Усмонийлар давлати: Константинопол фатҳи (2)

0

 

Аббосийлардан сўнг Кичик Осиёда вужудга келган бир неча кичикроқ давлатлар ҳам Қустантинияни фатҳ этишга уриниб кўрдилар. Улар ичида энг кўзга кўрингани ҳукмронлиги Кичик Осиёни қамраб олган Салжуқийлар давлати бўлди. Салжуқийлар султони Алпарслон (455-465 ҳ. / 1063-1072 м.) ҳижрий 464 (мелодий 1070) йили Малазгирт жангида Рум (Византия) императори Роман Диоген (Демон)ни мағлубиятга учратди, уни асирга тушириб, зиндонбанд қилди. Кейин уни салжуқийларга йиллик жизя тўлаб туришга рози бўлгани учун қўйиб юборди. Бу эса Рум давлатининг катта қисми салжуқий исломий давлатга бўйсунганини кўрсатади. Буюк Салжуқийлар давлати парчаланиб кетгач, ўрнига бир неча кичик салжуқий давлатлари пайдо бўлди. Кичик Осиёдаги Анадўли давлати ҳам улардан бири эди. У ўз салтанати ҳудудларини ғарбда Эгей денгизи соҳилларигача кенгайтиришга ва Рум империясини заифлаштиришга муваффақ бўлди.

Ҳижрий саккизинчи, мелодий ўн тўртинчи аср бошларида Анадўли салжуқлари ўрнини усмонийлар салтанати эгаллади ва Қустантинияни фатҳ этишга исломий уринишлар янгидан бошланди. Ушбу ҳаракатларнинг дастлабкиси Султон Боязид Йилдирим халифалиги даврида бўлиб ўтди ва унинг қўшинлари ҳижрий 796 йили (мелодий 1393) шаҳарни қамалга олди. Султон Боязид Византия императорини шаҳарни тинч йўл билан мусулмонларга топширишга кўндиришга уринди, лекин у айёрлик билан, жавобни пайсалга солиш йўлини тутди ва мусулмонларнинг Қустантинияга ҳужумини қайтариш учун Европадан мадад кучлари келишини кутди. Бу орада Амир Темур ўз қўшини билан усмонийлар давлати тасарруфидаги ерларга кирди ва шаҳарларни забт этишни бошлади. Шу боис Султон Боязид қамални тўхтатиб, ортга қайтишга ва Темурга қарши урушиш учун Қустантиния фатҳини кечиктиришга мажбур бўлди. Икки томон ўртасида 1402 мелодийда машҳур Анқара жанги бўлиб ўтди, унда Султон Боязид асирга олинди ва асирликда вафот этди. Бунинг натижасида Усмонийлар давлати вақтинча парчаланди ва бир муддат Қустантиния фатҳи ҳақида бош қотиришдан тўхталди.

Давлат аҳволи яна яхшилангач, Султон Мурод Иккинчи халифалиги даврида (824-863 ҳ. / 1421-1451 м.) жиҳод руҳи янгидан қайтди ва Қустантинияни фатҳ қилишга бир неча уринишлар бўлди. Унинг даврида усмонийлар қўшини шаҳарни бир неча бор қамал қилди. Бу уринишлар асносида Византия императори султоннинг мухолифларини қўллаб-қувватлаш билан усмонийлар ичида фитна чиқарди ва шу йўл билан уни мақсадидан буриб, ўзи билан овора қилиб қўйишга муваффақ бўлди. Усмонийлар орзуларига фақат Султон Муроднинг ўғли Муҳаммад Фотиҳ халифалиги давридагина эриша олдилар.

Муҳаммад Фотиҳ отаси ҳаётлигида ҳам салтанат бошқарувида иштирок этиб келарди. У кичиклигидан усмонийларнинг шу давргача Қустантинияни фатҳ этиш учун бот-бот уринишларидан яхши хабардор эди, исломий қўшинлар бир неча асрлардан бери бу шаҳарни қўлга кирита олмай келаётганини ҳам яхши биларди. Шу боис у  ҳижрий 855 (мелодий 1451) йили салтанат тахтига ўтирганидан бошлаб фикри-зикри Қустантинияни фатҳ этиш бўлди ва шу орзуда яшади.

