Аллоҳ суйган бандалар: Дўзахдан қўрқиш (8)

0

Саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг қўрқувлари

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга айтдилар: “Аллоҳ азза ва жалла мени сенга ушбу “Яҳуд, насоро ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар то уларга очиқ ҳужжат келгунича ўз куфрларини тарк қилувчи бўлмадилар” (Баййина, 1), деган оятни ўқиб беришимни амр этди”. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло менинг исмимни зикр қилдими?” деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Буни эшитган Убай ибн Каъб роса йиғлади” (Бухорий: 7/127, Муслим: 6/85 ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда оғриқ зўрайиб кетган пайтда намоз вақти бўлгани айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Абу Бакрга айтинглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин”, дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: “Абу Бакр кўнгли бўш одам, Қуръон ўқиса, йиғи босади (ўқиёлмай қолади)”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Абу Бакрга айтинглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Иброҳим ибн Абдурраҳмон ибн Авф айтади: “Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу рўза тутган эдилар, ифтор қилишлари учун у кишига таом олиб келинди. Шунда улуғ саҳобий: “Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу қатл қилинди, ҳолбуки, у мендан яхши эди. Кафанлашга эгнидаги тўнидан бошқа нарса топилмади. Боши ёпилса, оёғи очилиб қолди, оёғи ёпилса, боши очилиб қолди. Сўнг кенгчилик келди, биз кўп мол-дунёга эга бўлдик. Яхшиликларимиз шу дунёда берилган бўлишидан қўрқамиз”, деб йиғлаб юбордилар ва таомни ҳам емай туриб кетдилар” (Бухорий ривояти: 3/141).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг