Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (7)

0

Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг «Ла илаҳа иллаллоҳ» дея иймон келтиришларини хоҳлади, тарихда мисли кўрилмаган нодир авлод ҳам ўша зотлар қаторида бўлди. Уларнинг ҳаётларида «Ла илаҳа иллаллоҳ» қандай ўрин тутган, улар учун «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг мазмуни қандай эди?!

Фақатгина Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло якка-ёлғиз эканини, ушбу кенг оламда Ундан Ўзга ҳақ илоҳ йўқлигини шунчаки тасдиқлашмиди? Ёки шунчаки қалб билан тасдиқлаб, тил билан иқрор бўлишмиди? Ёки уларнинг қалбларида, турмуш тарзларида бундан кўра улканроқ, чуқурроқ ва мукаммалроқ бирор нарса бор эдими?

Келинг, воқеликнинг ҳақиқатига назар солайлик..

Араблар ўзларида бирлашиш учун барча омиллар – макон яхлитлиги, муҳит бирлиги, тил, эътиқод, маданият, тарих бирлиги бўлишига қарамай, айро ва тарқоқ ҳолатда, ўзаро келишмасдан, бирлашмасдан яшар эдилар. Ана шу жойдан Ислом уларни танлаб-саралаб олди ва улар орасидан «одамларга энг кўп манфаат етказувчи уммат»ни чиқарди.

Арабистон ярим оролида ибодат қилинадиган маъбудлар фақатгина бут-санамлардан иборат эмасди. «Ла илаҳа иллаллоҳ» масаласи ҳам, баъзи тарих китобларида таъкидланганидек, фақатгина ширкнинг ана шу ҳиссий, бақувват навини йўқотишга қаратилмаган эди. Ва яна баъзи китоблар қатъий таъкидлаганидек, фасод, ароқхўрлик, қимор, зино, қизларни тириклайин кўмиш, босқинчилик ва талончилик тажовузлари ҳамда ижтимоий зулмлар каби ахлоқий бузуқликлар билан чекланмаган эди.

«Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси қалбларни ширкдан бутунлай халос этади. Ширкнинг эса тури кўп, аммо барчаси кўпхудолик ва Аллоҳ туширган шариатдан бошқасига эргашиш деган икки асосий нав остида жамланади.

Улар учун қабиланинг ўзи ҳам маъбуд-парвардигор бўлиб, шоир бу ҳақда шундай дейди:

Ғазийя нима бўлса

Мен ҳам айни ўшаман.

У ҳақ бўлса мен ҳам ҳақ,

Адашса адашаман”.

Жамият ота-боболарни маъбуд-раб дея эътироф этар эди:

Уларга: “Аллоҳ нозил қилган (Қуръон ва ҳидоят)га эргашинглар” дейилса, улар (ўз мушрик ота-боболарига кўр-кўрона эргашишда давом этишиб): “Йўқ, (биз сизларнинг динингизга эргашмаймиз,) балки ота-боболаримизни нимада топган бўлсак, шунга эргашамиз”, дейишади” (Луқмон сураси, 21).

Улар учун ҳавойи нафслар ва шаҳватлар ҳам сиғиниладиган илоҳ эди. Шоир айтганидек:

“Эй сен, лаззатлардан мени ман этиб,

Кўнглим тусаганин маломат қилган!

Беш кунлик дунёда боқий қолдириб,

Олиб қолармидинг, мени ўлимдан?!”

Худди бут-санамлар ва коҳинлари сингари Қурайш ва бошқа катта қабилалар ҳам араблар учун раб мақомида бўлиб, хоҳлаганини уларга ҳаром қилар, хоҳлаганини ҳалол қилиб берар эди:

“Муддатни кечиктириш (яъни, йилнинг уруш ҳаром қилинган тўрт ойини Аллоҳ ҳаром қилган ойларнинг номига чекламасдан, фақат ойларнинг саноғини тўрт ойга чеклаб ҳаром қилишлари ва ўзларининг урушга бўлган эҳтиёжларига қараб, ўша ойлардан баъзисини ортга ёки олдинга суриб, ўрнига ўзлари истаган ҳалол ойлардан бирини қўйишлари) куфр устига куфрдир. (Шайтон) бу билан кофирларни йўлдан оздиради. Улар ҳаром қилинган ўша тўрт ойнинг саноғига тўғри келтириш учун улар ичидан ҳаромлигини кечиктиришган ойни бир йил ҳалол қилишади ва бир йил ҳаром қилишади. Бу билан улар Аллоҳ ҳаром қилган ойни ҳалол қилишади. (Шайтон) уларга ёмон амалларини чиройли кўрсатди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳаққа (ва тўғриликка) муваффақ қилмайди (Тавба сураси, 37);

(Мушриклар) Аллоҳ (азза ва жалла)га Унинг Ўзи яратиб қўйган экинлар (ва мева ҳосиллари) ва чорва ҳайвонларидан бир улушни ажратиб, уни Аллоҳ учун (дея ўзларининг меҳмонларига ва мискинларга) тақдим қиладиган бўлишди. (Мазкур нарсалардан) яна бир улушни эса Аллоҳга шерик деб эътиқод қилишган бутсанамларга ажратиб қўйишди. Даъво қилишларича, бутлари (ва олиҳалари)га ажратиб қўйилган нарсалар ўша бутларнинг ўзигагина етармиш (ва Аллоҳга етиб бормасмиш). Аллоҳ таолога деб ажратилган нарсалар эса бутсанамларига ҳам етиб борармиш. (Бу қавмнинг) чиқарган ҳукми (ва уларнинг қилган бу тақсимот)лари нақадар ёмон!

