Сафарда намозларни қаср қилиб ўқиш боби

0

Қаср – тўрт ракаатли фарз намозларни икки ракаат қилиб қисқартириб ўқиш. Улар пешин, аср ва хуфтон намозларидир. Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ шом ва бомдод намозлари қаср қилинмаслигида уламолар якдил бўлишганини айтган. Намозларни қаср қилишга сабаб фақат сафардир. Қисқартириб ўқишга бошқа сабаб йўқ. Негаки, бу ҳукм мусофирга раҳм-шафқат сифатида жорий қилинган енгилликлардан биридир.

Бир юз йигирма тўққизинчи ҳадис

 

عَنْ عَبْدِ الله بْن عُمَرَ رضىَ الله عَنْهُمَا قال: “صَحِبْتُ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم فَكانَ لاَ يَزِيدُ في السَّفَرِ عَلىَ رَكْعَتَيْن، وَأبا بَكْرٍ وَعُمَرَ وَعُثْمانَ كَذلِكَ”.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ бўлдим. У зот сафарда икки ракаатдан кўп намоз ўқимас эдилар. Абу Бакр, Умар, Усмон розияллоҳу анҳум ҳам худди шундай қилар эдилар”, (Бухорий, 1102 ва Муслим, 694).

Шарҳ

Абдуллоҳ ибн Умар Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумга сафарда ҳамроҳ бўлганини зикр қилиб айтадики,  уларнинг ҳар бири сафарда тўрт ракаатли фарз намозларни икки ракаатдан оширмай, қаср қилиб ўқир эдилар.

Уламолар ихтилофи

Уламолар сафарда намозларни қаср қилиб ўқиш фарз ёки мустаҳаб бўлган енгилликлардан бири эканида ихтилоф қилишган.

Уч имом Имом Молик, Имом Шофеий ва Имом Аҳмад сафарда намозни тўлиқ ўқиш жоиз, лекин қаср қилиш афзал, деган фикрни билдиришган.

Имом Абу Ҳанифа сафарда намозларни қаср қилиб ўқиш фарз деган ва бу фикрни Ибн Ҳазм ҳам қўллаб-қувватлаб: “Мусофир тўрт ракаатли фарз намозларни икки ракаат қилиб ўқиши фарз”, деган.

Сафарда намозларни қаср қилиб ўқиш фарз, деган уламолар ўз фикрларига Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сафарларида давомли равишда намозларни қисқартиб ўқиганларини далил қилишган.

Уларнинг бу далилларига қуйидагича жавоб берилган: “Маълумки, жумҳур (кўпчилик) уламолар наздида Пайғамбаримиз иш-ҳаракатларининг ўзигина бир амални фарзлигига далолат қилмайди”.

Шунингдек, қаср қилиш фарз деган уламолар “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”, яъни “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳул Муслим”да Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни далил сифатида келтиришган. Унда шундай дейилади: “Дастлаб намоз икки ракаат қилиб фарз қилинди. Сафарда шу ҳолича қолдирилиб, муқимликда (тўрт ракаат қилиниб) тўлиқ этилди[1].

Мазкур ҳадисга ҳам бир қанча жавоблар билан раддиялар берилган. Улар орасида энг яхши жавоб шуки, бу Ойша онамизнинг сўзи бўлиб, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилмаган. Ваҳоланки, Ойша онамиз намоз фарз қилинган вақтда бунга гувоҳ бўлмаганлар.

Жумҳур уламолар сафарда намозни қаср қилиш вожиб эмас, деган фикрларига келтирган далилларидан бири Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи: “Сафар қилиб бошқа ерларга борганингизда, агар кофирлар фитнасидан қўрқсангиз, намозингизни қаср қилиб ўқишингизнинг гуноҳи йўқдир” (Нисо сураси, 101-оят). Оятда “гуноҳи йўқдир” дейилиши бу ишга рухсат берилганини, унинг қатъий буйруқ эмаслигини ифодалайди. Қолаверса, аслида (ҳар қандай ҳолатда) намозларни тўлиқ ўқиш керак. Оятда “…намозингизни қаср қилиб ўқишингизнинг”, деб айтилмоқда. Маълумки, қаср қилиш (қисқартириш) деб ўзидан узун нарсани қисқартиришга айтилади. Демак, аслида сафарда ҳам намоз тўлиқ ўқилади. Лекин шариатимиз белгилаган сабаб вужудга келса, қаср қилишга рухсат берилади. Шунингдек, Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сафарда намозларни тўлиқ қилиб ҳам, қаср қилиб ҳам ўқир, гоҳида рўза тутиб, гоҳида рўза тутмасдилар”. Ҳадисни Дорақутний ривоят қилиб, “Санади ҳасан”, деган.

