Тавҳид ақидаси: Қонун чиқариш, ҳалол ёки ҳаром қилиш ҳаққини даъво қилиш

0

Бандаларнинг ибодатларини, ўзаро алоқаларини ва бошқа ишларини тартибга соладиган, шунингдек, улар ўртасидаги низоларга ажрим чиқарадиган ва хусуматларга барҳам берадиган ҳукмларни чиқариш фақат Аллоҳ таолонинг ҳаққидир: «Билингларки, яратиш ва буюриш Аллоҳга хосдир. Бутун мавжудотларнинг Рабби – Аллоҳ буюкдир» (Аъроф сураси, 54).

Бандаларининг ҳолига нималар яроқли бўлишини билувчи ва улар учун шунга кўра қонунлар чиқарувчи зот Унинг Ўзидир. Парвардигор бўлгани туфайли уларга қонунлар чиқаради, банда бўлганликларидан Унинг қонунларини қабул қиладилар, шунда уларга фақат манфаат бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ораларингизда бирор ишда келишмовчилик чиқса, агар Аллоҳга ва қиёмат кунига чин иймон келтирган бўлсангизлар, унинг ҳукмини Аллоҳ(нинг китоби)га ва пайғамбари(нинг суннати)га қайтаринглар. Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо сураси, 59).

Яна айтади: «Сизлар динингиз ишларида ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми Аллоҳга (қайтарилади ва У ким ҳақ, ким ноҳақ эканини ажратиб беради)» (Шўро сураси, 10).

Аллоҳ таоло бандаларнинг Ўзидан бошқани қонун чиқарувчи деб қабул қилишларини ноҳақ санади: «Балки улар  учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари бутлари бордир?!» (Шўро сураси,  21).

Демак, ким Аллоҳнинг қонунчилигидан бошқа қонунчиликни қабул қилса, Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлади. Аллоҳ ва Расули томонидан машруъ (жорий) қилинмаган ибодатлар барчаси бидъатдир ва ҳар қандай бидъат залолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади».[1] Бир ривоятда: «Ким бизнинг амру фармонимиз бўлмаган бирон ишни қилса, у рад этилади».[2]

Сиёсатда ва одамлар ўртасида ҳукм юритишда Аллоҳ ва Расули чиқармаган ҳар қандай қонун – тоғут ҳукмидир, жоҳилият ҳукмидир: «Жоҳилият ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким бор?!» (Моида сураси, 50).

Шунингдек, ҳалол ва ҳаромга чиқариш ҳаққи ҳам фақат Аллоҳга тегишли бўлиб, бирон кимса бу ҳақларда У зотга шерик бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Сўйишда Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган ҳайвонлар гўштини еманглар! Зеро, бундай қилиш Аллоҳнинг тоатидан чиқиш демакдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни одамий шайтонларни) сизлар билан талашиб-тортишишлари учун шубҳага туширадилар. Агар уларга итоат қилсанглар, шубҳасиз, мушриклардан бўлиб қоласизлар» (Анъом сураси, 121).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло У ҳаром қилган нарсаларни ҳалол санайдиган шайтонларга ва уларнинг дўстлари бўлмиш инсоний шайтонларга итоат қилишни Ўзига ширк келтириш деб атади. Худди шунга ўхшаш, кимда-ким олимларга ва бошлиқларга Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром дейишларида ё Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол билишларида итоат қилса, уларни ўзига илоҳ тутган бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларининг олимлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни худо қилиб олишди. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар. Фақат Унинг Ўзи ҳақ илоҳ, ундан бошқа маъбуд йўқ. У зот улар уйдираётган бўҳтонлардан покдир» (Тавба сураси, 31).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оятни Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳуга ўқиб берганларида у: «Ё Расулуллоҳ, биз уларга ибодат қилмас эдик-ку», деди. У зот: «Сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол дейишса, ҳалол, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром дейишса, ҳаром санар эдингиз, шундай эмасми?!» деб сўрадилар. «Ҳа, шундай», деганида: «Мана шу уларга ибодат қилишдир», дедилар.[3]

Ҳалол-ҳаром қилишда Аллоҳни қўйиб, уларга итоат этиш айни ибодат ва ширк бўлди. Бу эса «Якка Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ» деб гувоҳлик берувчи тавҳидга зид келувчи катта ширкдир. Зеро, ушбу шаҳодат маъносига кўра, ҳалол ва ҳаром қилиш фақат Аллоҳ таолонинг ҳаққидир. Агар олим ва обидларга Аллоҳнинг шариатига терс равишда ҳалол ва ҳаром қилишларида итоат этган одам ҳақида гап шундай бўлса – ваҳоланки, олим ва обидлар илм ва динга яқин бўлишади, баъзан нотўғри ижтиҳод туфайли хатога йўл қўйиб, бунинг учун битта ажрга эга бўлишлари ҳам мумкин – энди кофир ва динсизлар тарафидан яратилиб, мусулмон мамлакатларига юборилаётган, мусулмонлар ўртасида у билан ҳукм қилинаётган қонунлардаги ҳукмларни Аллоҳнинг қонунларидан устун қўювчи одамлар ҳақида нима дейиш мумкин?!

[1] Бухорий ва Муслим ривоятлари.
[2] Муслим ривояти.
[3] Термизий, Ибн Жарир ва бошқалар ривояти.

Изоҳ қолдиринг