(Шайтонлар мушрикларга экин ва чорва ҳайвонларидан Аллоҳга бир улуш ва Аллоҳга шерик қилган бут-санамларига бир улуш ажратишни чиройли кўрсатиб қўйгани) каби, мушрикларнинг кўпига ўз фарзандларини фақирликдан қўрқиб қатл қилишни ҳам чиройли кўрсатиб қўйди. (Шайтонлар бу қилмишларини) ўша оталарни (Аллоҳ ноҳақ ўлдиришни ҳаром қилган жонни қатл қилишлари билан) ҳалокатга тушириш, уларга динларини чалкаштириб юбориш (ва охир-оқибат улар залолатга кетиб, ҳалок бўлишлари) учун қилдилар. Агар Аллоҳ (уларни бундай қилмасликларини) истаганда, қилишмаган бўларди. (Лекин Аллоҳ таоло уларнинг ҳозирлари ҳам, оқибатлари ҳам ёмон эканини билгани учун уларга шу нарсани тақдир қилиб қўйди. Эй Пайғамбар,) сиз уларни (тўқиётган ўша ёлғонлари билан) ташлаб қўяверинг. (Яқинда Аллоҳ улар билан сизнинг ўртангизда Ўзи ҳукм қилади.)

(Мушриклар:) Мана бу чорва моллар (- туялар) ва экинлар (ҳаромдир, уларни) фақатўз даъволари бўйичабиз изн берган кишиларгина, (яъни бутхона хизматчилари ва шу кабилар) ейиши мумкин, холос. Мана бу туяларнинг орқалари(га миниш ва устига юк ортиш) асло мумкин эмас, мана бу туяларни (сўйишда) эса ҳеч қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинмайди“, дейишди. (Улар бу нарсани) Аллоҳ номидан ёлғонлаб, (буни Аллоҳ айтди, деб) қилишди.  (Аллоҳ таоло Унинг номидан) тўқиган бу бўҳтонлари сабабли уларга, албатта, жазоларини бергай.

(Мушриклар:) Бу чорва ҳайвонларининг қорнидаги (болалари агар тирик туғилса,) эркакларимиз учун ҳалол, аёлларимизга ҳаромдир. Агар ўлик туғилса, ҳамма унда шерик бўлаверади“, деб айтишди. (Аллоҳ) уларни жазолайди, (чунки улар ўзларига Аллоҳ изн бермаган ҳалол қилиш ва ҳаром қилиш ҳаққини беришди.) Албатта, Аллоҳ (махлуқотларининг ишларини бошқаришда ҳикмат соҳиби бўлган) Ҳаким ҳамда (уларнинг барча ҳолатларини яхши билувчи) Алимдир.

(Жоҳилликлари ва) ақлсизликлари туфайли ўз фарзандларини ўлдирган кимсалар ва Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсаларни Унинг номидан ёлғон тўқиб, ўзларига ҳаром қилган кимсалар зиёнкор бўлиб (ҳалокатга юзландилар). Улар ҳақдан узоқлашиб кетдилар ва ҳидояту тўғрилик аҳлидан бўлмадилар (Анъом сураси, 136-140).

Ширкнинг ушбу барча турлари бут-санамлар ибодати билан бир қаторда бўлишига қарамай, Қуръон «Ла илаҳа иллаллоҳ» орқали нафслару қалбларни, ҳиссиётлару ахлоқларни халос этишга чақирар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадаги ҳаракатлари Аллоҳнинг амри ва кўрсатмаси асосида ширкнинг барча турига қаратилган эди.

Қуръоннинг Макка мушрикларига қаратилган хитобларининг катта қисмини қайта тирилиш ва ҳисоб қилиниш масаласи ташкил этади. Бу нарса Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қалблардан ширкнинг асоратини барча турларию таъсирлари билан қўшиб қўпориб ташлашда кучли таъсир этишини яхши билганидандир. Чунки улар ўлимдан сўнг қайта тирилишлари ва ширклари учун ҳисоб беришларига қатъий иймон келтиришмаса, бу ширклари, хоҳ ибодатдаги бўлсин, хоҳ итоатдаги, уни тарк қилмаган, ундан айрилмаган бўлишар эди..

***

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг