Абу Абдуллоҳ Ҳоким (5)

0

Ёзган китоблари

Шак-шубҳасиз, Абу Абдуллоҳ Ҳоким роҳимаҳуллоҳ замонасида ҳадис илмининг энг кўзга кўринган олими эди. Бу фан ривожига салмоқли ҳиссасини кўшган. Ёзган китоблари унинг ҳадис илмида нақадар пешво эканига, бу илмни пухта эгаллаганига ва бу илмнинг чавандози бўлганига далолат қилади.

Ўтган мақолаларимизда айтиб ўтган эдикки, ҳатто устозлари ҳадис илмида у билан маслаҳат қилишар эди. Устози фақиҳ олим Абу Абудуллоҳ Усмий ҳадис илмида бирон савол туғиладиган бўлса, бу ҳақда Ҳокимдан сўраб, унга мактуб йўллар, у нима деб жавоб ёзса, ўшанга суяниб, ҳукм қилар эди.

Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ айтишича, Ҳоким роҳимаҳуллоҳ ҳаёти мобайнида бир минг беш юз жузъга яқин асарлар битган[1]. Қуйида улардан айримларини зикр этамиз:

  1. “Ал-иклийл”. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийрати шарифлари ҳақида ёзилган.

  2. “Тариху Найсобур”. Найсобур шаҳрининг тарихи ва унда яшаб ўтган олимлар ҳақида.

  3. “Ал-илал”. Ҳадисни заифга чиқарувчи омиллар баён этилган.

  4. “Фазоилуш-Шофеий”. Имом Шофеийнинг фазилати ҳақида.

  5. “Мустадрак”. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” китобида келтирилган ҳадислар даражасидаги саҳиҳ ҳадисларни жамлашга ҳаракат қилган.

  6. “Маърифату улумил-ҳадис”. Ҳадис илмига ва муҳаддис уламоларнинг истилоҳларини баён қилишга қаратилган.

  7. “Фазоилу Фотима”. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг фазилати ва хислати ҳақида ёзилган.

Ҳоким роҳимаҳуллоҳга замондош бўлган ва ундан кейин келган кўпчилик уламолар унинг ёзган асарларига мақтовлар айтишган. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:

Абу Саъд Самъоний айтади: “Ҳокимнинг ҳадис ва бошқа илмларда ажойиб китоблари бор[2].

Муҳаддис олим Саъд ибн Алидан «Дорақутний, Абдулғаний Мақдисий, Ибн Мандаҳ ва Ҳокимлардан қайси бири ҳадисларни пухта ёд билади?» деб сўрашганда, “Улар ичида энг гўзал услубда китоб ёзадигани Ҳоким”, деб жавоб берган экан[3].

Аллома Абу Фазл ибн Фалакий Ҳамазоний айтади: “Ҳоким ёзган “Тарихи Найсобур” китоби мени Найсобурга сафар қилишимга сабаб бўлган китобларнинг биридир[4].

Муҳаддис олим Халил ибн Абдуллоҳ роҳимаҳуллоҳ Ҳокимнинг “Тарихи Найсобур” ва “Ал-иклийл” китобини мақтаб шундай деган: “Унга (яъни Тарихи Найсобурга) ўхшаш китоб ҳеч ким ёзмаган”. “Бирон олим (Пайғамбаримиз сийратига доир маълумотларни) бу тарзда чиройли тартиблаб чиққанини кўрмадим[5].

Абу Абдуллоҳ Заҳабий “Мустадрак” китоби ҳақида шундай деган: “У фойдали китоб[6].

Ибн Халликон роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳоким ҳадис илмида замонасининг имоми, бу илмда мисли кўрилмаган китоблар муаллифи[7].

Маълумки, бир олимнинг китобига айтилган мақтов муаллифига айтилган мақтов демак.

Вафоти

Узоқ йиллар мобайнида Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифини эшитиш ва жамлаш учун талай ўлкаларга сафар қилиб, юзлаб шогирдлар чиқариб, юзлаб бебаҳо китоблар ёзиб, саксон тўрт йиллик умрини ўтказган Ҳоким роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 405 йил, сафар ойида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилди.

Абу Мусо Мадийний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳижрий 405 йил, сафар ойининг сешанба куни Ҳоким ҳаммомга кириб, ғусл қилиб чиқди-да: “Оҳ”, дея жон таслим қилди. Асрдан кейин дафн қилинди. Жанозасини Қози Абу Бакр Ҳийрий ўқиди”[8].

Аллоҳ таоло Ҳокимни Ўз раҳмати билан буркасин, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини ҳимоя қилиш ва ёйиш йўлида қилган хизматларини жаннатнинг олий мақоми билан мукофотласин, қиёматда эса барчамизни пешвомиз, ҳабибимиз, кўзимиз қувончи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳавзи кавсар бўйида жамласин. Омин! Омин!

[1] Қаранг: Ибн Асокир, “Табйину казибил-муфтарий”, (228-бет).
[2] Самъоний, “Ансоб”, (2/401).
[3] Заҳабий, “Сияру аъломин-нубало”, (17/174).
[4] Қаранг: Бағдодий, “Тарихи Бағдод”, (5\474) ва Самъоний, “Ансоб”, (2\401).
[5] Заҳабий, “Сияру аъломин-нубало”, (17\167).
[6] Заҳабий, “Сияру аъломин-нубало”, (17\176).
[7] Ибн Халликон, “Вафиётул-аъён”, (4\280).
[8] Қаранг: Субкий, “Табақотуш-шофеиятил-кубро”, (4\161), Ибн Асокир, “Табйину казибил-муфтарий”, (231-бет), Ибн Халликон, “Вафиётул-аъён”, (4\281).

Изоҳ қолдиринг