Жумҳур уламоларнинг мазкур далилларига қуйидагича жавоб берилган: “Сизлар келтирган оят одатий намознинг қаср қилиш кўринишини эмас, балки хавф намозини қай кўринишда қаср қилишни баён этиш учун айтилган. Ойша розияллоҳу анҳодан нақл қилинган ҳадисга келсак, бир қанча уламолар уни заиф деб айтишган. Ҳатто Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ бу Росулуллоҳ номига тўқилган ёлғон ҳадисдир, деб айтган”.

Менинг фикримча, мусофир одам Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, шунингдек, буни фарз деган уламолар хилофига дохил бўлиб қолишдан қочиб, намозларни қаср қилиб ўқигани афзал. Қолаверса, сафарда намозни қаср қилиб ўқиш кўпчилик уламолар наздида афзал саналади.

 “Ал-ихтиёрот” китобида Шайхулислом Ибн Таймия сафарда намозни тўлиқ ўқиш макруҳ, дегани нақл қилинган. Шунингдек, Ибн Таймия Имом Аҳмад сафарда намозни тўлиқ ўқиган кишининг намози дурустлиги борасида аниқ бир фикр айтолмаслигини нақл қилган.

Шайх Тақийюддин айтади: “Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам, шунингдек, у зотдан сўнг Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо сафарда намозларни икки ракаатдан ўқиганлари ҳақида келган ҳадислар мутавотир даражасига етган. Бу  эса жумҳур уламолар айтганидек, сафарда намозни икки ракаат қилиб ўқиш афзал эканини билдиради”.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Шариатимиз сафарда тўрт ракаатли намозларни икки ракаат қилиб, қаср ўқишни жорий қилган.

  2. Сафарда намозларни қаср қилиб ўқиш Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафои рошидинларнинг йўли-суннатидир.

  3. Қаср қилиш ҳукми умумий бўлиб, ҳаж, жиҳод ва ҳар қандай тоат-ибодат мақсадида чиқилган сафарларга тегишли бўлади. Уламолар мубоҳ ҳисобланган сафарларни ҳам шулар қаторига киритишган. Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Жумҳур уламолар ҳар қандай мубоҳ сафарда намозни қаср қилиш жоиз, дейишган. Баъзи уламолар маъсият мақсадида қилинган сафарларда қаср қилишни жоиз эмас, деб айтишган. Тўғрироқ фикрга кўра, қаср қилиш барча мусофирга бирдек берилган умумий рухсат-енгилликдир”.

  4. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибонлиги, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шариатнинг бағрикенглигидан бандаларга тоат-ибодатларни енгиллаштириб қўйди. Сафар машаққат-қийинчилик ўрни бўлгани сабабли бандаларга сафарда намозларни қаср қилиб ўқишга рухсат берилди. Агар душман билан жанг қилиш туфайли сафарда қийинчилик янада кучайса, намознинг баъзи шартлари ҳам енгиллатилди.

  5. Мазкур ҳадисда айтилган сафар умумий бўлиб, узоқ сафар бўлиши керак деб қайдланмаган. Ҳадис умумийлигича, ҳеч қандай қайдсиз қолиши афзал. Бинобарин, сафар деб номланадиган барча сафарларда мазкур рухсатдан фойдаланиш жоиз бўлади. Чунки сафарни маълум бир муддат ёки маълум бир масофа билан қайдлаш ҳақида бирор далил келмаган.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Шариатимиз сафарга муайян ҳад-ҳудудларни (яъни масофасини, муддатини, сабабини) тайин қилмаган, луғатда ҳам унинг чегараси белгиланмаган. Шу сабабли бу масалада урф-одатга қаралади. Урф-одатда сафар деганда нима тушунилса ўша сафар ҳисобланади”.

[1] Бухорий, 350 ва Муслим, 685.

Изоҳ қолдиринг