Аббосийлар давлати: Мунтасир биллоҳ

0

 

Ўн биринчи халифа Мунтасир биллоҳ ибн Жаъфар Мутаваккил

(Халифалик даври ҳижрий 247-248 йиллар)

Муҳаммад Мунтасир ибн Жаъфар Мутаваккил ҳижрий 222 йили Сомаррода дунёга келди. Онаси румлик Ҳабашия исмли умму валад (хожасидан фарзандли бўлиб, озод бўлган чўри) эди.

Куняси Абу Жаъфар ёки Абу Абдуллоҳ эди.

Буғдойранг, кўркам юзли, кўзлари катта-катта, қирғийбурун, басавлат, тўладан келган киши эди. Етук ақлу заковатли, синчков ва ҳайбатли эди. Яхши ишлар қилишга кўнгли мойил, зулми кам эди.

Ҳазрат Алининг авлодларига яхшилик қилар, улар билан яхши алоқада эди. Ализодаларда эскидан давом келаётган қўрқув ва машаққатларни тугатди, уларга ҳазрат Ҳусайннинг қабрини зиёрат қилишларига изн берди, Ҳусайн авлодига Фадакни қайтарди[1].

Халифалик тахтига отасининг ўлимидан сўнг, ҳижрий 247 йил шаввол ойининг тўртинчи кунида ўтирди.

Отасининг ўлимида Фатҳ ибн Хоқонни айблаб, уни ўлимга ҳукм этди.

Халифаликка келишидан олдин туркларга муҳаббатли эди, тахтни эгаллаганидан сўнг уларни ёмон сўзлар билан тилга оладиган ва халифаларнинг қотиллари деб атайдиган бўлди.

Вазири Аҳмад ибн Хасиб ва икки турк қўмондони Васиф билан Буғо уни укалари Муайяд ва Мўътазни валиаҳдликдан тушириб, ўғли Абдулваҳҳобни валиаҳд қилишга зўр бериб тарғиб этишди. Уларнинг қистови билан у шундай қилди. Муайяд қўрққанидан истеъфо беришга рози бўлди, Мўътаз эса, бош торди. Бироқ оғаси Муайяд уни халифанинг қарорига қарши чиқмасликка кўндирди. Кўп ўтмай, Муайяд ётоқхонасида хизматкори томонидан ўлдирилган ҳолда топилди. Бошқа бир ривоятда у иниси Мўътазнинг халифалиги даврида кишанбанд этилиб, уриб ўлдирилгани айтилган.

Мунтасир вазири Аҳмад ибн Хасибнинг маслаҳати билан турк қўмондон Васифни Малатия орқали Рум ўлкасига ғазотга юборди ва Васифга тўрт йил ғазот қилиб, чегара минтақаларида қолишини буюрди.

Мунтасир даврида Жазирада Мўсил ноҳиясида Муҳаммад ибн Амр Шорий исён кўтарди. Мунтасир унга қарши қўмондон Исҳоқ ибн Собит Фарғоний бошчилигида қўшин йўллади. Исҳоқ уни қўлга тушириб, халифага юборди. Халифа уни одамларига қўшиб қатл эттирди.

Мунтасир рабиус соний ойининг бешинчи куни вафот этди. Унинг халифалиги олти ой давом этди. Ўлими сабаби ҳақида турли фикрлар билдирилган. Баъзилар уни ўн кун давом этган томоқ яллиғланиши (ангина) сабабли ўлди, деса, баъзилар заҳарланган нок еб ўлганини айтганлар. Яна баъзилар заҳарланган тиббий ништар воситасида ўлдирилганини эҳтимол қилишган.

Унинг вафотидан сўнг жияни Мустаин тахтга эга чиқди.

Мунтасир давридаги амирликлар

Мунтасир бор-йўғи олти ой халифалик қилгани боис унинг даврида амирликлар аҳволи аввалгидан деярли ўзгаришсиз қолди. Ярим мустақил амирликлар асосан Мағрибда эди.

Машриқдаги тоҳирийлар амирлиги давлат деб аташга арзигулик эмасди, чунки бу амирлик Тоҳир ибн Ҳусайн ўғиллари қўлида бўлса-да, унинг волийси халифа томонидан тайинланган ва ҳеч қачон халифага қарши чиқмаган.

Саффорийлар амирлиги ҳам, гарчи унинг асосчиси Яъқуб ибн Лайс Саффор ўз амирлигини аста-секин кенгайтириб, Сижистондан чиқиб, Ҳиротни ҳам ўзига қўшиб олган бўлса-да, давлат сифатида танилмаган ва халифага қарши чиқмаган.

Андалусда ҳижрий 238 йилдан бери Муҳаммад ибн Абдураҳмон Иккинчи амир эди. Бу даврда мусулмонлар Барселонага юриш қилиб, унинг атрофларини қўлга киритишди ва иккита қалъасига кириб боришди. Аммо уларни тўла қўлга кирита олмасдан, ортга қайтиб кетишди.

Идрисийлар амирлиги ички низолар билан овора эди. Ҳукмдорлик гоҳ Риф ҳокими Али ибн Умар ибн Идриснинг қўлига, гоҳ Қосим ибн Идриснинг ўғиллари қўлига ўтар эди.

Сижилмосадаги суфрий хаворижлар амирлиги Маймун ибн Бақия қўли остида эди. Унинг ҳукмдорлиги 224 йилдан то 263 йилгача чўзилди. Бу амирлик ҳам ўз ички ишлари билан овора эди.

Тоҳартдаги хаворижлар амирлиги имоми Афлаҳ ибн Абдулваҳҳоб эди.

Қайравондаги ибозийлар амирлиги ҳукмдори Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад эди. Уларнинг Сицилия оролига фатҳ ҳаракатлари давом этди.

Ямандаги Бани Зиёд амирлиги бошлиғи Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Зиёд эди, у амирликни 242-289 йиллар оралиғида бошқарди.

[1] Суютий, “Тарихул-хулафо”.

Изоҳ қолдиринг