Чақалоққа оид ҳукмлар (8)

0

ОЛТИНЧИ БОБ

Ақиқа ва унинг аҳкомлари ҳақида

Биринчи бўлим: Ақиқанинг машруъ бўлиши

Имом Молик: «Бу бизнинг наздимизда ихтилофи бўлмаган амалдир», деди[1]. Яҳё ибн Саид Ансорий эса: “Ўғил ва қизларида ақиқани тарк қилмаган жамоатларни[2] кўришга муваффақ бўлдим”, деган. Ибн Мунзир айтади: “Бу ўтмишда ва ҳозирда ҳам Ҳижозда амал қилиб келинаётган иш бўлиб, у уламолар наздида жорийдир”. Имом Молик уларнинг наздида бу ихтилофли иш эмаслигини зикр қилгандан кейин: «Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар ва уммул-мўминин Ойша розияллоҳу анҳумлар ақиқа қилишни машруъ деб биладиганлар жумласидандир», деган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо, Бурайда Асламий, Қосим ибн Муҳаммад, Урва ибн Зубайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Зуҳрий ва Абу Зиноддан ривоятлар бизгача етиб келган. Имом Молик, Мадина аҳли, Шофеий ва у кишининг издошлари, Аҳмад, Исҳоқ, Абу Савр ва кўплаб илм аҳлидан бўлган уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашган ҳолда бу амал машруъ деган фикрда бўлганлар. Қачонки бирор суннат амал собит бўлса, у ҳақда сўзлаш вожиб бўлади, уни четлаб ўтганлар унга зарар етказа олишмайди. «Асҳоби раъй» (яъни, ҳанафийлар) эса ақиқанинг суннат амал эканини инкор қилишди, бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг асҳобларидан собит бўлган ҳамда тобеинлардан ривоят қилинган хабарларни инкор этишди”[3]. Иқтибос тугади.

Иккинчи бўлим: Уни макруҳ санаганларнинг ҳужжатлари

Айтадиларки, Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ақиқа борасида сўралганларида: «Ақиқани ёқтирмайман», деган эканлар[4]. Бунинг сабабини улар: «Чунки у аҳли китобларнинг ишларидан бўлгани учун», деб баён қилишди.

Яна, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яҳудийлар ўғил бола номидан ақиқа қилишади, қиз бола номидан ақиқа қилишмайди», деганларини Байҳақий зикр қилган[5]. Шунга кўра, у жоҳилиятда амал қилинган қурбонликлар сирасидан бўлиб, Ислом «атийра» ва «фараъ»ни бекор қилганидек, уни ҳам бекор қилган[6], дейишди.

Яна айтишдики, Имом Аҳмад ривоят қилган Абу Рофеъ розияллоҳу анҳунинг ҳадисида келишича, Ҳасан ибн Алининг онаси Фотима унинг номидан икки қўй сўйиб, ақиқа қилмоқчи бўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ақиқа қилма. Лекин сочини қириб олгин-да, сўнг у (соч)нинг вазни миқдорида кумуш садақа қил», дедилар. Сўнгра Ҳусайн туғилганда ҳам у худди шундай қилди[7].

[1]Қаранг: «Муватто» (2/502), «Ат-тамҳид» (4/304-321), «Шарҳул-кабир» (2/300), «Субулус-салом» (4/189-194).

[2]Яъни, саҳобалар жамоати (тарж.).

[3]Айтишдики: «Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ақиқанинг фарз ҳам, суннат ҳам эмаслигини маъқуллади. Бу хабарни у кишидан ва ақиқанинг бидъат эканини кўфийлардан «Тавзиҳ»нинг соҳиби нақл қилган».

Айний айтади: «Бу уйдирма гап бўлиб, уни Абу Ҳанифага нисбат бериб бўлмайди. У кишининг бундай дейиши эҳтимолдан узоқ. Балки, у киши буни “суннати собита” ёки “суннати муаккада эмас”, деган маънода айтган». Иқтибос тугади. Муҳаммад ибн Ҳасан айтади: «У ихтиёрий амаллардан бўлиб, мусулмонлар уни қилишар эди. Сўнг «Ийдул-Азҳо» қурбонлиги буни мансух (ҳукмини бекор) қилди. Бинобарин, ким буни қилишни хоҳласа, қилади, хоҳламаса, қилмайди» (тарж.).

[4]Насоий (7/162), Абу Довуд (2842), Аҳмад (2/182) ва Таҳовий «Мушкил»да (1/461) Довуд ибн Қайс Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган санадга кўра нақл қилишган. Молик эса «Муватто»да (2/500/1), Аҳмад (5/369) ва Байҳақий (9/300) Зайд ибн Асламдан, у Бану Замралик бир кишидан, у эса отасидан ривоят қилган санад бўйича келтиришган. Аммо санадида узилиш бор. Эҳтимол, Амрнинг ҳадиси бундан кўра саҳиҳроқдир. Насоий ривоятида эса: «Кимнинг фарзанди туғилиб, унинг номидан қурбонлик қилишни хоҳласа, ўғил боланинг номидан (ёшда ва кўринишда) тенг бўлган икки қўйни, қиз бола номидан эса бир қўйни қурбонлик қилсин», деган қўшимчани зиёда қилган. Суютий «Сунани Насоий»га ёзган ҳошиясида айтади: “Ҳадисдан ақиқа ишини таҳқирлаш ҳам, унинг вожиблигини кетказиш ҳам тушунилмайди, балки у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг «ақиқа» деб номланишини ёқимсиз санаганлари, «қурбонлик», «забиҳа» деганга ўхшаш бундан кўра чиройлироқ ном билан аташни хоҳлаганларини билдиради”.

[5]Санади заиф. Баззор (2/72) ва Байҳақий (9/301-302) Абу Ҳафс Солим ибн Тамим отасидан, у Абдураҳмон ибн Аъраждан, у эса Абу Ҳурайрадан келтирган санад орқали ривоят қилганлар. Айтаманки: “Унинг санадидаги шоир Абу Ҳафс ҳам, унинг отаси ҳам мажҳул (нотаниш) кишилардир”.

[6]Насоий (7/167), Термизий (1512) ва Ибн Можа (3168) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фараъ қилиш ҳам, атийра қилиш ҳам (шариатимизда) йўқ», дедилар. Фараъ – туянинг илк туққан боласи бўлиб, уни олиҳаларига атаб сўйишар, мусулмонлар бу ишдан қайтарилган эдилар. Атийра деб эса, ражаб ойида сўйиладиган қўй қурбонлигига айтилган.

[7]Аҳмад (6/392) ва Табароний «Ал-Кабир»да (917, 2576) Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ақилдан, у Али ибн Ҳусайндан, у эса Абу Рофеъдан ривоят қилган санадга кўра келтирганлар. Ҳайсамий «Мажмаъ»да (9/57): «Санади ҳасан» деган. Айтаманки: “Унинг санадида Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ақил бор. У – Ҳофиз Ибн Ҳажар «Тақриб»да айтганидек – ҳаётининг охирига келиб ўзгариб қолмагунча ҳадислари борасида «содуқ» – самимий ровий ҳисобланган”.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг