Сафарда намозларни жамлаш боби (2)

0

(Давоми)

Ўтган мақоламизда уламоларнинг сафарда намозларни жамлаш борасида билдирган айрим фикрларини зикр этган эдик. Бугунги мақоламизда уламоларнинг ушбу масалага доир қолган фикрларини келтирамиз.

Уламолар намозларни қай ҳолатда жамлаш мумкинлиги борасида турли фикрларни айтишган. Имом Шофеий, Аҳмад ва жумҳур уламолар намозларни ё жамъи тақдим, ё жамъи таъхир қилиб ўқиш учун инсон сафарда бўлиши кифоя, деб айтишган. Бу фикр Имом Моликдан ҳам нақл қилинган.

Имом Моликдан нақл қилинган машҳур ривоятга кўра, намозларни жамлашга сафарда эҳтиёж туғилган ҳолатдагина рухсат берилади. Бу фикрни Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ихтиёр қилган ва Ибн Қаййим “Ал-ҳадий” китобида қўллаб-қувватлаган.

Божий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Имом Молик намозларни ҳеч бир машаққатсиз ўз вақтида ўқишга қодир мусофир одам ҳам намозларни жамлаб ўқиши мумкинлигидан хавотирланиб, намозларни жамлашни макруҳ санаган. Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадисига биноан йўл юриб кетаётган мусофир жамлаши жоиз деб айтган”.

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳажда Арафа ва Муздалифадагина намозларни жамлаш жоиз, сафарда эса жамлаш мумкин эмас, деган фикрни билдирган.

Мусофир одам ҳар қандай ҳолатда намозларни жамлаб ўқиши жоиз, деган жумҳур уламолар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун Пайғамбаримиз сафарда намозларни жамлагани ҳақидаги умумий ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Ушбу ҳадисларда у зот йўлда кетаётганларида ёки бир жойга тўхтаганларида намозларни жамлагани айтилмаган. Имом Моликнинг “Муватто” китобида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук жангида бир куни намозни кечиктирдилар. Сўнг (чодирларидан) чиқиб, пешин билан аср намозини жамлаб ўқидилар. Сўнг (чодирларига) кириб кетдилар. Кейин қайта чиқиб, шом билан хуфтон намозини ўқидилар”.

Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадиснинг санади собит (яъни саҳиҳ)”. Шофеий “Ал-умм” китобида, шунингдек, Ибн Абдулбар ва Божий роҳимаҳумуллоҳ айтишларича, ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирга кирдилар, сўнг чиқдилар, дейилиши бу воқеа у зот йўлда кетаётганларида эмас, бир ерда тўхтаб турганларида содир бўлганига далолат қилади. Бу эса намозларни жамлаш фақат йўл юриб кетаётганда жоиз, деган уламолар сўзига қарши кучли далил бўлади.

Имом Молик, Шайхулислом ва Ибн Қаййимларнинг суянган далили эса, Ибн Умарнинг ҳадисидир. Унда шундай дейилади: “Ибн Умар йўлда кетаётган бўлса, шом билан хуфтонни жамлар ва: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар сафарда кетаёган бўлсалар, намозларни жамлар эди”, дерди”.

Лекин жумҳур уламолар келтирган ҳадисларда бошқа ҳадисларда айтилмаган қўшимча маълумот бор ва унга амал қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Негаки, сафарда бир ерда тўхталган пайтда ҳам, йўлда кетилаётган пайтда ҳам (одатда) машаққат бўлади. Қолаверса, намозларни жамлаш, аслида, мусофирларга енгиллик яратиш мақсадида жорий қилинган. Ибн Қаййим “Ал-ҳадий”да Муоздан ривоят қилинган ва бундан бошқа ҳадислар сафарда намозларни жамлаш фақат юриб кетаётган пайтда рухсат берилишига далолат қилади, деб изоҳлаган.

 Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ билдирган фикрга келсак, очиқ саҳиҳ ҳадисларга зид бўлгани учун маржуҳ саналади.

Биринчи фойда

Муаллиф роҳимаҳуллоҳ сафар сабабли намозларни жамлаш мумкинлигини зикр қилиб ўтди. Билингки, намозларни сафардан бошқа айрим сабабларга кўра жамлашга ҳам шариатимз рухсат берган. Ёмғир сабабли намозларни жамлаш шулар қаторига киради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шом билан хуфтон намозини ёмғирли кечада жамлаб ўқидилар”. Мазкур ҳадисда шом билан хуфтон намозини жамлаганлари зикр этилди, пешин билан аср намозини эса жамлаганлари йўқ. Бир гуруҳ уламолар, жумладан, Имом Аҳмад ва унинг издошлари бу жамлашни (яъни шом билан хуфтон намозини ёмғир сабабли жамлашни) жоиз, дейишган.

