Сийрат: Каъбанинг қайта қурилишида иштирок этишлари

0

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўттиз беш ёшда эканларида Қурайш Каъба биносини янгилашга қарор қилди. Унинг деворлари ёнғин ва сел каби офатлардан нураб, дарз кетган эди. Каъба Иброҳим алайҳиссалом замонларидан бери бир хилда, одам бўйидан баландроқ қилиб тошлардан қурилган ҳолатида турарди. Қурайшликлар уни бузиб, қайта қуришга ва томини ёпишга келишдилар. Бироқ, ҳайбати дилларида чуқур ўрин олгани боис уни бузишга қўрқдилар ва ҳеч ким унга чўкич уришга ботинолмади. Шундан сўнг Валид ибн Муғийра Махзумий бу ишни бошлаб берди. У чўкични қўлига олиб: «Парвардигор, биз йўлдан озмадик, ниятимиз фақат яхшилик», деди ва икки рукн ўрнашган томонни бузишга киришди.

Бошқалар бир кеча кутишга, агар Валидга бир гап бўлса, Каъбани бузмасдан, яна эски ҳолига қайтариб қўйишга, агар унга ҳеч нарса қилмаса, бу ишимиз Аллоҳга маъқул келибди деб ишни давом эттиришга қарор қилишди. Эртаси тонгда Валид келиб, ишини келган жойидан давом эттира бошлади. Одамлар унга ҳеч нарса қилмаганини кўрганидан кейингина ишга киришдилар. Улар Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдеворгача бузишди. Кейин қурилиш бошланди. Қурайш Каъбани қисмларга бўлиб олиб, ҳар бир уруғ ўзига тегишли қисмни тиклашга киришди. Қабила бошлиқлари ва обрўли кишилар ҳам тош ташиш ва девор тиклашда шахсан иштирок этишди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам амакилари Аббос билан бирга Каъбанинг қурилишида иштирок этдилар. Икковлари тош ташир эканлар, Аббос у зотга изорларини елкаларига қўйиб олсалар, тош ботиб оғритмаслигини айтди ва у киши шундай қилишга чоғланганларида бирдан йиқилиб, кўзлари тепага қараб қолди, сўнг ўзларига келиб, шошилиб: “Изорим, изорим”, дедилар ва изорларини белларига маҳкамлаб олдилар[1] (изор – белдан пастига ўраб олинадиган либос).

Каъба қурилиши Ҳажарул-асвад (қора тош) ўрнига етганида, уни жойига қўйишга ким ҳақлилиги хусусида тортишиб қолишди ва ҳар бир қабила бу шарафли ишга ўзини лойиқ деб кўрди. Вазият таранглашиб, иш урушга айланиб кетишига бир баҳя қолди. Абу Умайя ибн Муғийра қонли низонинг олдини олди. У масжид эшигидан биринчи кириб келган кишини ўзларига ҳакам қилишни таклиф этди. Қурайш бу таклифга рози бўлди. Аллоҳнинг хоҳиши билан биринчи кирган одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлдилар. Қавм у кишини кўришлари билан: «Бу Муҳаммад, бу Амин (ишончли киши), биз унинг ҳукмига розимиз!» деб хитоб қилишди. Бўлиб ўтган гаплардан хабар топгач, у зот бир ридо келтиришларини сўрадилар ва Ҳажарул-асвадни унинг устига қўйдилар. Сўнг ҳар бир қабила вакиллари ридонинг четларидан ушлаб кўтаришини буюрдилар. Ҳаммалари биргаликда кўтариб, қора тошни олиб келганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз қўллари билан жойига қўйдилар.

