Умар ибн Абдулазиз (3)

0

“Билмайсанми, ҳар бир қавмнинг ўз аслзодаси бўлади…
Бани Умайянинг аслзодаси Умар ибн Абдулазиздир”.

Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн

Улуғ тобеин, мўминларнинг амири Умар ибн Абдулазиз ўтмишдоши Сулаймон ибн Абдулмаликни қабрга қўйиб, қўлидаги тупроқни қоқиб улгурмасидан, ерни зириллатиб келаётган зарбалар товушини эшитди. “Ниманинг товуши бу?” деб сўраган эди, “Халифа минадиган арава, эй амирулмўминин, сиз учун ҳозирлаб қўйилди”, деб жавоб беришди. Кўз қири билан унга бир қараб олган Умар ибн Абдулазиз чарчоқ ва бедорлик туфайли заифлашган товушда: “Бунга менинг ҳожатим йўқ, олиб кетинглар!  Менга ўзимнинг хачиримни олиб келинглар, барака топинглар, шу менга етарлидир”, деди. Хачирга мингач эса, миршаблар бошлиғи найза тутган соқчиларни ўнг ва чап тарафга саф торттириб, ўзи халифанинг олдига тушиб олди. Умар ибн Абдулазиз миршаббошига қараб: “Менинг сизларга ҳожатим йўқ. Мен мусулмонларнинг бириман, холос, улар қандай юришса, мен ҳам шундай юраман”, деб, одамлар билан бирга масжид сари йўл олди. Жарчи одамларни масжидга чорлаб жар солганида, мусулмонлар ҳар тарафдан ёғилиб келдилар. Сафлар тўлгач, Умар ибн Абдулазиз туриб гапира бошлади. Олдин Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар айтди, сўнг шундай деди: “Эй одамлар, мен бу мансабга бирон бир талабсиз, ихтиёрсиз ҳамда мусулмонларнинг маслаҳатисиз тайинланиб қолдим. Шунинг учун бўйнингиздаги менга бўлган байъатни ечиб, ихтиёрни ўзингизга бердим. Ўзингиз рози бўладиган халифани сайлаб олинглар”. Одамлар: “Биз сизни ихтиёр этдик ва сизни халифа бўлишингизга розимиз. Ишимизга садоқат ва Аллоҳнинг баракаси билан бош бўлаверинг”, деб, бир овоздан жавоб бердилар. Овозлар тиниб, қалблар таскин топганини кўргач, яна бир бор Аллоҳга ҳамду сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавотлар айтиб, одамларни тақво қилиш ва дунёда зоҳид бўлишга ундади, охиратга рағбатлантирди, ўлимни эслатди… Уларга ўлимни шундай услубда эслатдики, қотиб кетган қалблар юмшаб, осий кўзлардан тирқираб ёшлар қуйилди, сўзловчининг юрагидан чиқиб, эшитувчининг қалбига ўрнашди. Сўнг ҳамма эшитиши учун толиққан товушини баландлатиб: “Эй одамлар, Аллоҳга бўйсунган кишигагина итоат қилинади, Аллоҳга итоат этмаса, унга ҳам итоат йўқдир. Модомики, мен сизлар ҳақингизда Аллоҳга итоат қилар эканман, сизлар ҳам менга бўйсунинглар. Аллоҳга осийлик қилсам, биронтангиз менга итоат қилманг”, деди. Сўнг минбардан тушиб, уйига йўл олди. Халифанинг вафотидан сўнг етган чарчоқни чиқариш мақсадида хонасига кириб бир оз дам олмоқчи бўлиб ёнбошлаган эди ҳамки, ўн етти ёшли ўғли Абдулмалик кириб: “Мўминларнинг амири нима қилмоқчилар?” деб сўради. Умар ибн Абдулазиз айтди: “Танамда куч қолмади, шунинг учун бир оз мизғиб олмоқчиман”.

  • “Мазлумларга ҳақларини олиб бермасдан аввал дам олмоқчимисиз?”

  • “Эй ўғлим, Сулаймон амакинг вафот этганидан бери мижжа қоққаним йўқ. Пешин вақти бўлсин, одамларга намоз ўқиб бергач, Аллоҳ хоҳласа, мазлумларга ҳақларини олиб бераман”.

  • “Пешингача яшашингизга бирон кимса кафил бўла оладими?”

Мана шу сўз Умарнинг ғайратини қўзғаб, кўзидан уйқуни қочириб юборди. Толиққан жасадига қувват ва ирода бахш этди. Ўғлини бағрига босиб, пешонасидан ўпди ва: “Зурриётимдан динда менга ёрдам берувчиларни чиқариб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, деб шукрона қилди. Сўнг одамларни жамлаб деди: “Ким мазлум бўлиб, ҳаққини ололмаётган бўлса, менга айтсин…”

Одамлар “Отасини ибодатга киргизган ва зоҳидлик йўлида юргизган”, деб мақтайдиган Абдулмалик ким экан? Келинглар, бу солиҳ йигит билан яқиндан танишайлик.

 Умар ибн Абдулазизнинг ўн беш фарзанди бўлиб, шулардан учтаси қиз ва қолганлари ўғил эди. Барчаси тақводан тўлиқ насибадор ва салоҳиятда ҳам юқори мақомда эди. Бу дуру гавҳар шодаларининг ичида Абдулмалик порлаб турган юлдуз каби бўлиб, ўта қобилиятли ва фаросатли, ўзи ёш бўлса ҳам, ақли катталарнинг ақли каби эди. Аллоҳ азза ва жалланинг тоатида улғайди. Хаттоб оиласидагиларга ва хусусан, Абдуллоҳ ибн Умарга тақвода, гуноҳдан тийилишда ва тоат-ибодат билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилишда жуда-жуда ўхшар эди. Амакиваччаси Осим шундай ҳикоя қилади: “Дамашққа келганимда амакимнинг ўғли Абдулмаликникида меҳмон бўлдим. У вақтда ҳали бўйдоқ эди. Хуфтон намозини ўқигач, ухлаш учун жойимизга ётдик. Абдулмалик чироқни ўчиргач, кўзлар юмилиб уйқуга кетдик. Ярим кечаси уйғониб кетдим. Қарасам, Абдулмалик туриб намоз ўқиётган экан. У Аллоҳ таолонинг: “Эй Пайғамбар, нима дейсиз, агар Биз уларнинг ажалларини кечиктириб, узоқ йиллар бу ҳаётдан фойдалантириб қўйсак, шундан кейин уларга ваъда қилинган азоб тушса, улар ширкларидан тавба қилмаган бўлсалар, шунча узоқ умр кечирганлари ва фаровон ҳаёт ўтказганликлари уларга асқотадими?!” оятини ўқир эди. Ундаги мени мафтун қилган ҳолат, Абдулмалик оятларни қайта-қайта ўқир экан, юракни эзадиган даражадаги йиғлаши бўлди. Ҳар қачон оят тугагач яна қайтадан бошлар эди. Шунда мен ҳатто уни йиғидан ўлиб қолса керак, деб ўйладим. Уни бу ҳолатдан тўхтатиш учун, уйғонганда айтиладиган “Ла илаҳа иллаллоҳ валҳамду лиллаҳ” калимасини айтдим. Овозимни эшитгач, жим бўлди ва бошқа товуш эшитмадим”.

(давоми бор)

Изоҳ қолдиринг