У дин уламолари тарбияси остида Ислом ва Иймонга буюк эҳтиром, Қуръон ва Пайғамбар суннатларига амал қилишга муҳаббат руҳида улғайган эди. Шу боис Ислом шариатига изчил амал қилар, тавқо ва парҳезкорликни маҳкам тутар, илмни ва уламоларни яхши кўрар, уларни илм тарқатишга руҳлантирар эди[1].

Муҳаммад Фотиҳ болалигидан мусулмон уламолардан, айниқса, улуғ раббоний олим Аҳмад ибн Исмоил Гуронийдан кўп таъсирланган эди. Мулла Гуроний камолот васфларига соҳиб бир олим эди. У Султон Мурод Иккинчи даврида Муҳаммад Фотиҳга мударрис этиб тайинланган эди. У пайтда Муҳаммад Фотиҳ Маниса шаҳри амири эди. Отаси унга дарс бериш учун бир неча муаллим юборган, бироқ у уларнинг ҳеч бирига қулоқ солмас, ҳеч нарса ўқимас, ҳатто Қуръони Каримни хатм этмаган эди. Шундан сўнг Султон Мурод унинг тарбияси учун маҳобатли ва қаттиққўл бир муаллим истади. Унга Мулла Гуронийни тавсия этишди. Султон уни ўғлига муаллим этиб тайинлади ва қўлига бир таёқ бериб, агар буйруқларини бажармаса, аямасдан уришни буюрди. Мулла Гуроний қўлида таёқ билан шаҳзода ҳузурига кириб борди ва унга: “Отанг мени сенга таълим беришим учун юборди ва сўзимга кирмасанг, мана бу таёқ билан уришни буюрди”, деди. Шаҳзода Муҳаммад унинг бу сўзидан кулди. Шунда Мулла Гуроний уни таёқ билан аямай савалади. Бу калтакхўрликдан сўнг Муҳаммад Фотиҳ ундан ҳайиқадиган бўлди ва қисқа муддатда Қуръонни хатм қилди[2].

Дарҳақиқат, Султон Муҳаммад Фотиҳ ана шундай фазилатли олимлар қўлида тарбия олди. Хусусан, мазкур олим шариатга хилоф бирор хусусда султоннинг амрига ҳам қулоқ тутмасди, султон қаршисида эгилмасди, унга исми билан мурожаат этарди, у билан қўл бериб кўришарди, қўлини ўпмасди, аксинча, султон унинг қўлини ўпарди. Табиийки, бундай олим қўлида Фотиҳ Султон Муҳаммаддек буюк шахслар етишиб чиқади. Табиийки, унинг қўлида иймонли, шариатга муҳаббатли, шариатнинг буйруқ ва қайтариқларига бўйин эгадиган, Ислом ҳукмларини энг биринчи ўзига ва кейин қўл остидаги халқларга татбиқ этадиган, илмига амалли олимлардан дуо талаб қиладиган тақволи ва солиҳ инсон етишиб чиқади[3].

Султон Муҳаммад Фотиҳ шахсияти юксалишида Шайх Оқшамсиддиннинг ҳам буюк ҳиссаси бор. Оқшамсиддин унинг тарбиясига кичиклигидан бошлаб машғул бўлган ва унга асосан икки нарсани, аввало, Усмонийлар салтанатида жиҳод руҳини жонлантиришни ва, иккинчиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қустантиния, албатта, фатҳ этилажак, амири нақадар яхши амир ва қўшини нақадар яхши қўшин”, деган ҳадисларидаги амирдан у, яъни Султон Муҳаммад кўзда тутилганини уқтириб келар эди. Шу боис Фотиҳ Султон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу башоратларини амалга ошириш ва у зот томонларидан мақталган энг яхши амир бўлиш орзусида яшаб келарди.

[1] Али Ҳасун, “Тарихуд-давлатил-усмония” (42-бет).
[2] “Шақоиқи нўъмония” (52-бет).
[3] Али Ҳасун, “ Тарихуд-давлатил-усмония ” (43-бет).

Изоҳ қолдиринг