Улар Каъба қурилишига фақат ҳалол молларидан ажратишга, фоҳишаликдан, рибодан ҳамда бировга зулм қилиб топилган маблағдан ишлатмасликка қарор қилишган эди. Қурайшнинг қурилишга ажратган маблағи камлик қилиб қолгач, улар Каъбанинг тахминан олти зироъ (газ) жойини қурилишдан чиқариб ташладилар ва Каъбадан эканига аломат бўлиши учун уни пастак девор билан ўраб қўйдилар. Мазкур қисм Ҳижр номини олди. Каъбага фақат ўзлари хоҳлаган кишиларни киритиш мақсадида, шунингдек, ичига ёмғир сувлари кириши олдини олиш учун эшикни нарвон орқали чиқиладиган қилиб, ердан анча баландга ўрнатдилар. Каъбанинг баландлиги ўн саккиз зироъга етгач, олтита устун ўрнатиб, томини ёпдилар.

Ибратлар ва фойдалар

1) Каъба асрлар мобайнида тўрт бор қайта қурилгани маълум.

Илк бор уни Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан биргаликда қурганлар.

Иккинчи бор, юқорида айтиб ўтганимиздек, Қурайш томонидан бузиб, қайта қурилиши бўлди. Бу қурилишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам қатнашдилар.

Учинчи марта, Язид ибн Муовия даврида (ҳижрий 64 йили) қайта қурилган. Ўшанда Абдуллоҳ ибн Зубайр Язид билан жанг қилганида Каъба манжаниқдан отилган тошлардан бузилиб, ёниб кетганди. Абдуллоҳ ибн Зубайр уни қайтадан тиклади, Қурайш Каъбадан чиқариб ташлаган олти зироъ ерни ҳам унга қўшди ва бўйини ҳам ўн газ баланд қилиб кўтарди. Биридан кириб, бошқасидан чиқишлари учун иккита эшик қилди. Бундай қилишига Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадис сабаб бўлган эди. Ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Ойша, агар қавминг жоҳилиятдан яқиндагина қутулган бўлмаганида Каъбани бузишга буюриб, унинг чиқиб кетган жойини қўшиб, шарқ ва ғарб томондан ер баробар икки эшик очиб, Иброҳим алайҳиссалом бунёд этган пойдеворга етказар эдим»[2], дедилар.

Тўртинчи марта, Абдулмалик ибн Марвон даврида Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий Каъбани бузиб, Қурайш қурган ҳолатига қайтарди[3]. Абдуллҳ ибн Зубайр ўлдирилганидан сўнг Ҳажжож халифага мактуб йўллаб, Абдуллоҳ ибн Зубайр Каъбани асл кўринишидан ўзгартириб юборганини шикоят қилди ва уни қайта қуришга ундан рухсат олди.

2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг омонатдорликлари Қурайшни Ҳарамда уруш қилиш балосидан сақлаб қолди. Ҳамма у зотга ва у зотнинг берган ечимларига рози бўлди. Зеро, у зот ҳеч кимга зулм этмайдиган ва ҳеч кимга тарафкашлик қилмайдиган омонат соҳиби эдилар.

3) Каъбани қайта қуриш ҳодисаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қурайшликлар ичида тутган обрўларини кўрсатиб берди. Ушбу ҳодисада у зот учун икки шараф ҳосил бўлди: бири тортишувга чиройли ечим топиш ва қурайшликлар ўртасида чиқиши мумкин бўлган урушнинг олдини олиш шарафи, иккинчиси эса ҳамма интилган, аммо Аллоҳ уни ўз Пайғамбари қўлида амалга ошишини истаган Қора тошни Каъба деворига муборак қўллари билан ўрнатиш шарафи эди.

4) Мусулмон киши Каъбанинг қайта қурилиши ҳодисасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларидаги илоҳий муҳофаза ва раббоний тавфиқнинг мукаммал кўринишини топади, Аллоҳ таоло пайғамбарини муаммоларни энг тўғри ва энг осон йўл билан ечишга беназир қобилият билан сийлаганини кўради. Бу нарсани у зотнинг бутун ҳаётлари давомида кўришингиз мумкин, у зотнинг рисолатлари ҳақиқатларни имкон қадар осон йўллар билан етказиш ва муаммоларни иложи борича енгил йўл билан ҳал этиш эди.

[1] Бухорий (1582) ривояти.
[2] Бухорий (1586) ривояти.
[3] Бутий, “Ас-сийратун набавия” (57-58-бетлар).

Изоҳ қолдиринг