Шунингдек, касаллик сабабли намозларни жамлашга рухсат берилган. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин билан асрни, шом билан хуфтонни ҳеч қандай хавф-хатарсиз, ёмғирсиз жамлаб ўқидилар”. Бир ривоятда: “…ҳеч қандай хавф-хатарсиз, сафарсиз жамлаб ўқидилар”, дейилган. Маълкумки, бу ерда намозларни жамлашга касалликдан бошқа сабаб қолмади. Кўпчилик уламолар касаллик сабабли намозларни жамлаш жоиз, дейишган. Жумладан, Имом Молик, Имом Аҳмад, Исҳоқ (ибн Роҳавайҳ) ва Ҳасан (Басрий). Шунингдек, шофеий мазҳабининг бир қанча уламолари, шу фикрда бўлишган. Жумладан, Хаттобий роҳимаҳуллоҳ. Нававий роҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Муслим” шарҳида мазкур фикрни ихтиёр қилган. Ибн Таймия зикр қилишича, Имом Аҳмад бу борада ривоят қилинган ҳадисга таяниб, машаққат ва (зарурий) машғуллик бўлган пайтда намозларни жамлаб ўқиш жоизлигини очиқ айтган.

Истиҳоза бўлган аёл ҳам намозларни жамлаб ўқиши жоизлигига далолат қилувчи саҳиҳ ҳадис келган. Негизи, истиҳоза ҳам касалликнинг бир тури ҳисобланади.

Иккинчи фойда

Қанча масофалик сафарда намозларни жамлаш жоизлиги борасида уламолар ихтилоф қилишган.

Имом Шофеий ва Аҳмад икки кун тўхтамай юриладиган, яъни ўн олти фарсах (тахминан 85 километр) масофалик сафарга чиқилганда намозларни жамлаш жоиз, деган.

Шайх Тақиюддин ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ узоқ ёки қисқа масофа бўлишидан қатъи назар, одамлар урф-одатида сафар деб номланадиган масофага сафар қилинса, намозларни жамлаш жоиз бўлади. Сафар бирон муддат (яъни масофа) билан белгиланмайди, деган фикрни билдириб шундай деган: “Қуръон ва суннатда келган далилларда узоқ сафар билан қисқа сафар ўртаси ажратиб айтилмаган. Ким энди булар ўртасини ажратса, Аллоҳ таоло жамлаган ҳукм ўртасини асоссиз ажратган бўлади”.

Шайхулисломнинг мазкур фикри зоҳирийлар мазҳаби уламоларининг фикридир. “Ал-муғний” китобининг муаллифи (яъни Ибн Қудома) ҳам ушбу фикрни қўллаб-қувватлаган.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-ҳадий” китобида айтади: “Сафар муддатини (яъни масофасини) бир, икки ёки уч кун билан белгилаш борасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳеч қандай саҳиҳ ҳадис келмаган”.

Учинчи фойда

Жумҳур уламолар наздида сафарда намозларни вақтида ўқиш жамлаб ўқишдан афзал саналади. Арафа ва Муздалифада жамлаш бундан мустасно бўлиб, бу ўринларда намозларни жамлашнинг муайян манфаати борлиги (яъни шундай муборак жой ва вақтда дуо-илтижо қилишга кўпроқ вақт бўлиши) учун жамлаш афзал ҳисобланади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Пешин билан аср ва шом билан хуфтон намозларини жамлаб ўқиш жоиз.

  2. Шарҳланаётган Ибн Аббоснинг ҳадисида Пайғамбаримиз мазкур намозларни қай вақтда жамлаганлари зикр этилмагани уларни жамъи тақдим ё жамъи таъхир қилиб ўқиш жоиз эканини ифодалайди. Қолаверса, бунга далолат қиладиган бошқа ҳадислар борлиги юқорида айтиб ўтилди.

  3. Ҳадис зоҳиридан намозларни йўлда кетаётган пайтдагина жамлаш жоизлиги келиб чиқади. Дарҳақиқат, бу борада уламолар билдирган фикр ва далиллар юқорида баён этилди.

Ибн Дақиқул Ийд айтади: “Ушбу ҳадис намозларни фақат сафарда кетаётган пайтда жамлаш жоизлигига далолат қилади. Агар бундан бошқа ҳолатларда ҳам намозларни жамлаш жоизлигига далолат қиладиган ҳадислар келмаганида, мазкур ҳадисдан йўл юриб кетишдан бошқа ҳолатда намозларни жамлаш жоиз эмаслиги келиб чиқар эди. Чунки мазкур ҳадисда намозларни жамлаш беэътибор қўйиш жоиз бўлмаган бир ҳолатга (яъни йўл юриб кетаётган ҳолатга) боғлиқ қилиб келтирилди. Аммо мусофир бирон манзилда тўхтаганда намозларни жамлаб ўқиши жоизлигига далолат қиладиган саҳиҳ ҳадислар келгани боис сафарда намозларни юриб кетаётгандан бошқа ҳолатларда ҳам жамлаш жоиз саналади. Бундай далиллар эса юқорида айтилган ҳолатни беэътибор қолдириш мумкинлигини тақозо қилади. Бу ҳадисдан тушунилган мазмун-маънони ушбу очиқ далилларга қарши қўйиш мумкин эмас”. 

  1. Шарҳланаётган ва бундан бошқа ҳадислар далолат қиладики, пешин билан аср ва шом билан хуфтон намозларини жамлаш жоиз, бомдод намози эса ҳеч бир намоз билан жамланмайди.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг