Умавийлар давлати: Аммор ибн Ёсирнинг қотили ким?

0

Муовия розияллоҳу анҳунинг: “Уни жанг майдонига олиб келганлар ўлдирди”, деган сўзига раддиялар

Саҳобалар ва тобеинларнинг аксарияти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Амморга: «Сени боғий тоифа ўлдиради», деб айтган сўзларидаги кўзда тутилган тоифадан мурод Муовиянинг лашкари эканини, лекин улар ижтиҳодларида узрли бўлишганини, аслида, улар ҳақни исташганини, бироқ хато қилишганини айтганлар, Алининг тоифасини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, ҳаққа лойиқроқ эди, деганлар.

Муовиянинг ушбу ҳодиса борасида қилган таъвили имомларга маъқул келмаган, бироқ улар уни ижтиҳоди туфайли маъзур кўрганлар.

Ибн Ҳажар раҳимаҳулллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:“Бу уларни жаннатга чорлайди, улар буни дўзахга чақиради”,[1] деган сўзлари ҳақида шундай дейди: «Агар, “Аммор Сиффинда ўлдирилди, у Али билан бирга чиққан эди. Уни ўлдирганлар Муовия билан бирга чиққанлар эди, Муовия билан бирга саҳобалардан бир жамоат ҳам бор эди. Қандай қилиб, уларни дўзахга чақирувчилар, деб айтиш мумкин?!” дейилса, жавоб шуки, улар ўз ижтиҳодлари билан жаннатга чақиряпмиз, деб ўйлаган эдилар, уларни гумонларига эргашишларида маломат қилинмайди. Жаннатга чақиришдан мурод жаннатга олиб борувчи йўлга, яъни имомга (халифага) итоат қилишга чақириш эди. Аммор уларни Алига итоат этишга чақирарди, у ўша пайтда бўйсунилиши вожиб бўлган имом эди. Улар эса ўзлари қилган таъвил туфайли маъзур бўлганлари учун бунинг тескарисига чақиришарди”[2].

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Имом Абул Маолий  “Иршод” китобида шундай ёзади: “Али розияллоҳу анҳу ҳаққоний йўл билан сайланган имом эди, унга қарши урушганлар боғийлар эди, уларга нисбатан яхши гумон, гарчи улар хато қилишган бўлса-да, аслида яхшиликни мақсад қилишган эди, деб айтишни тақозо этади”[3].

Яна ёзади: “Али розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг мазкур сўзларига: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Ҳамзани жангга олиб чиққан эдилар. Демак, уни ўзлари ўлдирган эканлар-да”, деб жавоб берган эди. Али розияллоҳу анҳунинг бу сўзлари мулзам қилувчи жавоб ва эътирозга ўрин қолдирмайдиган ҳужжат эди”[4].

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Муовиянинг: “Уни бизнинг қиличларимизга рўпара қилганлар ўлдирди”, деган сўзлари ўта нотўғри таъвилдир. Чунки агар шу гап тўғри бўлса, лашкарбоши қўли остидаги аскарларни душман ўқига нишон қилгани учун Аллоҳ йўлида ўлдирилган ҳар бир аскарнинг қотили бўлиб қолади”[5].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу гапни на тўрт имом ва на аҳли суннанинг бошқа имомлари айтганини билмайман. Буни фақат марвонийлар ва уларни ҳақ деб билганлар айтади”[6].

Ибн  Қаййим раҳимаҳуллоҳ ушбу таъвил ҳақида сўзларкан, шундай дейди: “Ҳа, шомликларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Амморга айтган: “Сени боғий тоифа ўлдиради”, деган сўзларини қилган таъвиллари ботилдир. Улар, уни биз ўлдирмадик, балки уруш майдонига олиб келиб, бизнинг ўқларимизга нишон қилганлар ўлдирдилар, деб айтишди. Бу эса, сўзнинг моҳиятига ҳам, зоҳирига ҳам хилоф бўлган ботил таъвилдир. Амморни ўлдирганлар уни ҳақиқатда ўлдирган кишилардир, уни жангга олиб келганлар эмас”[7].

Аммор ибн Ёсирнинг қотили ким?

Абул Ғодия Жуҳаний Амморни қандай ўлдиргани ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Сиффин урушида рақиб қўшинининг олдида пиёдалар кела бошлади. Улар ичида зирҳи очиқ бир одамни кўрдим ва унга найза отдим. Найза тиззасига тегди, у чўккалаб, бошидаги дубулғаси қийшайиб қолди. Шунда мен унинг бошини танидан жудо қилдим. Қарасам, у Аммор экан”.

Мазкур Абул Ғодия сувсаб сув сўраганида унга шиша идишда сув берилди. У шишада ичишдан (тақво қилиб) бош тортди, сўнгра бошқа косада сув берилганида уни олиб ичди. Шунда бир киши деди: “Шиша идишда сув ичишдан парҳез қилади-ю, Амморни ўлдиришдан парҳез қилмади”[8].

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ушбу воқеа ҳақида шундай деган эди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: ”Амморни ўлдирадиган ва қурол-яроғини ўлжа оладиган кимса дўзахидир”, деганларини  эшитганман”[9].

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Маълумки, Аммор Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳу қўшини сафида эди. Уни Муовиянинг одамлари ўлдирди. Уни ўлдирган кишининг исми Абул Ғодия эди, у каззоб бир инсон эди, айримлар уни саҳоба эди, деб ҳам айтганлар”[10].

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур урушларда иштирок этган саҳобаларга гумонимиз шуки, улар таъвил билан ўзларини тўғри иш қиляпмиз, деб ўйлаганлар. Хато қилган мужтаҳидга бир ажр бор. Оддий одамларга шундай бўлар экан, демак, бу гап саҳобаларга, албатта, тўғри келади”[11].

Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Рофизалар Али розияллоҳу анҳунинг қотили Ибн Мулжимни охиратдаги энг бадбахт кимса деб эътиқод қилишади. Биз аҳли сунналар эса, хаворижлар ва рофизийлардан фарқли ўлароқ, уни дўзахга лойиқ кимса, деб биламиз, шу билан бирга Аллоҳ унинг гуноҳини кечириши мумкинлигини ҳам истисно этмаймиз. Усмоннинг қотили, Зубайрнинг қотили, Талҳанинг қотили, Саид ибн Жубайрнинг қотили, Амморнинг қотили, Хорижанинг қотили, Ҳусайннинг қотили қайси ҳукмга тушса, унинг ҳукми ҳам шудир. Биз у қотилларнинг ҳаммасидан юз ўгирамиз, уларни Аллоҳ учун ёмон кўрамиз ва ишларини Аллоҳга ҳавола этамиз”[12].

Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ Абул Ғодия таржимаи ҳолида шундай ёзади: “Унинг исми ҳақида ихтилоф бор, баъзилар Ясор ибн Сабуъ деган, кимдир Ясор ибн Азҳар деган, яна кимдир унинг исмини Муслим деган. Шомда яшаган, Воситга келиб ўрнашиб қолган, ёш болалик пайтида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган, деб айтилади. Унинг ўзи шундай дейди: “Ҳали мўйлаби сабза урмаган бола пайтимда қўйларимни ҳайдаб келаётиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганман”. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадисни эшитгани ривоят қилинади: “Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич урадиган кофир бўлиб кетмангларр”[13]. Усмонга муҳаббати кучли эди. У Аммор ибн Ёсирнинг қотилидир. Сўралса, уни қандай ўлдирганини бепарво туриб айтиб берарди”[14].

[1] Бухорий (447) ривояти.
[2]“Фатҳул-Борий” (1/542).
[3] “Ат-тазкира” (2/222).
[4] “Ат-тазкира” (2/223).
[5] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/221).
[6] “Минҳожус-сунна” (4/406).
[7] “Ас-савоиқул-мурсала” (1/184).
[8] “Табақот” (3/260).
[9] “Ас-силсила ас-саҳиҳа” (5/18).
[10] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/220).
[11] “Ал-исоба” (7/260).
[12] “Тарихул-ислом” (654-бет).
[13] “Муснад Аҳмад” (4/76).
[14] “Ал-истийъоб фий маърифатил-асҳоб” (3089).

Изоҳ қолдиринг