни Искандариядан қувиб чиқаргани, Миср атрофларида тинчлик ўрнатгани, хирож масаласида Усмон билан унинг ўртасидаги келишмовчилик ҳақида келган баъзи хабарларни ҳисобга олмаганда унинг Усмон халифалиги даврида Мисрдаги волийлиги борасида бошқа маълумотлар деярли сақланиб қолмаган[4].

Амр ибн Осни иккинчи бор Миср волийлигидан, янада аниқроғи, Искандария волийлигидан бўшатилиб, сўнг Миср қўшинларига бош қўмондон бўлиш таклиф этилганида, қабул қилмагач, Усмон розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳни қайтадан Мисрга волий қилди. Шундан сўнг Абдуллоҳ бутун Мисрнинг мутлақ волийсига, ундаги қўшинлар, хирожлар ва бошқа масъул лавозимларнинг эгасига айланди[5].

Абдуллоҳ ибн Сабаъ каби фитна қўзғовчилар келиб, одамларга ўз таъсирларини ўтказгунларига қадар Мисрда осойишталик ва барқарорлик ҳукм сурди. Кейинроқ ўша фитначилар ва уларнинг таъсир доирасига тушган кимсалар Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишига олиб келган фитнада жуда катта рол ўйнадилар. Бу ҳақда ўз ўрнида сўз юритилади.

[1] Д-р Жамолиддин Бародий, «Ан-нужумуз зоҳира фи мулуки миср вал қоҳира» (1/77).

[2] «Сияру аъломин нубало» (1/33).

[3] Киндий, «Вулоту миср» (33-бет). «Футуҳу миср ва ахборуҳо» (173-бет).

[4] «Ал-вилояту алал булдон» (1/179). «Футуҳул булдон» (217-бет).

[5] «Ал-вилояту алал булдон» (1/179).

Изоҳ қолдиринг