Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (8)

0

Аллоҳ таоло айтади: «Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини эсланг. Ўшанда унга қавмнинг қўйлари кириб, уни пайҳон қилган эди. Биз улар чиқарган ҳукмга шоҳид эдик. Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳикмат ва илм ато этдик» (Анбиё: 78-79). Сулаймонни фаҳм-англаш билан хослади ва ҳар иккисини ҳикмат ҳамда илм билан мақтади.

«Саҳиҳайн»да Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб тўғри топса, унга икки ажр, агар ижтиҳод қилиб, хато қилса, унга бир ажр бор», дедилар[1].

Бундан мужтаҳид хато қилса, унга бир ажр борлиги маълум бўлди. Бу унинг ижтиҳоди туфайли бўлиб, хатоси кечирилгандир. Чунки барча ҳукмлардаги тўғриликни билиш жуда қийин ёки умуман имкони йўқ.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ бу динда сизларга бирон ҳараж-машаққат қилмади» (Ҳаж: 78); Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185).

«Саҳиҳайн»да келади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандақ йили асҳобларига: «Бирон киши асрни Бану Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин», дедилар, йўлда эканларида аср намози вақти кирди, шунда баъзилар: «Бану Қурайзадан бошқа жойда ўқимаймиз», дейишди, баъзилар эса: «У буйруқдан мурод бу эмас эди», деб, асрни йўлда ўқишди. У зот ҳар икки тоифани айбламадилар»[2].

Аввалги тоифа буйруқнинг умумини ушлаб, намоз вақти ўтиб кетиши суратини ҳам умум ичига киритдилар, иккинчи тоифада эса бу суратни умумдан ташқарида бўлишини вожиб қиладиган далил бор эди, яъни буйруқдан кўзда тутилган нарса Бану Қурайзага қараб шошилиш эди. Бу ҳол фуқаҳолар “умум қиёс билан хосланадими?” деб ихтилоф қилган машҳур масаладир. Аслида, йўлда ўқиганларнинг иши тўғрироқ эди.

Шунингдек, Билол розияллоҳу анҳу икки соъ (паст навли хурмо)ни бир соъ (аъло навли хурмо)га алиштирганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қайтариб беришга буюрдилар[3], лекин бунинг ҳаромлигини билмагани боис Билолга судхўрлик, фосиқлик, лаънатга сазоворлик ҳукми берилмади.

Шунингдек, Адий ибн Ҳотим ва саҳобалардан бир гуруҳи Аллоҳ таолонинг: «То тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар» (Бақара: 187) ояти маъносини ҳақиқий оқ ва қора ип деб тушуниб, улардан бири оёғига оқ ва қора ипни боғлаб олиб, то уларнинг ранги фарқланадиган вақтгача еб-ичганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Адийга: «Бу дегани кундузнинг оқлиги билан кечанинг қоралиги эди»[4], деб, каломнинг маъносини тушунмаганига ишора қилганлар, лекин бу феъллари учун – гарчи рўзани бузиш оғир гуноҳлардан саналса-да – Рамазонда оғзини очган кишига бўлган мазамматни қилмаганлар.

Аммо совуқ кунда боши ёрилган киши эҳтилом бўлиб қолганида унга ғусл вожиб деб фатво беришгач, у ғусл қилиб ўлиб қолганида: «Уни ўлдиришибди, Аллоҳ уларни ўлдирсин, билишмаса сўрашмайдими ахир, илмсизликнинг давоси сўраш-ку!» деганлар[5]. Чунки улар илм аҳлидан бўлмаганлари учун ижтиҳодсиз хато қилган эдилар.

 Шунингдек, Усома ибн Зайд Ҳуруқот ғазотида «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини ўлдириб қўйганида[6] унга на қасос, на товон пули, на каффоратни тайин қилдилар. Чунки у ҳалиги одамнинг мусулмонлигини ҳақиқий деб ҳисобламагани учун уни ўлдиришни жоиз деб эътиқод қилган, ваҳоланки, уни ўлдириш ҳаром эди. Тажовуз аҳли (боғийлар) ўринли таъвил билан (яъни кофир бўлди деган шубҳа билан. тарж) адолат аҳлинининг қонини тўкишни ҳалол санашганида салаф ва жумҳур фуқаҳолар шунга амал қилдилар, яъни уларни (яъни адолат аҳлини) ўлдириш ва уларга қарши жанг қилиш аслида ҳаром бўлса-да, тажовузкорларга на қасос, на товон пули, на каффоратни тайин қилдилар.

Ваъид-таҳдидга лойиқ бўлиш учун зарур бўлган мазкур шарт ҳар бир хитобда зикр қилинишга муҳтож бўлмайди, чунки қалбларда у ҳақда илм бор. Худди шунингдек, амалга ажр берилиш ваъдасида уни Аллоҳ учун холис қилиш ва муртадлик билан амални бекор қилиб қўймаслик шарт қилинади, кейин эса бу шарт ажр ваъдаси бор бўлган ҳар бир ҳадисда зикр қилинавермайди.

Кейин ваъидни (таҳдидни) вожиб қилувчи сабаб бор бўлган тақдирда ҳам бир ёки бир неча монелар туфайли ҳукм ўзгариши мумкин. Ваъид етишини тўсувчи монелар бир нечта бўлиб, тавба, истиғфор, гуноҳларни ўчириб юборувчи яхши амаллар қилиш, ҳаётда етадиган бало ва мусибатлар, шафоатчининг шафоати, раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зотнинг раҳмати шулар жумласидан. Агар мана шу сабабларнинг ҳеч бири топилмаса, – у фақат кибру ҳаво қилувчи, туғёнкор ва Аллоҳдан худди эгасидан қочган туядек қочадиган кимсаларда топилмайди, – шундагина унга ваъид етади.

 

[1] Бухорий (7351), Муслим (1716) ривоятлари.
[2] Бухорий (4119), Муслим (1770) ривоятлари.
[3] Бухорий (2312), Муслим (1594) ривоятлари.
[4] Бухорий (1917), Муслим (1091) ривоятлари.
[5] Абу Довуд (336) ривояти.
[6] Бухорий (4269), Муслим (96) ривоятлари.

Изоҳ қолдиринг